Болалар учун амалий иш.
Болалар столига оқ қоғоз, рангли қаламлар, квадрат ва тўғри тўртбурчак шакллари ва учбурчак, доира, овалнинг майдароқ шакллари ҳам қўйилади.
Тарбиячи: Болалар сизлар келгусида чиройли бинолар қурувчи меъморлар, турли машиналар ёки буюмлар ихтиро қилувчи олимлар бўлиб етишишингиз мумкин. Бунинг учун ҳозирдан тайёрланиб боришингиз керак бўлади. Олдингизга қўйилган квадрат ва тўғри тўртбурчак шаклини оқ қоғозга тушуришингиз мумкин. Шундай усулдан фойдаланиб ўз қоғозингизга турли ихтиролар: ажойиб уйлар, машиналар, кўприклар ва бошқа нарсаларни тасвирлашингиз мумкин. Кейин уларни майда геометрик шакллар билан безатинг.
Тарбиячи намуна сифатида ўзи чизган расмлардан ёки аппликация ишларидан доскага қўйиб қўяди. Болалар мустақил тарзда ижод қиладилар. (Мусиқа садолари янграб туради).
Ишларини тугатган болалар ижодий ишларини таърифлаб берадилар.
Билимларни мустаҳкамлаш учун ўйин: «Сезгир бармоқлар»
«Сеҳрли халтача» га турли шакллар: турли геометрик шакллар, турли предметларнинг картондан қирқилган шаклларини солиб стол устига қўйилади.
Ўйин қоидаси: Болалар навбат билан келиб халтача ичига қўлларини солиб ундаги шаклларни пайпаслаб ушлаб квадрат ва тўғри тўртбурчакни топиб беради.
Айтилган шаклни топишда фақат қўл сезгисидан фойдаланилади, халтача ичига қаралмайди.
Болалар билимини текшириш ва мустаҳкамлаш учун саволлар:
1. Сиз қайси шакллардан фойдаланиб расм чиздингиз?
2. Квадрат ва тўғри тўртбурчак шаклларининг фарқини айтиб беринг.
3. Шаклларнинг фарқини бармоқларингиз билан қандай билдингиз?
Тарбиячи Фаолият давомида ва якунида болаларни ширин сўзлар билан рағбатлантиради.
Мавзу: Овал шакли билан танишамиз. Йил календари ҳақидаги билимларни мустаҳкамлаш
Мақсад:
Болаларнинг йил календари ҳақидаги тасаввурларини кенгайтириш.
Кутилаётган натижа:
Болалар йилнинг 12 ойга, ойларнинг ҳафталарга ва кунларга бўлинишини билиб оладилар.
Керакли жиҳозлар:
Календар
Катак дафтар (ҳар бир болага), рангли қаламлар
Фаолиятнинг бориши:
Тарбиячи: Болажонлар, сизларга бир эртак айтиб берайми? Эртагим Йил бобо ҳақида. Қадим замондан Йилбобо яшаб келар экан. Унинг 364 та сеҳрли таёқчаси бор экан. Йилбобо ҳар куни 1 тадан сеҳрли таёқчасини силкитиши керак экан. Нимага дейсизларми? Чунки сеҳрли таёқча силкиниши билан янги кун бошланар экан. Йилбобо барча таёқчаларини силкитиб бўлганидан кейин 1 йил тугаганини билар экан. Янги йилдан яна ҳар куни таёқчаларини силкитишни давом эттирар экан. Йилбобонинг борган сари ёши улғайиб борар экан.
Йилбобонинг 12 та фарзанди бор экан. Улар оталарига ёрдам бермоқчи бўлиб, шундай дейишибди: Отажон, сиз чарчаб қоляпсиз, келинг, биз сизга ёрдам берайлик, таёқчаларингизни бизга бўлиб беринг, биз уларни ҳар куни навбат билан силкитиб борамиз.
Йилбобо фарзандларидан жуда хурсанд бўлибди. 1-фарзандининг исми-март экан (шарқ тақвими бўйича), 2-апрел, 3-май, 4-июн, 5-июл, 6-август, 7-сентябр, 8-октябр, 9-ноябр, 10-декабр, 11-январ, 12-феврал. Барчасига 30 ёки 31 тадан таёқча берибди, лекин энг кичигига бошқаларга нисбатан озроқ таёқча тегибди. Шундай қилиб Йилбобога фарзандлари ёрдам беришни бошлабдилар.
Болалар, «сеҳрли таёқчалар» нима эканлигини билиб олдингизми? Сеҳрли таёқча бизнинг бир кунимиз экан.
Мана бу календарда Йилбобонинг 12 та фарзандининг исми ёзилган- булар ойлардир, уларнинг нечта сеҳрли таёқчаси-куни борлиги рақамлар билан ёзиб қўйилган. Одамлар календарга қараб бугун қандай кун ёки келгуси ой неча кун экан, деб билиб оладилар. Календарга қараб қайси куни нима иш қилишни белгилаб ҳам боришади.
Do'stlaringiz bilan baham: |