Абу Лайс куняси билан машҳур бўлган Наср ибн Муҳаммад ибн Аҳмад Самарқанди 911 йилда Самарқандда туғилган, шу ерда шайхулисломлик қилган. Замонасининг етук фиқҳ ва тафсир олими, фозил ва нуфузли кишиси бўлган.Асарларидан қуйидагиларини кўрсатиш мумкин:
1 . “Тафсир ал-Қуръон”. Тўрт жилди бўлиб, энг яхши тафсирлардан ҳисобланган.
2. “Хизонат ал-фиқҳ” (“Фиқҳ хазиналари”). Бу асарда ҳанафий мазҳаби ақидалари асосида мусулмон қонуншунослиги (фиқҳ)нинг қисқача таърифи берилган. Унинг 1467 ва 1814 йилда кўчирилган икки қўлёзмаси ЎзР ФА Шарқшунослик институтида сақланмоқда.
3. “Ан-Навозил” (Нозил бўлганлар). Бу фатволар ҳақидаги китобдир.
4. “Китоб мухталиф ар-ривоят” (Турли ривоятлар ҳақида китоб).
5. “Бўстон ал-орифин” (Орифлар бўстони). Бу ахлоқ ва тарбияга оид муҳим асар. Унда таълим-тарбияга оид кўп ривоятлар, тарихий воқеалар, ҳикоялар ва ҳадислар келтирилган. Асар 159 бобдан иборат бўлиб, унинг илм ўрганиш, салом бериш, ақл ҳақида айтилган нарсалар, овқат ейиш қоидалари, ичимликлар, табобат, илм ва адаб фазилатлари каби боблар, айниқса, диққатга сазовордир.
6. “Танбеҳ ал-ғофилин” (Ғофилларга танбеҳ). Асар 94 бобдан иборат бўлиб, ота-онанинг бола олдидаги ҳуқуқлари, боланинг ота-она олдидаги ҳуқуқлари, шароб ичишдан қайтариш, ёлғон сўзлашдан қайтариш, ҳасад, етимларга хайру саховат, раҳм-шафқатли бўлиш, касбнинг фазилатлари каби боблари ниҳоятда катта аҳамиятга эгадир. “Танбеҳ ал-ғофилин”нинг Бухоро амири Ҳайдар (1800–1826) топшириғи билан 1873 йил кўчирилган қўлёзмалари ЎзР ФА Шарқшунослик институтида сақланмоқда.
Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ал Бухорий. У киши хижрий бир юзи тўқсон тўртинчи сананинг шаввол ойининг ўн учинчи кунида мелодий ҳисобда 810 йил, 20 июлда Бухоронинг Пойкант қишлоғида дунёга келди.
Имом Бухорий ўта кучли ёдлаш қобилиятига эга бўлиб, 11 ёшдан 16 ёшгача Имом Моликнинг “Ал-муватто” хадислар тўпламини ёд олади ва натижада етмиш мингдан зиёд ҳадисни ёддан билади. Имом Бухорий 16 ёшларида онаси ва акаси Аҳмад билан хаж сафарига чиқади. Хаж ибодатларини амалга оширгандан сўнг онаси ва акаси билан Маккада хайрлашади ва Пайғамбаримиз Муҳаммад (С.А.В) нинг хадисларини тўплаш ва асл ҳолига қайтариш мақсадида Арабистонда қолади. Имом Бухорий қарийб 40 йил давомида 20 дан зиёд юртларда юриб мингдан зиёд устозлар қўлида таҳсил олади ва Пайғамбаримиз (С.А.В)нинг 600 000 дан ортиқ ҳадисларини тўплайди.
М уҳаддислар билан мулоқотлари ҳақида сузлаб Имом Бухорий: “Шом, Миср, ал-Жазийрада икки мартадан, Басрада тўрт марта бўлганман, Ҳижозда олти йил истиқомат қилганман, Куфа ва Бағдодда неча марта бўлганлигимнинг ҳисобини ҳам билмайман. Мен бир минг саксонта ровийдан ҳадислар ёзиб олганман, уларнинг ичида ҳеч бўлмаса биттагина ҳадис айтганлари ҳам бўлган” дегандилар. Ҳадис илмининг султони, буюк ватандошимиз Имом Бухорий ҳазратлари дунё миқёсида нечоғлик улкан мартабага эга бўлишларига қарамасдан, собиқ Шўро тузуми даврида ўзининг муносиб қадр-қимматини топмаган сиймолардан бири эди. Энг аянчлиси, хорижий юртларда, айниқса, араб дунёсида юксак эхтирому чексиз меҳр-муҳаббатга сазовор бўлган аллома ўз юртида эътибордан четда эди. Унинг ҳаёти ва бебаҳо мероси деярли ўрганилмас, аллома абадий қўним топган маскан ташландиқ ва ўта аянчли ҳолатда бўлганлигини маҳаллий аҳолининг ёши улуғлари яхши эслашади. Имом Бухорийнинг “Ал-Жомеъ ас-саҳийҳ” асари ислом оламида биринчи китобдан кейинги биринчи китоб деб номланади. Яъни “Илоҳий китобларнинг ичида энг олий китоб Қуръони Карим, инсонлар томонидан яратилган асарлар ичида энг олийси Имом Бухорийнинг “Ал-Жомеъ ас-саҳийҳ” асаридир” деб эътироф этилади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг 1997 йил 29-апрелдаги “Муҳаммад ибн Исмоил Имом ал Бухорий таваллудининг хижрий 1225 йиллигини нишонлаш ва уни ўтказиш тўғрисида” ги № 217 қарорига мувофиқ бу ёдгорлик мажмуи Ўзбекистон Республикаси Президенти И .А. Каримов раҳбарлигида яратилган лойиҳа асосида Самарқанд, Бухоро, Хива, Тошкент, Андижон, Наманган, Қўқон ва Шахрисабз ҳалқ устоларининг олтин қўллари билан меъморчилик тарихида энг қисқа муддат яъни саккиз ой мобайнида барпо этилди.
1998-йил 23-октябр Жума куни Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримов томонидан Имом Бухорий ёдгорлик мажмуи расман очилиш тадбири бўлиб ўтди. Ҳозирги кунда бу табаррук замин бутун ислом оламидан, чет элдан келган сайёхлар билан гавжумдир.
Мажмуа таркибида жомеъ масжиди мавжуд бўлиб, унда беш маҳал намоз, жума намози ва икки ҳайит намозлари ўқилади. Шунингдек, мажмуа худудида бешдона чинор дарахтлари ва уларнинг тагидаги ҳовуз ҳам тарихий аҳамиятга эга. Ушбу дарахтлар 16 асрда Бухоро хони Аблуллахон томонидан экилган. Ҳозирда дарахтларнинг ёши 570 ёшдан ошганини мутахассислар аниқлаб беришган.
Мажмуанинг ўнг томониида мўжазгина музей бор. Музейда президентимиз И.А.Каримовга 1992 йилда Саудия Арабистони подшоҳи Фаҳд ибн Абдулазиз жаноблари томонидан совға қилинган Каъбапўш ва хорижий мамлакатлардан ташриф буюрган меҳмонларнинг совғалари сақланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |