p – n – p тузилмали БТларда эса қувват бўйича ютуғнинг асосий қисми ковакларнинг эмиттердан коллекторга ўтиши ҳисобига бўлади. Электронларнинг коллектордан эмиттерга ўтиши қувват кучайтиришда инобатга олмаса бўладиган даражада кам бўлади.
Транзисторларда қувват ўзгартиришнинг баъзи томонлари гидродинамик энергияни ўзгартириш жараёнига ўхшаб кетади. Эмиттер ва коллектор соҳаларни дўнглик билан ажратилган иккита сув ҳавзасига ўхшатиш мумкин. Транзистор тузилманинг мувозанат ҳолатига, гидрогеологлар тили билан айтганда, юқори ва пастки туб сатҳлари бир хил ва дўнглик сатҳидан пастда ётган ҳолат тўғри келади. ЭЎдаги тўғри ва КЎдаги тескари силжишга юқори туб сатҳи дўнглик сатҳига нисбатан юқори кўтарилган, тубнинг пастки сатҳи эса, аксинча, сезиларли пасайтирилган ҳолат тўғри келади. Юқори сув ҳавзадаги сув дўнгликдан ошиб ўтади ва қисман фильтрация ва буғланиш ҳисобига камайишига қарамасдан (электронларнинг базада рекомбинация бўлиши ҳисобига камайиши), иккинчи сув ҳавзаси чегарасигача етиб боради. Бу ерда у пастки туб сатҳига нисбатан катта потенциал энергия захирасига эга бўлади ва шаршара сифатида оқиб, жамғарилган энергияни ажратиш учун гидротурбина ўрнатишни тақозо қилади. Транзисторларда бундай турбиналар вазифасини коллектор занжирининг юклама элементлари бажаради.
p – n – p тузилмали транзисторларда барча жараёнлар юқоридагиларга ўхшаш бўлади, фақат ишчи суюқлик ролини электронлар эмас, коваклар бажаради.
Дрейфли транзисторлар база соҳасида киритмалар нотекис тақсимланган бўлгани учун электр ўтиш базанинг бутун кенглигини эгаллайди. n – p – n тузилмали дрейфли транзистор энергетик диаграммаси 4.4-расмда келтирилган. Бундай транзисторда база соҳаси дўнгликдан эмас, балки коллектор томонга оғган текисликдан иборат. Электронларнинг базадан ўтиши диффузия билан дрейф ҳисобига амалга ошади. Гидродинамик ўхшатишда суюқликнинг сув ҳавзалар орасидаги ҳаракати нафақат гидродинамик босим остида, балки кўпроқ гидростатик босим остида юз беришини англатади. Сув ўтиш тезлиги ортади, ўтишдаги йўқотишлар эса камаяди.
4.4-расм. n – p – n турли дрейфли БТнинг актив режимдаги
энергетик диаграммаси.
Қувват ўзгартириш жараёнларини миқдор жиҳатдан ифодалаш учун базага инжекцияланувчи электронлар оқими ва КЎ чегарасидаги ушбу заррачалар оқими орасидаги боғланишни аниқлаш керак. Бу ўз навбатида БТ электродлар токларини ва турли иш режимларида улар орасидаги боғлиқликни аниқлашдан иборат эканлигини англатади.
БТ схемада белгиланиши ва уланиш схемалари. БТнинг вольт-ампер характеристикаси. БТларнинг актив режимда ишлаши.
Эберс-Молл тенгламалари БТ статик режимларини таҳлил қилиш ва статик характеристикаларни топиш учун қўлланилади. Чунки бу тенгламалар транзистор р-n ўтишларидаги ҳар қандай кучланишларда унинг асосий хусусиятларини тўлиқ акс эттиради. Аммо шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, моделда I0Э ва I0К токлар р-n ўтишларнинг ўзида заряд ташувчиларнинг генерацияланиш ва рекомбинацияланишини ҳамда Эрли эффектини эътиборга олмайди. Шу сабабдан УБ, УЭ ва УК уланган схемаларда БТнинг реал характеристикаларини кўриб чиқамиз.
Do'stlaringiz bilan baham: |