Қанғарлар ва уларнинг кейинги авлодлари қанғлилар ўзбек халқининг маданий меросини яратишда ва унинг тарихига салмоқли ҳисса қўшган йирик этник компонентлардан бири ҳисобланади. Қанғарларни ва уларнинг авлодларини (қанғлилар) ўрганишнинг аҳамияти фақат ўзбек халқининг сиёсий ва этник тарихини кузатиш билан чегараланиб қолмасдан, балки антик даврларда ва ўрта асрларда яшаган ўтроқ аҳоли билан кўчманчи ва ярим кўчманчи қабилалар ўртасидаги иқтисодий ва маданий ҳамкорликларни, уларнинг бир-бирларига бўлган таъсирини чуқурроқ ўрганиш борасида ҳам катта аҳамиятга эга. Узоқ ўтмишда Қанғ давлатининг мавжуд бўлганлиги ҳақида тарих саҳифаларида баъзи маълумотлар бор бўлса ҳамки, аммо унинг сиёсий ва этник тарихига оид ахборотларини умумлаштириб, ёритиб берувчи биронта ҳам йирик иш йўқ. Бунга асосий сабаб — Қанғ даврига оид манбаларда уларга тегишли материалларнинг жуда камлигидир. Ўзбек халқи этногенезида чуқур из қолдирган қанғ давлати тарихини археологик, этнографик, антропологик, лингвистик, нумизматик манбаларни тахлил қилиш асосида мукаммал, комплекс тарзда ўрганиш Ўзбекистон тарихига аниқроқ ва тўлиқроқ маълумотлар олиб киради. Тадқиқотнинг даврий чегараси. Милоддан аввалги III асрдан милодий III асрларни ўз ичига олиб, ҳудудий чегараси Қанғ давлати тарихий кенгликларни ўз ичига олади. Мавзунинг ўрганилиш даражаси: Қанғ давлати ҳудудида истиқомат қилган кўчманчи-чорвадор аҳоли ҳақидаги дастлабки маьлумотлар мил.авв. I минг йиллик ўрталарига оид. Бу этник гуруҳлар ҳақида қадимги форс манбалари (Беҳистун, Нақши Рустам, Персопол ёзувлари), Геродотдан бошланган антик давр муаллифлари маьлумот беради. Бўлажак Қанғ давлати ҳудудида истиқомат қилган кўчманчи чорвадор аҳолини қадимги форс манбалари умумий номда саклар деб атаганлар. Геродотга кўра, “саклар булар скифлардир. Яна Геродотни таькидлашича, форсийлар барча скифларни саклар деб атайдилар”. Сакларнинг келиб чиқиши,шу жумладан дарё ортидаги сакларнинг жойлашуви ҳақидаги маьлумотлар Б. А. Литвинский томонидан баён этилган. Б. А. Литвинскийнинг “Древние кочевники крыши мира”, “Қанғ ва сарматлар фарни”, “Яксарт ортидаги саклар” каби асар ва мақолаларида Сирдарё (Яксарт) ортидаги яшовчи саклар ҳақидаги маьлумотлар жамланган. Яксарт (Сирдарё) суғдийларни саклар билан ажратиб турувчи бўлак сифатида рол ўйнаганлигидан антик давр муаллифлари Страбон ва Птоломейлар маьлумот беради. Бу каби маьлумотлар Птоломейнинг “География”сида ва Страбоннинг 17 асрдан иборат “География” асарида баён этилган. Литвинский Б.А. Древние кочевники крыши мира. Москва, Наука,1972. Страбон. География в 17 книгах. Книга ХI, Москва, 1964
Do'stlaringiz bilan baham: |