Кутилаётган натижалар:
Болалар 10 ичида тартиб билан санашга ўрганадилар.
Болаларда мустақил фикрлаш ва ижодкорлик қобилиятлари шаклланади.
Керакли жиҳозлар:
расм (ҳар бир болага).
Товуқ, жўжа шакли ёки ўйинчоқлар.
20 та таёқчалар.
Фаолиятнинг бориши:
Тарбиячи: Болажонлар, ҳозир сизларга Сардорбек деган бола ҳақида гапириб бераман. Сардорбек жуда ҳам одобли, ақлли бола экан. У ҳайвонларни, қушларни, гулларни, дарахтларни жуда яхши кўрар экан. Ҳайвонларга, қушларга озор берган, гулларни, дарахтларни синдирган болалар билан дўст бўлмас экан.
Сардорбек товуқ боқишни жуда яхши кўрар экан. Унинг битта товуғи анчадан буён жўжа очмоқчи бўлиб тухумларини босиб ётар экан. Тухумлар 10 та экан. Сардорбек ҳар куни тухумлардан жўжа чиқдимикин деб пойлар, лекин ҳеч жўжа чиқай демас экан. Бир куни Сардорбек уйқудан уйғониб бет-қўлларини юваётса “чи-чи-чи” деган овоз эшитилибди. Сардорбек югуриб товуқнинг олдига борса 3 та жўжа “чи-чи” деб турган экан. У жуда қувониб кетибди. Жўжалари жуда ҳам чиройли экан (жўжа тасвири кўрсатилади). Жўжалар қандай рангда экан? Тўғри, жўжалар сариқ рангда экан.
Орадан 1 кун ўтиб яна иккита жўжа тухумдан чиқибди. Жўжалар сони нечта бўлибди? Тўғри, жўжалар сони 5 та бўлибди. Орадан бир кун ўтиб яна 3 та жўжа тухумни очиб чиқибди. Қани болалар санайликчи, жўжалар сони нечта бўлди экан? 1, 2, 3, 4, 5, 6, 7, 8. Баракалла, жўжалар 8 та бўлибди. Сардорбек қолган тухумлардан ҳам жўжалар тезроқ чиқишини кутибди. Эртасига қараса 1 та жўжа тухумдан чиқибди. Жўжалар 9 та бўлибди. Энди битта тухум қолибди, Сардорбек ундан қачон жўжа чиқар экан деб пойлайвериб чарчабди.
Опаси: Энди бу тухумдан жўжа чиқмаса керак, уни ташлаб юбора қол, деган экан, Сардорбекнинг тухумни ташлаб юборгиси келмабди. Ахир унинг ичида жўжа бўлиши мумкин. Охири бир кун 10-жўжа ҳам чиқибди. Сардорбек жуда ҳам хурсанд бўлибди, Сардорбек жўжаларини жуда ҳам эҳтиёт қилиб боқибди. Бир куни жўжаларининг олдидан мушук югуриб ўтиб кетибди. Сардорбек дарҳол жўжаларининг олдига югуриб бориб уларни санаб кўрибди: 1, 2, 3, 4, 5, 6, 7, 8, 9, 10. Ҳа, ҳаммаси бор экан. Болалар, сизлар ҳам Сардорбекка ўхшаб жониворларни, гулларни, дарахтларни яхши кўрасизларми? Жуда яхши.
Тарбиячи 10 сони катта қилиб ёзилган карточкани болаларга яхши кўринадиган жойга илиб қўяди ва тушунтиради: Болажонлар, мана бу сон –10.
10
Билимларни мустаҳкамлаш учун ўйин:
10 тадан таёқча 50 см оралиқда нарвонча шаклида 2 жойга қўйилади.
32-расм.
Болалар 2 гуруҳга бўлинадилар ва нарвонча олдига 1 қатор бўлиб турадилар. Тарбиячининг ишораси билан болалар ҳар бир таёқча устидан икки оёғини жуфтлаштириб сакраб ўтишлари ва ҳар бир таёқчадан ўтаётганда унинг сонини айтишлари керак. Масалан: 1, 2, 3, 4, 5, 6, 7, 8, 9, 10.
Болаларнинг ҳаммаси таёқчалардан сакраб бўлганларидан сўнг улар иккинчи томонга сафланиб оладилар. Улар яна бир мартадан сакраб ўтадилар ва яна аввалги жойга сафланиб оладилар.
Болалар учун амалий иш.
Доираларнинг қаторини тузинг. Доираларга нуқталарни шундай қўйингки, биринчидан охиргисигача биттадан нуқта кўпайиб борсин. (Қўйилган нуқталарни болалар санайдилар).
31-расм.
Болалар билимини текшириш ва мустаҳкамлаш учун саволлар:
Иккита жўжа бир жойда турибди, уларнинг оёқларини ҳисобланг.
9 сонидан кейинги сонни айтинг.
Битта қўлингизда нечта бармоқ бор?
Иккита қўлингизда нечта бармоқ бор?
10 сонида нечта 1 бор?
Фаолият якунида ҳамма болаларни рағбатлантириш.
Do'stlaringiz bilan baham: |