Меҳнат муҳофазаси тегишли қонун ва норматив ҳужжатлар асосида амал қилувчи, меҳнат жараёнида ходим хавфсизлиги, саломатлиги ва иш қобилиятини таъминлашга қаратилган ижтимоий, иқтисодий, ташкилий, техникавий, санитария-гигиена ва даволаш-профилактика тадбирлари ҳамда воситалари тизимидан иборат.
Меҳнат ҳуқуқида меҳнат муҳофазаси атамаси кенг ва тор маъноларда ишлатилади. Кенг маънода: ишга қабул қилишдан асоссиз бош тортишни тақиқловчи, ходимларни ишдан бўшатиш ва бошқа ишга ўтказишни чекловчи, иш вақти чегараларини белгиловчи ҳамда бошқа кўплаб қулай меҳнат шароитлари яратилишига қаратилган йўналишлар киради.
Тор маънода: ходимлар учун хавфсиз ва соғлом меҳнат шароитлари яратиш, техника хавфсизлиги ва ишлаб чиқариш санитариясини таъминлаш тушунилади.
Техника хавфсизлиги ва ишлаб чиқариш санитарияси деганда ишлаб чиқаришни зарарли омиллари таъсирини бартараф этишга қаратилган ташкилий тадбирлар ва техникавий воситалар тизими назарда тутилади.
Меҳнат муҳофазасига оид қонунлар мулкчилик шаклидан қатъи назар, барча корхона ва ташкилотларга, кооперативлар, деҳқон-фермер хўжаликларида ёлланиб ишлаётган ёки аъзо бўлган ҳолда меҳнат қилаётган барча фуқароларга, ишлаб чиқариш амалиёти даврида корхоналарга жалб этилган ўқувчилар ва талабаларга, корхонадаги ишларга жалб этилган ҳарбий хизматчиларга, муқобил хизматни ўтаётган шахсларга, шунингдек давлат ва жамият манфаатларини кўзлаб амалга ошириладиган бошқа ишларга жалб этилган барча фуқаролар меҳнатини муҳофазалашга нисбатан тадбиқ этилади.
Меҳнат кодексининг 212-моддасига кўра, «Ходим меҳнатни муҳофаза қилиш нормаларига, қоида ва йўриқномаларига, шунингдек маъмуриятнинг ишни бехатар олиб бориш ҳақидаги фармойишларига риоя қилиши, олинган шахсий воситалардан фойдаланиши, инсонлар ҳаёти ва соғлигига бевосита хавф соладиган ҳар қандай ҳолат ҳақида, шунингдек иш жараёнида ёки у билан боғлиқ ҳолда содир бўлган ҳар қандай бахтсиз ҳодиса ҳақида ўзининг бевосита раҳбарини (бригадири, устаси, участка бошлиғи ва бошқаларни) дарҳол хабардор қилиши шарт».
Меҳнатни муҳофаза қилишга оид талабларга қатъий амал қилиш ходимнинг бурчи бўлиб, унга риоя этмаслик интизомий жавобгарликка ва интизомий жазо қўлланишига сабаб бўлади. Меҳнатни муҳофаза қилишга оид талабларга риоя этилишини текшириб бориш ва зарур шарт-шароитлари билан таъминлаш иш берувчининг мажбуриятлари сирасига киради.
Меҳнатни муҳофаза қилиш мақсадлари учун давлат маблағлари ажратилади ҳамда улардан тўлиқ ва мақсадга мувофиқ фойдаланилиши давлат ҳамда жамоатчилик йўли билан назорат қилинади. Корхона томонидан меҳнатни муҳофаза қилиш учун ажратилган маблағлардан тўлиқ ёки мақсадга мувофиқ фойдаланмаслик давлат ва молия интизомини қўпол равишда бузиш деб баҳоланади.
Корхоналарда ходимлар иш берувчилар ҳисобидан бахтсиз ҳодисалардан ва касб касалликларига чалинишдан мажбурий суғурта қилиб қўйилади. Меҳнат муҳофазасига оид умумий ва махсус қоидалар Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси, “Меҳнат муҳофазаси тўғрисида”ги Қонунда, «Аҳоли соғлигини сақлаш тўғрисида»ги, “Санитария назорати тўғрисида”ги, “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги ва бошқа Қонунларда, улар асосида ишлаб чиқилган меъёрий ҳужжатларда белгилаб қўйилган.
Ходимларнинг айрим тоифаларига мансуб бўлган шахсларнинг (аёллар, ўсмирлар ва бошқалар) меҳнатни муҳофаза қилиш масалалари уларга доир бўлган махсус қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.
Do'stlaringiz bilan baham: |