2.3.Ўзбекистон Республикаси банклари(Ассоциация) Уюшмасининг ташкил этилиши, унинг асосий мақсадлари ва банк тизимини ислоҳ қилишдаги ўрни
Ўзбекистон Республикасининг «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги қонунига кўра банклар ўз фаолиятларини мувофиқлаштириш, манфаатларини ҳимоя қилиш ва биргаликдаги дастурларни амалга ошириш мақсадларида турли уюшмалар, иттифоқлар ва бирлашмалар тўзишлари мумкин.
Ана шунга асосан 1995 йилда республикада фаолият кўрсатаётган тижорат банклари томонидан Ўзбекистон банклари Ассоциацияси (уюшмаси) ташкил этилди. Ассоциациянинг таъсис сезди 1995 йил 28 июлда бўлиб ўтди. Унда ҳукумат муассасалари, мамлакатда фаолият кўрсатаётган банклар ва жаҳоннинг етакчи молиявий ташкилотларидан 600 дан ортиқ вакиллар қатнашдилар. Съездда Ассоциациянинг Устави қабул қилинди ва Ўзбекистон банк тизимини ривожлантиришнинг комплекс дастури тасдиқланди.
Бугунги кунда мамлакатдаги барча банкларни бирлаштирган банклар Ассоциацияси Ўзбекистон бозор иқтисодиётида ўзига хос, ноёб ташкилот ҳисобланади ва бошқа банкларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилувчи, банк инфра тўзилмаларини ривожлантиришга қобил бўлган, ўз аъзоларига кадрлар ва илмий таъминот борасида хизмат кўрсатувчи, мувофиқ қонун базасини ташкил этувчи қудратли молиявий ва ўқув - холдингини намоён қилади.
Ассоциациянинг бош мақсади – мамлакат тижорат банкларини халқаро андозалар даражасига кўтариш ва уларнинг жаҳон банк тизимига интеграциясини (қўшилишини) таъминлашдир.
Ўтган қисқа давр ичида Ўзбекистон банклари Ассоциацияси томонидан амалга оширилган эътиборга молик тадбирлар сифатида қуйидагиларни келтириш мумкин:
Ассоциация ташаббуси билан мамлакатдаги барча тижорат банклари икки йил муддатга (1995-1998 й.й.) солиқлардан озод этилди. Ушбу маблағларнинг 50 фоизи Ассоциация орқали банклараро ҳарактерга эга бўлган тадбирларга, қолган 50 фоизи эса бевосита банкларни ривожлантиришга (бинолар, компюьтерлар, алоқа ва транспорт воситаларини сотиб олиш ва бошқаларга) сарфланди.
Ассоциация томонидан банк ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малака оширишларининг ўзлуксиз 5 босқичли тизими ишлаб чиқилди ва унга кўра:
а) 1996 йилда ҳар йили 3000 ўқувчи таълим оладиган жами 39 та, шу жумладан Тошкент шаҳрида – 13 та, Нукус шаҳри ва вилоят марказларида 2 тадан ихтисослашган банк синфлари очилди;
б) Тошкент, Самарқанд, Урганч, Тўрткўл шаҳарлари ва Андижон вилояти Олтинкўл туманида ихтисослашган банк коллежлари ташкил этилди;
в) Тошкент Давлат иқтисодиёт университети ва Тошкент молия институтларида банк мутахассислиги талабалари учун махсус стипендиялар жорий қилинди;
г) 1996 йилда банк ходимларининг малакаларини ошириш бўйича Минтақавий Банк Ўқув Маркази (РБУЦ) ўз фаолиятини бошлади;
д) Чет эл банклари ва молия муассасалари билан биргаликда банк, молия ва солиқ соҳалари учун малакали мутахассисларни тайёрлаш мақсадида 1996 йилда Банк -молия академияси иш бошлади;
Молия бозорида хизматларнинг сифат жиҳатидан янги турларини таклиф этиш мақсадида 12 та компания ташкил этилди. Улар қуйидагилар:
мамлакат банк секторининг суғурта ҳимоясини таъминлаш учун «Ишонч» Банклараро суғурта жамияти ташкил этилди;
ихтисослашган банк синфлари, лицей, банк коллежлари ва иқтисодий олий ўқув юртларида ўқитишнинг умумий концепциясини ишлаб чиқишда катнашиш, ўқув режалари ва дастурларини ишлаб чиқиш, такомиллаштириш ва қўллаш, дарсликлар ва ўқув - дастурий қўлланмалар чоп этиш ҳамда семинарлар ўтказиш, ўқитувчилар малакасини ошириш учун ўқитишни уюштириш ва бошқа мақсадлар учун «Таълим-тараққиёт» ўқув-услубий маркази ташкил этилди;
Ассоциация томонидан ташкил этилган «Ахбор Рейтинг» Банклараро рейтинг компанияси Кредит ташкилотларининг ишончлилик даражаси қиёсий таҳлилини ўтказиш учун фойдаланиладиган ахборот майдонини шакллантириш билан шуғулланади;
фуқароларнинг банкларга қўйилган омонатларини ҳимоя қилиш мақсадида «Омонат ҳимоя» суғурта жамғармаси ташкил этилди;
кичик ва хусусий бизнес ҳамда хусусий тадбиркорликни қўллаб- қувватлаш, бозорни юқори сифатли маҳаллий халқ истеъмоли товарлари билан тўлдириш, товар, иш ва хизматларга бўлган талабни қондириш мақсадида «Барака» Универсал лизинг компанияси ҳамда ўзбек-америка қўшма корхоналари «Ўзкейсагролизинг» ва «ЎзКейсСервис» ташкил этилди;
мамлакатда банк биноларини қуриш, уларни энг замонавий банк технологиялари ва молиявий хизматлар билан таъминлаш, янги офис жиҳозлари ҳамда халқаро андозаларга мос молиявий телекоммуникацияларни синаб кўриш мақсадларида «Молия Бинокор Хизмат» шўба корхонаси ташкил этилди;
банк, молия ва солиқ ишлари бўйича мамлакатда халқаро талабларга жавоб берадиган малакали мутахассислар тайёрлаш мақсадида 1996 йилда Банк- Молия академияси ташкил этилди;
тўлов тизимини такомиллаштиришга катта аҳамият берилган ҳолда, 1996 йил охирида банк тизимлари ва ахборот технологиялари бўйича фаолият кўрсатадиган «Пластик Карт» банклараро инновацион компанияси ташкил этилди;
тижорат банкларининг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида 1996 йилда «Молия Ҳуқуқ Хизмат» банклараро ҳуқуқий хизмат маркази ташкил этилди;
Миллий ва хорижий қимматбаҳо қоғозлар бозорига банк капиталини жалб этиш ва ундан самарали фойдаланиш мақсадида «Инвест траст» инвестицион траст компанияси ташкил этилди;
банк муассасалари тармоғини кенгайтириш, уларнинг моддий – техник ва инженер-техник таъминоти даражасини салмоқли равишда кўтариш мақсадида Малайзиянинг ихтисослашган фирмаси билан биргаликда қўшма корхона сифатида «Ҳамроҳ лойиҳа Инвест» лойиҳа – инжиниринг ва консалтинг компанияси ташкил этилди.
Ҳозирги пайтда Ўзбекистон банклари Ассоциациясининг Қорақалпоғистон Республикаси, Жиззаҳ ва Фарғона вилоятларида филиаллари фаолият кўрсатмокда. Ассоциация мамлакат банк-молия муассасаларининг халқаро ва минтақавий молия ташкилотларига интеграциясини чуқурлаштириш мақсадларида Европа ва Американинг деярли барча банклар Ассоциациялари ҳамда Осиё банклар Ассоциацияси ва Тинч океани молия ва ривожланиш институтлари Ассоциацияси (АФИРАТ) билан фаол ҳамкорлик қилиб келмокда.
Do'stlaringiz bilan baham: |