МЕҲНАТ ҚОБИЛИЯТИ ПАСАЙГАН ВА НОГИРОН ШАХСЛАР МЕҲНАТИНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ
Ўзбекистон Республикаси меҳнат қонунчилиги ногиронлар, қариялар ва меҳнат қобилияти пасайган шахсларни қўллаб-қувватлашни назарда тутади. Ана шу мақсадда ушбу тоифадаги фуқаролар учун бир қатор янгилик ва имтиёзлар назарда тутилган.
Жумладан, Меҳнат кодексининг 220-моддасида айтилишига кўра:
1. Иш берувчи, меҳнат биржаси томонидан белгиланган квота ҳисобидан ишга жойлаштириш тартибида йўллаган ногиронларни иш жойларига қабул қилишга мажбурдир.
2. ТМЭКнинг ногиронларга тўлиқсиз иш вақти режими ўрнатиш, уларнинг вазифасини камайтириш ва меҳнатнинг бошқа шартлари ҳақидаги тавсиялари иш берувчи томонидан бажарилиши шарт.
3. I ва II гуруҳ ногиронларига меҳнатга ҳақ тўлаш камайтирилмаган ҳолда иш вақтининг ҳафтасига ўттиз олти соатдан ошмаган қисқартирилган муддати белгиланади.
4. I ва II гуруҳ ногиронларига ўттиз календар кундан кам бўлмаган муддат билан йиллик узайтирилган асосий таътил берилади.
5. Ногиронларни тунги вақтдаги ишларга, шунингдек иш вақтидан ташқари ишларга ва дам олиш кунларидаги ишларга жалб қилишга уларнинг розилиги билангина, башарти улар бундай ишлар тиббий тавсияларда тақиқланмаган бўлса, йўл қўйилади.
5. Шунингдек, Меҳнат кодексининг 150-моддасига мувофиқ иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил бериш кўзда тутилган. Унга кўра 1941-1945 йиллардаги уруш қатнашчиларига ва имтиёзлари жиҳатидан уларга тенглаштирилган шахсларга, ишлаётган I ва II гуруҳ ногиронларига ҳар йили ўн тўрт календар кунга қадар иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил бериш белгиланган.
4. Ишлаб чиқаришда юз берган бахтсиз ҳодисаларни
текшириш ва ҳисобга олиб бориш
Ишлаб чиқаришда бахтсиз ҳодисалар юз бериши сабабларини аниқлаш, уларни бартараф этиш, шунингдек меҳнат муҳофазаси қоидалари бузилиши туфайли меҳнат қобилиятини йўқотган ёки камайган ходимлар ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш мақсадида юз берган бахтсиз ҳодисаларни ўз вақтида, объектив ва ҳар томонлама текшириш, ҳисобга олиб бориш тартиби белгилаб қўйилган.
Меҳнат кодексининг 222-моддасида айтилганидек:
Иш берувчи ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни ўз вақтида текшириши ва ҳисобга олиб бориши шарт.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 6 июндаги 286-сонли қарори билан “Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ходисаларни ва ходимлар соғлиғининг бошқача тарзда шикастланишларни текшириш ва хисобга олиб бориш тўғрисида Низом тасдиқланган. Низом:
-суд ҳукмига биноан жазони ўтаётган фуқароларга ишлаб чиқаришдаги иш давомида;
-иш берувчиларга;
-пудрат ва топшириқ шартномалари бўйича фуқаролик-ҳуқуқий (контрактлар) битимлар асосида иш бажараётган шахсларга;
-табиат ходисалари ва техноген характеридаги фавқулодда ходисаларнинг оқибатларини тугатишда иштирок этаётган шахсларга;
-ёлланиб ишлаётган чет эл фуқароларига, башарти махсус халқаро шартномаларда ўзгача ҳолат кўрсатилмаган бўлса;
-ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ бўлмаган қурилиш, қишлоқ хўжалиги ва бошқа ишларни бажариш учун корхоналарга ишлашга юборилган ҳарбий хизматчиларга, шунингдек, муқобил хизматни ўтаётган шахсларга;
-корхонада ишлаб чиқариш амалиётини ўтаётган талабалар ва ўқувчиларга нисбатан тадбиқ этилади, текшириб кўрилади.
Низомга мувофиқ, корхона ҳудудида ҳамда унинг чегарасидан ташқарида меҳнат вазифаларини бажариш вақтида, шунингдек, ишлаб чиқариш манфаатларини кўзлаб қилинган ҳаракатлар натижасида юз берган ходисалар, корхона транспортида ишга келиш ва қайтиш вақтида йўлда, корхона территориясида (танаффус вақти ҳам шунга киради), шанбаликларни ўтказиш вақтида, ишлаб чиқариш объектларида юз берган авариялар, вахта усулида иш ташкил қилинган посёлка территорясида ёки смена тугаган, дам олиш вақтида, иш вақтида ўзининг шахсий транспортида, башарти бунга иш берувчи томонидан рухсат берилган бўлса, юз берган ходисалар иш берувчининг топшириғи бўйича транспортда ёки яёв келаётган ходим билан, шунингдек фаолияти хизмат кўрсатиш объектлари ўртасида қатнаш билан боғлиқ ходимлар билан иш вақтида юз берган, шанбаликлар вақтида унинг жойидан қатъий назар, оталикка олинган корхоналарга ёрдам кўрсатиш вақтида, ўз хизмат вазифаларини бажараётганда ходимга бошқа шахс томонидан иш вақтида етказилган тан жароҳати ва бошқалар бахтсиз ходисалар саналади. Корхона ҳудудида ва унинг ташқарисида меҳнат вазифасини бажараётганда юз берган жароҳатланиш, заҳарланиш, куйиш, чўкиш, электр токи ва яшин уриши, иссиқ ва совуқ уриши, портлаш, фалокат, иморат ва иншоотлар бузилиб кетиши, ҳайвонлар чақиши, тишлаши, сузиб олиши ва ҳоказолар текширилади ҳамда ҳисобга олинади.
Табиий ўлим, ўз-ўзини ўлдириш, жабрланувчи ўз соғлиғига қасддан шикаст етказилганлиги, шунингдек жабрланувчи жиноят қилаётган пайтда олган жароҳатлар каби ходисалар текширилмайди ва ҳисобга олинмайди.
Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодиса натижасида ходимнинг меҳнат қобилияти камида бир кунга йўқолса ёки тиббий хулосага мувофиқ уни бошқа енгилроқ ишга ўтказиш лозим бўлса, ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодиса махсус акт – Н-1 шаклидаги далолатнома тузиш йўли билан расмийлаштирилади. Иш берувчи текшириш тугаганидан сўнг 3 суткадан кечиктирмай жабр-анувчига ёки унинг манфаатларини ҳимоя қилувчи шахсга давлат тилида ёки жабрланувчи тушунадиган бошқа тилда далолатнома бериши шарт.
Бир вақтнинг ўзида икки ва ундан ортиқ ходим билан юз берган гуруҳий бахтсиз ҳодиса;
Ўлим билан тугаган бахтсиз ҳодиса;
Оқибати оғир бахтсиз ҳодисалар махсус тартибда текширилиши лозимлиги белгиланган.
Бундай бахтсиз ҳодисалар тўғрисида иш берувчи белгилаб қўйилган схемага мувофиқ дарҳол қуйидаги органларга хабар бериши шарт: а) давлат меҳнат техника назоратчисига;
б) юқори турувчи хўжалик органига; в) Қорақалпоғистон Республикаси Меҳнат вазирлиги, вилоят (Тошкент шаҳар) меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоялаш бошқармасига;
г) Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигига;
д) «Ўзсаноатконтехназорат» агентлигига;
е) вилоят, Қорақалпоғистон Республикаси, Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашига.
Гуруҳий ўлим билан тугаган ва оқибати оғир бўлган бахтсиз ходисалар вилоят (Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри) меҳнат бошқармаси буйруғига кўра ташкил этиладиган комиссия томонидан текширилиб, Н-1 шаклидаги далолатнома тузилади.
Юз берган бахтсиз ҳодиса туфайли икки-тўрт киши вафот этганида Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги буйруғи билан комиссия ташкил этилади. Беш ва ундан ортиқ киши ўлимига сабаб бўлган бахтсиз ҳодиса Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тузилган комиссия томонидан текширилади. Махсус текшириш ўн беш кун ичида тамомланиши ва ходимга (унинг вакилига, қарамоғида бўлганларга) тегишли ҳужжатларни беради.
Махсус текшириш материаллари текшириш тугагач, 15 кун ичида прокуратурага ва бошқа тегишли органларга тақдим этилади. Ишлаб чиқаришда юз берган бахтсиз ҳодисани текшириш тартибини бузган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар қилинадилар.
Ишлаб чиқаришда юз берган бахтсиз ходиса тўғрисида тузилган Н-1 шаклидаги далолатномалар махсус журналга қайд этиб борилади, вақтинча меҳнатга яроқсизлик юзасидан маълумотлар статистик ҳисоботларда акс эттирилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |