Агротехникаси. Ер танлаш. Ўрта Осиёда помидор ўсимлиги бўз, ўтлоқ ва ўтлоқ боткоқ тупроқларда яхши ўсади. Сизот сувлари юза жойлашган шунингдек, шўрланган ва корбон тупроқлар помидор учун унчалик ярамайди. Алмашлаб экишда помидор учун сабзавот экинларидан дуккаклилар, саримсоқ, пиёз, полиз ўсимликлари, карам, бодринг энг яхши ўтмишдош ҳисобланади.
Ўғитлаш. Помидор унумдор ерларни танлайди ва ўғитга ниҳоятда талабчан ўсимлик ҳисобланади. Шунинг учун бўз тупроқларда етиштирилганида № 120-200, Р2О5 - 140-150, К2О - 90-100; ўтлоқи ва ўтлоқи-боткоқли тупроқларда № 140-150, Р2О5- 140-150, К2О - 100 кг.га бериш тавсия этилади.
Кўчат экиш. Помидор экини, асосан кўчат килиб камдан-кам холларда уруғи бевосита далага экилиб етиштирилади. Помидор кўчатлари экиш олдидан суғорилган ерларга экилади, экишда кўчат илдизларининг юқорига букилиб қолишига эхтиёт бўлиш лозим. Кўчатларнинг яхши тутиб кетиши учун экин бир-икки маротаба суғорилади, зарур бўлса, хато жойларга кўчат экилади.
Оддий усулда етиштирилган кўчатлар 5-7 та барг чиқарганда, чиринди тувакчаларда ўстирилганда эса 8-10 та барг чиқарганда яъни ғунчалай бошлаганда далага экилади.
Ўрта Осиёнинг кўпчилик раёнларида помидор апрел ойларида яъни баҳорги қора совуқлар ўтгандан кейин экилади. Тоғ олди зоналарида эса апрел охири майнинг ярмиларида экилади.
Помидор кўчатлари кенг пуштали эгатларга икки қатор қилиб ётиқроқ экилади. Суст ўсадиган, паст бўйли навлар пушталари 140-160 см кенгликда эгатларга тўп орасини 25-30 см. Нисбатан баланд ўсадиган навлар эса 180-200 см кенгликда олинган эгатларга тўп орасини 40 см қилиб экилади.
Парваришлаш. Бегона ўтларни, ва қатқалоқни йўқотиш учун экин қатор оралари култиватсия қилинади, ерга ётиб ўсадиган помидорлар эса култиватсиядан ташқари қатор оралари бир икки маротаба юмшатилади ва қаторлардаги бегона ўтлар йўқотилади.
Бегона ўтларни йўқотиш мақсадида ерга гербитсид сифатида прометрин 2 кг га, ТХА -15 кг.га, препаратларни кўчат ўтказишга 5-7 кун қолганда солиш тавсия қилинади. Помидорнинг ўсув даврида бегона ўтларни йўқотишда солан 3-10 кг.га препаратидан фойдаланиш ҳам яхши самара беради.
Биринчи чопиқ кўчат ўтказилгандан икки ҳафта кейин ўтказилади. Орадан 3-4 ҳафта ўтгач, қатор оралари иккинчи марта юмшатилади. Ўсимликларни минерал ўғитлар билан озиқлантириш 1 ва 3 култиватсия билан бир вақтда ўтказилади.
Сизот сувлари чуқур жойлашгач бўз тупроқли ерларда помидор экинлари мавсумда 18-20 марта суғорилади. Сизот сувлари 1 м гача бўлганда 12 марта, 1-2 метргача бўлса 15 марта суғорилади. Суғориш нормаси 600-700 м.куб/га, бўз тупроқлар учун, нам сиғими юқори бўлган ўтлоқ-ботқоқ ерларда гектарига 800-900 метр куб ҳисобидан сув берилади.
Ёз-кузда помидор ўстириш. Ёз кузда помидор етиштириш усули Тошкент қишлоқ хўжалик институтининг сабзавотчилик кафедраси илмий ходимлари томонидан ишлаб чиқилган. Бу усулнинг моҳияти шундаки, помидор эртаги сабзавотлардан бўшаган ерларга такрорий экин сифатида ўртапишар навлари экилади. Кўчатлар далага июн ойининг ўрталарида тўп ораларини зичроқ (15-20см) қилиб ўтказилади. Кечки бўлишига карамасдан помидордан дурустгина гектаридан 300-350 тс гача ҳосил олинади.
Do'stlaringiz bilan baham: |