Манбаларга кўра, Қанғ ўзининг илк тариxи давомида ( мил. авв. II асрда ) 5 кичик мулкка эга бўлган. Булар: Сусе, Фуму, Юни, Ги, Юегянь. Бу мулкликларнинг ҳар бирида шу номдаги шаҳар ҳам бўлган. Бу мулкликлар локализациясида турли фикрлар мавжуд. С.П. Толстов Сусени Кеш ўрнида, Фунуни Зарафшондаги Кушания, Юнини Чоч (Тошкент воҳасида), Гини Буxорага, Юегянь Хоразм ҳудудларига локализация қилган. А.Н.Бернштан Юнини Тошкент воҳасида, Сусени - Сирдарёнинг ўрта оқими ва Арисда, Фумуни - Янгиқўрғон ва Казалинск оралиғида, Гини–Сирдарёнинг қуйи оқимида, Юегянни-Хоразмда локализация қилган. Бу мулкликларни, xусусан Юнини Тошкент воҳасида, Юегянни Хоразм ва Фунини Миянқол ҳудудида локализация қилиш ҳақида фикр билдирган. Ўрта асрларга оид баъзи манбаларда бизни қизиқтирган канки этносининг турлича талаффуз этилган номлари учрайди. Масалан, Кенгерес , Қанғар , Хангакиши , Қанғли , Қанғалу ва бошқалар. Милодий V-VI асрларга оид манбаларда Закавказьеда “кангарах”, “кангар” этнонимлари, “Қанғар ери” топоними учрайди . Албатта, бу номлар қанғар халқи билан боғлиқ номлардир. Қанғарларнинг бир уруғи хунлар таъқиби туфайли милодий III-IV асрларда Закавказьега кўчиб бориб, Севан кўлининг шимолида, Албания билан Иберия чегараларида қўним топганлар ва шу боис, у жойларда “Қанғар ери” топоними пайдо бўлишига олиб келган. Араб географи Ибн Хордатбех Сирдарёнинг номларидан бири сифатида “Қанғардарё”ни эслаб ўтади. Сирдарёнинг ўрта оқими ўрта асрларда (VIII-IX асрларда), ундан ҳам анча олдин қанғар этноними билан аталган. Бу табиий ҳол. Этнонимлар ўзидан дарё ва вилоят номларини қолдирган. Ҳатто, этносларнинг кичик гуруҳлари ҳам жойларда ўз номларини қолдириб, янги этнотопонимларнинг пайдо бўлишига сабабчи бўлганлар. Масалан, Ал-Идриси (XII аср) Орол денгизи яқинида, унинг шимолий ва шимолий – шарқида жойлашган қабилалардан бирини Хангакиши, яъни Қанг кишилари деб ўз асарида тилга олади. Таниқли туркшунос С.Г.Кляшторний талқинига кўра, қадимги турклар тоҳар тилидан “ар” этноним суффиксини қабул қилиб, унинг маъносини ўз тилларида “киши” сифатида берганлар. Демак, илк ўрта асрларда мавжуд бўлган қанғ-ар-ас (қанғ-ар-аш) этноси кейинги асрларда ҳам ўз номини сақлаб қолган. Демак, бу сўзларнинг туб маъноси “қанг кишилари”, яъни Қанг дарёси ёқаларида, соҳилларида, ҳавзаларида яшовчи халқ маъносини англатган. VII аср Хитой манбаларида “қан-хэ-ли” этноними учрайди. Мазкур этнонимни хитойча транскрипцияси “қанғарлик” деб ўқилади. Хитой ёзма манбаларида келтирилган бу ном қангли этносининг энг қадимий вариантларидан бири бўлган дейишга асослар бор .
Do'stlaringiz bilan baham: |