2. Тарихий шаҳарларни реконструкциялаш лойиҳасини ишлаб чиқишнинг асосий тамойиллари
Турли тарихий шаҳарларни реконсрукциялаш лойиҳаларини ишлаб чиқишда турлича ёндошувлар бўлишига қарамасдан, улар учун умумий бўлган тамойиллар мавжуд. Тарихий шаҳарни ёки унинг бир қисмини реконструкциялашда тарихий ансамбл яратилиш даврида ва ундан фойдаланиш вақтида аниқланган табиий муҳит сифатларини сақлаб қолиш шарт. Бунга жойнинг рельефидан фойдаланиш, композиция таркибига сувли фазоларни киритиш каби меъморий ечимлардан ажралмас элементлар киради. Айрим алоҳида ноёб меъморий ёдгорликлар ва уларнинг ансамбллари ўзи яратилган тарихий муҳитдан ташқарида мавжуд бўла олмайди, ёки мутлоқо тўғри келмайдиган, уйғунлашмаган муҳитда ўз вазифасига мос келмай қолади. Шу сабабли, меъморий ёдгорлик учун зарур бўлган, у шаклланган тарихий муҳитни сақлаб қолиш ва уни ҳам реконструкциялаш зарур, акс ҳолда ёдгорлик ўзининг асосий меъморий- композицион хусусиятларини йўқотади, бу эса унинг асл қадрини йўқотиши билан бир хил маънога эга. Реконструкциялашда барча мавжуд визуал (кўриниш) алоқаларини сақлаб қолиш ҳамда янги кўриниш нуқталарини қайта тиклаш зарур, чунки меъморий ёдгорлик ушбу ҳарактерли нуқталардан ўзининг бор маҳобати билан кўриниши, қабул қилиниши керак. Шунинг билан биргаликда, тарихий ёдгорликни ортиқча бачканалаштириш ҳам ярамайди, у ўзининг бой мазмуни, кўркам ва маҳобатли кўриниши билан бугунги хаётда фаол иштирок этиши, “яшаши” керак.
Тажрибалардан маълумки, замонавий функционал мазмун тарихий шакл билан уйғунлашиб кетиши мумкин. Бироқ шуни таъкидлаш зарурки, меъморий обиданинг бадиий жихатдан қимматини, ноёблигини функция хиралаштириб қўймаслиги керак, тарихий обида меъморчилик ва шаҳарсозлик дурдонаси бўлиб қолиши керак, у оддий бино ёки ҳайкалга айланиб қалмаслиги зарур. Яна бир мураккаб муоммо шундан иборатки, реконструкция натижасида янги қурилиш тарихий мерос билан ҳар жихатдан чамбарчас бирикиб, қўшилиб кетиши керак. Турли ечимлар кўплигига қарамасдан ушбу жиҳат реконструкция лойиҳаси муаллифларидан ўта эҳтиёткорлик ва юксак бадиий- меъморий дидни талаб этади.
Тарихий шаҳарларнинг реконструкция лойиҳаси ҳам янги шаҳарларнинг лойиҳаси босқичлари каби бажарилади, бироқ у масаланинг кўп қирралилиги ва мураккаблиги билан ажралиб туради. Бу ҳолда лойиҳалаш фан билан узвий боғлиқдир-тарих ва архелогия билан. Шу сабабли тарихий шаҳарларнинг реконструкция лойиҳасини ишлаб чиқиш жараёни лойиҳаолди даврига кўп жихатдан боғлиқ бўлади. Бу даврда шаҳарда мавжуд бўлган барча турдаги тарихий ёдгорликларни аниқлаш, меъморчилик, шаҳарсозлик, маданий, археологик, ландшафт обидаларини излаб топиш, шаҳарни реконструкциялаш бўйича унинг тарихий таркибини лойиҳа ечимлари билан уйғунлаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш талаб этилади.
Архив маълумотларини ўрганиш бўйича шаҳарнинг пайдо бўлиши, унинг ядросининг шаклланиши, кейинги даврлардаги ўзгаришлар, тарихда амалга оширилган реконструкциялар тўғрисида асосланган далилларни тадқиқ этиш зарур бўлади. Архив тадқиқотлари ёзма маълумотларга асосланади (солномалар, далолатномалар, ёрлиқлар, хатлар ва шу кабилар), тарихий хариталар, тархлар, расмлар, гравюралар, фотографиялар, лойиҳа материаллари ҳам шулар жумласига киради.
Архив маълумотларини тадқиқ этиш натижасида шаҳарнинг тарихий босқичлар бўйича ривожланиш схемалари тузилади.
Тарихий биноларни натурада техник ҳолатини текшириш замонавий геосъемка натижалари билан амалдаги ҳолат ўртасидаги фарқларни аниқлаш имконини беради, вақт ўтиши билан йўқолиб кетган ёки қисман сақланган иншоотларни (деворлар, тўсиқлар, тепаликларнинг мустаҳкамланган қияликлари) топиш, йирик ансамбллар, мажмуалар, саройлар қолдиқларини аниқлаш учун асос бўлиб хизмат қилади. Мана шундай натурадаги текширишлар натижасида аниқланган режавий ечимлардан фарқ қилувчи, яна ҳам қадимийроқ бўлган режалаштиришнинг таркибий элементлари ҳам кашф этилади.
Натурада ўтказилган текширишларда аниқланган ва топилган элементлар расмга олиниб ҳозирги геосъемкага киритилади ва шаҳар режасига белгилаб қўйилади.
Айрим ҳолларда шурфлар қазиш йўли билан археологик тадқиқотлар олиб борилиб, аввал мавжуд бўлган бинолар аниқланади, маданий тупроқ қатлами аниқлаштирилади. Айрим бинолар текширилганда таъмирлаш, қайта қуриш, қўшиб қуришлар натижасида меъморий ва тарихий аҳамиятга эга бўлган бинолар, уларнинг қисмлари, элементлари берилиб, ёпилиб қолганлиги, кўзга кўринмай қолганлиги ҳам аниқланади. Шундай қилиб, натурадаги текшириш ва тадқиқотлар тарихий материалларнинг аниқлик ва объективлигини баҳолаш имконини беради ва реконструкция масалаларини тўғри ҳал қилишга хизмат қилади.
Архив ва натурада ўтказилган тадқиқот материаллари чизмаларда акс этирилади ва махсус жадваллар кўринишида тизимлаштирилади.
Меъморий ёдгорликларнинг характери ва сақланганлик даражаси, ҳар бир тарихий ансамбл ва ёдгорлик учун шаҳарнинг умумий композицияси аниқлангандан сўнг уларнинг зарурий кўриниш зонаси ва композицион таъсир зоналари белгиланади.
Кўриниш зонаси қайси нуқталардан ёдгорлик яхши кўринадиган бўлса, ушбу четки нуқталарни белгилаб аниқланади. Ушбу нуқталарни бирлаштириб, режада кўриниш зонасини ташкил этилади. Ушбу чизмада бундан ташқари, зарур ҳолларда катталашиб ўсиб кетган дарахтлар, кейинроқ қурилган бинолар ва бошқа кўриниш зонасини чегараловчи омиллар белгилаб қўйилади, уларнинг айримлари реконструкция жараёнида олиб ташланиши мумкин.
Композицион таъсир зонаси деб ёдгорлик ёки ансамбль асосий элемент ҳисобланувчи, кўриниши ва композицион жихатдан барча бошқа атроф фазони ўзига бўйсиндирувчи, ажралиб турувчи ҳудуднинг қисмига айтилади. Реконструкция натижасида композицион таъсир зонаси ва кўриниш зоналари ҳалақит берувчи, тарихий ва меъморий жихатдан бадиий аҳамиятга эга бўлмаган объектларни олиб ташлаш ҳисобига сезиларли даражада кенгайтирилиши мумкин.
Бажарилган барча юқоридаги ишлар тарихий таянч режасини тузиш, шаҳарнинг тарихий қисми учун махсус режимли зоналарни ишлаб чиқиш учун асос бўлиб хизмат қилади.
Махсус режимли зоналар учта бўлади: муҳофаза, биноларни қатъий бошқариш-созлаш, биноларни баландлиги бўйича бошқариш-созлаш. Назарий жихатдан иншоотнинг 2 баробар баландлиги муҳофаза зонасининг чегарасини, 3 баробар баландлиги биноларни қатъий бошқариш-созлаш зонасини аниқлайди. Бироқ амалда реставрация қилинувчи объектнинг ўзига ҳос хусусиятларини, унинг жойлашишини, ансамбллар орасидаги боғлиқликларни ҳисобга олган ҳолда зоналарнинг чегаралари аниқроқ қилиб белгиланади.
Муҳофаза зонаси-бевосита меъморий-тарихий ёдгорликларга туташувчи ҳудуд. Ушбу ҳудуд ёдгорликнинг ўзи сингари муҳофазаланувчи ва реставрация қилинувчи объект ҳисобланади.
Қоида бўйича, муҳофаза зонаси ёдгорликнинг композицион таъсир зонасининг бир қисмини ташкил этади. Биноларни қатъий бошқариш-созлаш зонаси композицион таъсир зонасининг қолган қисмини қамраб олади, қоидага биноан, уларнинг чегаралари мос келади. Бу зонада тарихан шаклланган режавий таркибни сақлаб қолинади, эски бинолар ва ландшафт ҳам ўзгаришсиз қолдирилади. Ушбу ҳудудда янги бинолар қурилиши чегараланади, агар қуриладиган бўлса, ансамблни кўриш ва қабул қилиш учун яратиладиган қулай шароитларга қатъий риоя қилиниши шарт.
Биноларни баландлиги бўйича бошқариш-созлаш зонаси лойиҳаланаётган кўриниш зонасининг чегаралари билан мос келиши шарт. Бу ҳудудда қуриладиган янги бинолар баландлиги ва қурилиш зичлиги бўйича қатъий равишда чегараланиши керак.
Реставрациянинг асосий объектлари бўлиб алоҳида ёдгорликлар, ансамблллар (регистонлар, кремллар, масжид-мадрасалар ва б. ибодатхоналар, алоҳида ҳовлилар, майдонлар, кўчалар) бўлиши мумкин; шунингдек, бу эски шаҳарларнинг марказлари ҳам бўлиши мумкин, бу ерда меъморий ва тарихий ёдгорликлар шаҳарсозлик обидалари тушунчасига киритилади. Режимли зоналаш уларнинг ҳар бири учун ўз хусусиятларига эга бўлади. Бундан ташқари, барча режимли зоналарнинг шакллари шаҳарнинг замонавий режавий таркиби билан мослаштирилган бўлиши шарт.
Тарихий-таянч режа чизмаларида қуйидагилар кўрсатилади:
табиий ландшафтнинг қимматли элементлари, шаҳарсозлик ёдгорликлари. Шаҳарсозлик ёдгорликларига қуйидагилар киради: шаҳарнинг барча режавий тизими (сақланган қадимий майдонлар, шаҳар истеҳкомлари, ўз даврида қайта режалаштирилган кўчалар ва майдонлар); тарихий ансамбллар ва алохида меъморий ёдгорликлари; тарих ва маданият ёдгорликлари; қурилиш тизими (кварталлар қурилиши ва биноларининг қизил чизиқлари, эски мажмуалар ва маҳалла, шаҳарчалар-турар жой бинолари ва хўжалик иншоотлари). Агар тарихий шаҳар чегарасидан ташқарида меъморий-тарихий ёдгорликлар жойлашган бўлса, мазмуни бўйича худди шундай чизма шаҳарнинг яқин атрофлари учун ҳам тузилади.
Тарихий шаҳар ёки унинг ядросини реконструкция қилиш лойиҳасида функционал зоналаш, транспорт, хизмат кўрсатиш корхоналарини жойлаштириш, турар-жой районларини ободонлаштириш ва мухандислик жиҳозлаш каби масалалар ечилади, шунда ҳам тарихий шаҳарнинг индивидуаллигини, ўзига хослигини сақлаб қолиш энг асосий масала бўлиб қолади. Реконструкция лойиҳаси ҳам янги лойиҳани бажаришдаги босқичлар бўйича ишлаб чиқилади, бироқ у чизмалар таркиби билан фарқланади.
Бош режада бажарилган тадқиқотлар ва тарихий-таянч режа асосида қуйидагилар кўрсатилган бўлиши шарт: тарихий бинолар ва ансамблларни реставрация қилишнинг навбати схемаси; тарихий ёдгорликлар ва бинолар кварталларининг мумкин бўлган фойдаланиш схемаси; шаҳарнинг археологик ёдгорликларини, зарур бўлганда маданий қатламини тадқиқ этишнинг навбати схемаси; қурилишни олиб боришнинг навбати режаси.
“Муфассал режалаштириш лойиҳаси” ва “Қурилиш лойиҳаси” босқичларида кварталлар бўйича меъморий инвентаризация ўтказилади-ҳар бир бино бўйича ўлчашлар бажарилади (режалар, қирқимлар, фасадлар); кўчалар бўйича ёйма чизмалар чизилади; қаватлар бўйича кварталларнинг режалари тузилади ва тарихий усул(стил)лар ва биноларнинг тарихий қиммати бўйича режа-картограммалар ишлаб чиқилади; нураган, яроқсиз биноларни бузиш ва янги қурилиш бўйича лойиҳа таклифлари қилинади. Ушбу босқичларда ҳар бир бино муфассал тадқиқ қилинади, фасадларни ва интерьерларни тарихан ўзгариб бориши изланади ва ўрганилади, монументаль (маҳобатли) рангтасвир расмлар, паннолар тадқиқ этилади, улар кўп ҳолларда сувоқ ва пардоз қопламлари остида қолиб кетганлиги қайд этилган.
Кварталларни комплекс реконструкция қилишда ҳар бир бинодан фойдаланиш характери ҳал этилади, ҳовлиларни ободонлаштириш лойиҳаланади-кўкаламзорлаштириш, квартал ички пиёдалар йўлларини, турли вазифаларга мўлжалланган майдончаларни жиҳозлаш, кичик меъморий шакллар барпо қилиш кўзда тутилади.
Тарихий шаҳарларни лойиҳалаш, айниқса янги қурилишлар олиб борилаётган шароитларда реконструкция қилиш бўйича тўпланган тажриба шуни кўрсатмоқдаки, мавжуд ва янги қурилиш биноларини уйғун холда бирлаштиришда фақат анъанавий усуллардан фойдаланиб муваффақиятли ҳал этиб бўлмайди. Ушбу муаммоларни мувоффақиятли хал этиш учун янги қурилишнинг мумкин бўлган ўлчамларини меъморий ёдгорликларнинг, шаклланган меъморий-фазовий шаҳар композициясини, унинг шакл- шамойилини, ташқи кўриниши алоқаларини, бинолар ва фазонинг миқёсий нисбатларини тез ва ўта аниқ аниқлаш имконини берадиган янги усулларни қўллаш талаб этилади.
Замонавий компьютер технологиялари асосида янги меъморий дастурлар бўйича бажарилаётган усуллар лойиҳаларни мақсадга мувофиқ равишда амалга ошириш ва шаҳарсозликда йўл қўйилиши мумкин бўлган хатоларнинг олдини учун хизмат қилади.
Тарихий шаҳарларни реконструкциялаш, улардаги улкан бадиий меросни сақлаб қолиш-бу бир томондан ворислик бўлиб, шу вақтнинг ўзида маданиятимизнинг бутун мураккаблиги ва бойлигида ривожланиб бориши бўлиб, шаҳар организмининг ҳаётий узлуксизлигининг зарурий шарти ҳисобланади. Ҳозирги жамиятда ижтимоий ва моддий базанинг шиддатли ривожланиб бораётган шароитида тарихан шаклланган шаҳарларнинг реконструкцияси ҳал қилувчи босқич деб қаралиши мумкин эмас.
Шаҳарлар яшайверади, уларнинг мутассил равишда янгиланиб бориши-бу тарихий шартлилик, техник ва эстетик заруриятдир. Меъморчилик-санъат бўлиб, умрибоқий обидалар яратади, шу сабабли турли даврларда яратилган асарлар кейинчалик ҳам биргаликда узоқ вақт хизмат қилади. Мана шунда ўта мураккаб муаммо вужудга келади-эски ва янгининг нафақат бугун, кейинчалик ҳам уйғун ҳолда биргаликда ўзаро яшаб кетиши мавжуд бўлиши талаб этилади. Шу сабабли, реконструкция замонавий шаҳарсозликда нафақат эскининг янгидан туғилиши, балки келажакка эътибор билан қараш деб тушунилиши керак.
Do'stlaringiz bilan baham: |