Меҳнат ўзининг асосий ижтимоий функцияларида қуйидагича намоён бўлади:
эҳтиёжларни қондириш усули (бу меҳнатнинг биринчи ва энг муҳим функцияси бўлиб, инсоннинг ижтимоий турмуши ана шундан бошланади;
ижтимоий бойликнинг яратувчиси (бу шундай фаолиятки, унинг ёрдамида инсон ўз эҳтиёжларини қондиради, ўзи билан табиат ўртасидаги моддалар алмашинувини бевосита ифодалайди, тартибга солади, назорат қилади);
жамият ижодкори ва ижтимоий тараққиёт омили (меҳнат эҳтиёжларни қондириш ва бойлик яратиш билан бутун ижтимоий тараққиётга асос бўлади - жамиятнинг ижтимоий қатламларини ва уларнинг ўзаро ҳамжиҳатлиги асосларини шакллантиради);
инсоннинг яратувчиси (инсон кишилар ҳаётининг барча бойликларини яратиб, ижтимоий тараққиёт субъекти сифатида майдонга чиқади, умуман жамиятни меҳнатга жалб қилиб, ўз-ўзини ҳам ривожлантириб боради, билим ва касб малакаларини эгаллайди, муомала ва ўзаро ёрдам кўникмаларини шакллантиради);
инсониятга озодлик йўлини очиб берувчи куч (у одамларга ўз ҳатти-ҳаракатларининг барча узоқ табиий ва ижтимоий оқибатларини олдиндан ҳисобга олиш имконини беради). Бу функция худди олдинги функцияларга хотима ясайди, чунки айнан меҳнатда ва меҳнат ёрдамида жамият ўзининг ривожланиш қонуниятларини ҳам, табиат қонунларини ҳам билиб олади.
Фаннинг предмети - меҳнат жараёнида турли омиллар - техникавий, ташкилий, кадрлар ёки бошқа характердаги омиллар таъсири остида қарор топадиган ижтимоий-иқтисодий муносабатлардир.
Фан мақсади - ижтимоий-иқтисодий жараёнларни ўрганиш, таҳлил қилиш, тартибга солиш, бошқариш, режалаштириш ва истиқболини белгилашни ва уларни тартибга солишни ва бошқаришни башорат қилиш ва такомиллаштириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқаришдан иборат.
Меҳнат иқтисодиёти фанининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
меҳнатнинг жамият тараққиётидаги ўрнини ўрганиш;
меҳнатни, иш ҳақини ташкил қилиш тизимини, турларини, тамойилларни тадқиқ қилиш;
аҳоли ва меҳнат ресурсларини такрор ишлаб чиқаришни ҳамда уларнинг иш билан бандлиги даражасини меҳнат бозорининг фаолият кўрсатишига боғлаб таҳлил қилиш;
аҳолининг турмуш тарзи ва даромади даражасини меҳнат ҳақининг турли шакллари билан алоқадорлигини белгилаш;
меҳнат унумдорлигини ошириш омиллари ва заҳираларини аниқлаб, уларнинг ҳолатини таҳлил этиш, режалаштириш ва махсус дастурини ишлаб чиқиш;
корхона ходимларининг шаклланиши ва ривожланишини таҳлил этиш, режалаштириш ва бошқариш;
меҳнатга мослашишни енгиллаштириш, меҳнат ҳулқини яхшилаш, меҳнат ташкилоти тузилиши ва барқарорлигини таъминлаш, меҳнат фаолиятини рағбатлантириш;
меҳнат низоларининг олдини олиш, сабабларини ўрганиш, ҳал қилиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш;
меҳнат ташкилотлари ва жамиятда ходимларни ҳимоя қиладиган ижтимоий қадриятлар тизимини яратиш;
меҳнат соҳасида аниқ социологик тадқиқотларни ўтказиш;
ижтимоий меҳнат муносабатларини тартибга солишни такомиллаштириш.
Меҳнат муҳим умуминсоний категория бўлиб, тадқиқот ва такомиллаштириш объекти сифатида ҳар томонлама ўрганишни талаб қилувчи кўп қиррали тушунча ҳисобланади. Шунинг учун ҳам меҳнатнинг иқтисод ва унга боғлиқ фанлар билан алоқадорлигини ёритиш керак.
Бу фан билан меҳнат физиологияси ўртасидаги алоқадорлик шундаки, инсон меҳнат жараёнида муайян жисмоний ва асаб-руҳий қувват сарфлайди, натижада унинг организмида функционал ўзгаришлар рўй беради. Бу ўзгаришлар маълум бир чегарадан оширилмаган ҳолда аслига қайтиш хусусиятига эга бўлибгина қолмай, балки ҳаёт фаолияти учун чиниқтирувчи омил сифатида фойдали ва зарурдир. Чунки, фойдаланилмаган меҳнат лаёқати вақт ўтиши билан ўз кучини йўқотади.
Меҳнат жараёнида инсон организмидаги ўзгаришларни ўрганиш билан меҳнат физиологияси шуғулланади. Бу фан кишиларнинг жисмоний имкониятларидан оқилона фойдаланиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқади, меҳнат ва дам олишнинг физиологик жиҳатдан асосланган тартибини жорий этади, толиқишни камайтириш, техника ва технология ютуқларини қўллаш, шу орқали оғир жисмоний ва қаттиқ ақлий меҳнатни енгиллаштиришга ҳаракат қилади.
Меҳнатга психологик жиҳатдан меҳнатга онгли фаолият жараёни сифатида қаралади. Бунда инсоннинг психологик жиҳатлари, унинг меҳнат мақсади, мазмуни, предмети, қуроли ва услуби, шу билан биргаликда ҳамкорликда меҳнат қилаётган ўз шерикларига нисбатан муносабати ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Бу масалаларни ўрганиш билан меҳнат психологияси шуғулланади.
Меҳнатнинг ижтимоий моҳияти аввало унинг эркинлик даражаси билан тавсифланадики, бу ижтимоий муаммоларни ҳуқуқшунослик фанининг махсус тармоғи сифатидаги меҳнат ҳуқуқи билан узвий алоқадорликда тадқиқ қилишни тақозо этади. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси (37-моддаси) га мувофиқ:- Ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва қонунда қўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эгадир.
Меҳнат самарадорлигининг асосий шартларидан бири – бу ҳар бир ходимда меҳнат вазифасини бажариш учун етарли даражада билим ва малаканинг мавжудлигидир. Шу муносабат билан педагогика фанининг махсус тармоғи – меҳнат педагогикаси муҳим аҳамият касб этади. У ишчилар, мутахассис ва раҳбарларни ўқитишнинг ташкилий шакллари ва услубларини, янги илғор концепцияларни яратишга, уларни бевосита корхоналарда, махсус ва олий ўқув юртларида, ишлаб чиқарувчи фирмалар негизида малакаларини ошириш ва қайта тайёрлашдан ўтказишга қаратилган махсус фаннинг тармоғидир.
Республикамизда иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишдан асосий мақсад – бозор муносабатларини ташкил этиш, бозорни турли туман зарур товар ва хизматлар билан тўлдириб, истеъмолчиларнинг эркин танлов асосида бундан фойдаланишларига кенг имкониятлар яратиб, пировард натижада аҳолининг фаровон турмушини таъминлашдан иборат.
Фаровон турмушни яратишда, аҳолига турли-туман товар ва хизматларни тақдим қилишда тадбиркорликнинг ўрни беқиёс. Тадбиркорлик – инсоннинг юксак даражадаги фаолияти бўлиб ҳисобланади.
Мустақил юртимизда 1991 йил 15 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида тадбиркорлик тўғрисида” ги Қонуни билан тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш, унинг амал қилиши ва ривожланишининг ҳуқуқий асослари белгиланган.
Мазкур Қонун 10 та моддадан иборат бўлиб, унда тадбиркорликнинг умумий қоидалари, субъектлари, шакллари, фаолияти асослари, тадбиркорнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, масъулияти ҳамда тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари кафолатлари белгиланган.
Қонуннинг 1-моддасида “Тадбиркорлик – мулкчилик субъектларининг фойда олиш мақсадида таваккал қилиб ва мулкий жавобгарлик асосида, амалдаги қонунлар доирасида ташаббус билан иқтисодий фаолият кўрсатишидир”, деб таъриф берилган.
Аҳолини иш билан таъминлаш инсон ижтимоий ривожланишининг энг муҳим жиҳатларидан бири – унинг меҳнат соҳаси ва у билан боғлиқ бўлган эҳтиёжларни қондириш йўлларини очиб беради.
Иш билан таъминланиш – фуқароларнинг қонун ҳужжатларига зид келмайдиган, ўз шахсий ва ижтимоий эҳтиёжларини қондириш билан боғлиқ бўлган, уларга иш ҳақи (меҳнат даромади) келтирадиган фаолиятидир.
Мазкур фаолият муносабатларини давлатимиз миқёсида бир тизим сифатида амал қилишини таъминлаш мақсадида 1998 йил 1 майда “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида” ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни(янги таҳрири) қабул қилинган. Қонун 4 та бўлим, 35 та моддадан иборат.
Қонуннинг 10-моддаси /Ишга жойлашиш ҳуқуқи/ да кўрсатилганидек: - Ҳар ким иш берувчига бевосита мурожаат қилиш ёки меҳнат органларининг бепул воситачилиги орқали иш жойини эркин танлаш ҳуқуқига эга.
Адабиётлар:
Abdurahmonov Q.X,Shoyusupova N.T. Aholini ish bilan bandligi. O’quv qo’llanma. - T.: 2011. 291 b.
Xolmo’minov Sh. R., Xolmurodov S. E. Mehnat bozori iqtisodiyoti. O’quv qo’llanma. - T.: 2013. 228 b.
Холмўминов Ш.Р. Меҳнат бозори иқтисодиёти. Ўқув қўлланма. Т.: Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси адабиёт жамғармаси нашриёти, 2004. 144б.
Мирзиёев Ш.М. “Танқидий таҳлил, қатьий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик – ҳар бир раҳбар фаолиятининг кундаоик қоидаси бўлиши керак”. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил якунлари ва 2017 йил истиқболларига бағишланган мажлисдаги Ўзбекистон Республикаси Президентиниг нутқи. // халқ сўзи газетаси. 2017 йил, 16 январь. №11.
Мирзиёев Ш.М. Қонун устуворлиги ва инсон манфаатларини таъминлаш юрт тараққиёти ва халқ фаровонлигининг гарови. – Тошкент. Ўзбекистон. 2017 й. 48 б.
Мирзиёев Ш.М. Буюк келажагимизни мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз. Тошкент. Ўзбекистон. 2017 й. – 488 б.
Мирзиёев Ш.М. Эркин ва фаровон, демократик Ўзбекистон давлатини биргаликда барпо этамиз. – Тошкент: Ўзбекистон, 2016 й. 56 б.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси. T.: Ўзбекистон, 2014-46 б.
Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси: (2011 йил 1 июлгача бўлган ўзгартиш ва қўшимчалар билан) Расмий нашр – Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги. – Т.: Адолат, 2011. – 276 б.
Инсон тараққиёти. Дарслик И.ф.д., проф. Қ.Х.Абдурахмонов таҳрири остида. – Т.: Фан ва технология., 2014. – 476.
Do'stlaringiz bilan baham: |