16 маъруза
Мавзу: Тарихий шаҳарларни реконструкция қилишнинг асосий тамойиллари
Режа:
1. Қимматли меъморий тарихий меросга эга шаҳарларни реконструкция қилишнинг ўзига хос хусусиятлари.
2. Тарихий шаҳарларни реконструкциялаш лойиҳасини ишлаб чиқишнинг асосий тамойиллари.
Таянч сўз ва иборалар: тарихий шаҳар, реконструкция, тамойил, мослаштириш, модернизицияланиш, шаҳарсозлик ғояси, бадиий, техник жиҳатдан янгидан жиҳозланиш, шаҳарнинг режавий таркиби, транспорт тармоқларини тартибга солиш, кўчалар ва магистраллар тизими.
Маъруза
1. Қимматли меъморий тарихий меросга эга шаҳарларни реконструкция қилишнинг ўзига хос хусусиятлари
Ўзбекистон Республикасида тарихий мерос давлат томонидан муҳофаза қилинади. Бу йўналишда қонуний-ҳуқуқий асослар яратилган ва амалиётга жорий қилинган.
Тарихий шаҳарлар кўплаб меъморий-бадиий ва шаҳарсозлик муоммоларини намунали ҳал этишга мисол бўлади. Ушбу шаҳарларда меъморчилик ёдгорликлари ва обидалари гўзал ансамбллар ҳосил қилади, улар атроф-муҳит ва табиат билан композицион уйғунлик ҳосил қилади. Буларга мисол қилиб қадимий шаҳарларимиз Самарқанд, Бухоро, Хива, Тошкент, Шахрисабз, Қўқон ва бошқалардаги ансамбл ва обидаларни кўрсатиш мумкин.
Шаҳар-бу муттасил ривожланиб борувчи организм бўлиб, турли шарт- шароитларга боғлиқ ҳолда ҳар бир босқичда ўз қиёфасини сақлаган ҳолда секин ёки тезроқ ўсиб боради. Ушбу қиёфа халқнинг тарихий ривожланишини акс эттириб, инсонга катта таъсир кўрсатади, Ватан хиссини уйғотади, миллий ғурур туйғусини шакллантиради, бусиз эса ватанпарварликни тасаввур қилиб бўлмайди. Шу сабабли ҳам барча даврларда бўлиб ўтган урушларда босқинчилар босиб олинган халқнинг миллий руҳини синдириш учун меъморий ёдгорликларни бузган ва йўқ қилганлар.
Замонавий шаҳарсозликда реконструкция жараёнида тарихий-меъморий обидаларни сақлаб қолиш ва фойдаланиш энг долзарб ва мураккаб муаммо ҳисобланади.
Бу ерда илмий-назарий ва ижодий муаммолар биргаликда ҳал этилишини талаб қилади: консервация усулларини такомиллаштириш, меъморий ёдгорликларни муҳофаза қилиш регенерация қилиш, реконструкциялаш, уларни замонавий талабларга мослаштириш; турар-жой районларининг кўчалари, майдонларини янгилаш, уларга янги иморатларни умумий шакл-шамойилини сақлаган ҳолда қўшиб бориш кабилардир. Буларга мавжуд ҳолатни ҳар томонлама чуқур таҳлил қилган ҳолдагина эришиш мумкин. Сақланиб қолган меъморий ёдгорликларни реставрация қилиш ҳам мураккаб илмий- техник жараёндир.
Реконструкция жараёнида биринчи навбатда шаҳарнинг фазовий тизимини яхлитлигича сақлаб қолиш зарур, бунда тарихий ёдгорликларнинг уйғунлигини таъминлаш керак. Шарқ шаҳарларида минораларга катта эътибор қаратиш талаб этилади. Шунинг билан биргаликда, шаҳарнинг муҳитининг ўзига хослигини сақлаб қолиш шарт. Тарихий шаҳарларда оддий бинолар меъморий ёдгорликлар учун уларни қабул қилиш учун маълум шароитларни яратувчи фонгина бўлиб қолмасдан, ўзлари ҳам ушбу муҳитнинг қайтармаслигини яратувчи ёрқин жиҳатларга эга бўлади.
Агар оддий бинолар бадиий жиҳатдан аҳамиятга молик бўлмаса ҳам, меъморий ёдгорликлар билан биргаликда улар мавжуд бўлиши композиция жиҳатидан талаб этилади. Оддий бинолар меъморий ёдгорликларга нисбатан кўпроқ жисмоний ва маънавий емирилишга учрайди. Шунга қарамасдан, шаҳарлар тез ўсиб бормоқда, турар-жойлар учун янги ҳудудлар керак бўлади. Шу сабабли, бузиб ташланадиган оддий уйлар ўрнида шундай турар-жойлар ва бошқа бинолар қурилиши керакки, улар мавжуд меъморий ёдгорликлар билан бир бутун меъморий композиция хосил қилсин. Бундан ташқари, янги қуриладиган бинолар қурилишида замонавий қурилиш индустриясининг маҳсулотларини қўллаш имкониятлари бўлиши зарур.
Шаҳарнинг тарихий марказида янги, маҳобатли жамоат биноларини қуриш учун лойиҳачилар уни мавжуд обидалар билан уйғунлигини таъминлаш учун бор маҳоратларини ишга солишлари талаб этилади. Бунда янги бино шаклланган меъморий композициянинг бир қисмига айланишини таъминлаш зарур.
Реконструкциялашда транспорт муаммолари жиддий қийинчиликлар келтириб чиқаради. Кўплаб тарихий шаҳарларда транспортнинг асосий йўналишлари марказ орқали ўтган бўлиб, у ердаги меъморий ёдгорликларга путур етказиши мумкин, айниқса катта транзит машиналар ҳаракати бунга мисол бўла олади. Шу сабабли, хозирда тарихий обидалар зич жойлашган ҳудудларда транспорт ҳаракатини чеклаш, иложи бўлса умуман уларни узоқроқдан айланма йўллар орқали ўтказиб юбориш тадбирлари кўрилмоқда. Бунга Самарқанд, Бухоро, Хива каби шаҳарларимизда амалга оширилган ишларни мисол қилиб кўрсатиш мумкин. Шаҳар марказини транспорт ҳаракатидан халос қилиш, сайлгоҳлар-пиёдалар учун шароитлар яратиш атмосферани турли газлардан тозалашга ҳам хизмат қилади.
Тарихий шаҳарлар ўз ҳарактерига кўра жуда ҳам хилма-хил бўлади: катта ва кичик, тез ўсаётган, саноати ривожланаётган, ўзининг чегараларида қолаётган ва ш.к. Улар ўзининг табиий шароитлари, шаклланган даври, асосий биноларининг турлари, шакл-шамойили, мамлакат миқёсидаги ижтимоий-иқтисодий аҳамияти ва бошқалар ушбу шаҳарларни мутлақо бир бирига ўхшамайдиган қилади.
Шундай қилиб, ҳар бир шаҳар-уларнинг ўзига ўхшаш, мутлақо бир-бирини такрорламайдиган конкрет меъморий ечимларни талаб этувчи муаммодир. Шу нуқтаи назардан, бир неча тарихий шаҳарларни реконструкция қилиш ва реставрациялаш мисолларини кўриб чиқиш масадга мувофиқдир.
Львов ва Вильнюс шаҳарлари саноати ривожланган йирик шаҳарлар бўлиб, уларда кўплаб фан, маданият муассасалари, олий ва ўрта таълим масканлари жойлашган ва катта маъмурий функцияларга эга шаҳарлардир. Ҳар икки шаҳар ҳам ривожланиб, ўсиб бормоқда. Меъморий-шаҳарсозлик нуқтаи назаридан ушбу икки шаҳар учун умумий бўлган жиҳат шундан иборатки, уларнинг қадимий марказларида турли даврларнинг бадиий усулларининг намуналари ажойиб ва органик ҳолда қўшилиб кетган: готика, ренессанс, баракко, классицизм, модерн. Львов ва Вильнюс учун асрлар давомида вужудга келган капитал бинолар характерли бўлиб, ҳозирда уларга барча замонавий мухандислик тизимларини киритиш мумкин. Ушбу шаҳарларнинг марказларини консервация ва регенерация қилинган бўлиб, ундан мақсад-бебаҳо меъморий-шаҳарсозлик ёдгорликларини сақлаб қолиш ва ҳозирда уни фаол фойдаланиш учун мослаштиришдан иборат.
Эски Львовнинг марказий ядроси яхши сақланиб қолган. Унинг ҳудуди тўлиғича тарихий-меъморий ёдгорлик (қўриқхона) деб эълон қилиниб, унда ҳар қандай, хатто арзимас ўзгаришлар қилиш ҳам қатъий назоратга олинган. Давлат муҳофазасига нафақат бинолар, балки тўлиғича шаҳарсозлик таркиби олинган. Марказда янги қурилишлар қилиш таъқиқланган. Муҳофазага олинган бинолардан тўлиғича фойдаланилмоқда-уларда кишилар яшайди, корхона, ташкилот, муассасалар фаолият кўрсатади. Янги турар-жой районлари шаҳарнинг чекка ҳудудларида амалга оширилмоқда.
2-жахон уруши вақтида Вильнюс катта талафотларга учраган. Марказдаги тарихий бинолар орасида узилишлар, бўшлиқлар пайдо бўлган. Шаҳарнинг ҳажмий-фазовий ва режавий таркибини регенерация қилиш ушбу бўшлиқларни тўлдиришни тақазо этарди. Шу сабабли, шаҳарнинг тарихий марказида янги қурилишлар қилиш талаб этиларди. Янги биноларни йўқотилган бинолар ўрнида барпо этишда уларнинг уйғунлигини таъминлашга катта эътибор қаратилган. Катта аҳамиятга эга бўлган тарихий бинолар йўқотилган ҳолларда уларнинг шаклини тўлиқ тиклаш ишлари амалга оширилган.
Вильнюсда тарихий кварталларни реконструкция қилишга алоҳида аҳамият қаратилган, уларда маданият, савдо ва маиший хизмат обьектлари жойлашган бўлиб, турар-жой квартиралариги инсоляция бўйича энг қулай хоналар ажратилган. Ушбу кварталларнинг ҳовлилари нураган, бузилган биноларни бузиб тозаланган.
Шаҳарларни ривожлантириш эски шаҳар атрофида янги микрорайонлар барпо этиш ҳисобига амалга оширилиб, унинг шакли, шамойили ва композициясига салбий таъсир кўрсатмайдиган қилиб қурилган.
Қадимий рус шаҳри Владимир мутлақо бошқача характерга эга бўлиб, унда маҳобатли меьморчилик ёдгорликларининг гуруҳи табиат билан уйғунликда жойлашган (ажойиб бой рельеф, дарё), уни оддий шаҳар бинолари ўраб туради. Шунга қарамай, ушбу бинолар тарихий ёдгорликлар билан бирга уйғун муҳитни ташкил этади. Буларнинг ҳаммаси шаҳарнинг тарихий ядроси ҳисобланади ва ҳозиргача улар шаҳарнинг иш ҳаётининг маркази ролини бажариб келмоқда. Владимир йирик саноат шахри бўлиб, ривожланиб бормоқда ва буларнинг ҳаммаси уни реконструкция қилишни мураккаблаштиради.
Владимир шаҳрини реконструкция қилишда унинг тарихий ядросини сақлаб қолиш кўзда тутилган. Шунинг билан биргаликда, марказдан кўплаб корхона, ташкилотларни чиқариб юбориб, уни туристик марказга айлантириш, иш марказини эски марказга ёндош жойлашган янги районга кўчириш режалаштирилган.
Бунда тарихий муҳитни сақлаб қолиш катта қийинчиликларни келтирилиб чиқаради, чунки оддий бинолар салмоғи анча катта бўлиб, уларнинг тахминан 75 %и 50 % ва ундан кўп емирилишга учраган. Уларнинг қарийб ярми сув, канализация билан таъминланмаган, марказий иситиш тармоғига уланмаган. Хўжалик мақсадларига мўлжалланган бинолар ҳам талайгина бўлиб, улар ҳудуддан унумли фойдаланишга салбий таъсир кўрсатади. Буларнинг ҳаммаси турар-жой биноларини янгилашни талаб этади. Эски биноларни бузиб, янги 2-3 қаватли, қулайликларга эга биноларни тиклаш, уларни мавжуд меъморий – композицион муҳитга мослаштириш, қисман 1 қаватли биноларни сақлаб қолиб, уларда барча қулайликларни яратиш кўзда тутилган.
Ўзбекистонда шаҳарларни реконструкция қилиш бўйича ўзига ҳос бой тажриба тўпланган. Айниқса мустақиллик йўлларида пойтахтимиз Тошкент шаҳрини, вилоят марказлари ва кўплаб тарихий шаҳарларимизни реконструкция қилиш масалаларига жуда катта аҳамият берилмоқда. Бунда албатта мавжуд бебаҳо тарихий-меъморий обидаларни сақлаб қолиб, янги қуриладиган замонавий биноларни шаҳарларнинг шаклланган архитектуравий композицияси билан уйғунлигини таъминлаш, йўл – кўча ва мухандислик инфратузилмаларини меъёрий талабларга мослигини таъминлаш масалалари ҳал этилмоқда.
Сўнги йилларда мамлакатимиздаги Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива, Фарғона, Қарши, Урганч, Андижон, Наманган, Қўқон, Марғилон, Шахрисабз каби шаҳарларда олиб борилган катта миқёсидаги реконструкция- ободонлаштириш ишларини бунга ёрқин мисол тариқасида кўрсатиш мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |