Мавзу бўйича ўз билимини мустахкамлаш учун саволлар
Банк тизими деганда нима тушунилади?
Ўзбекистонда неча погонали банк тизими амал килмокда?
Ўзбекистонда 1991 йил 15 февралда кабул қилинган «Банклар ва банк фаолияти тугрисида»ги қонунда нималар асосланди?
Ўзбекистонда 1995 йил 21 декабрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Марказий банки тугрисида»ги қонунда нималар кўзда тутилган?
1996 йил 25 апрелдаги «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги конунда қандай асослар яратиб берилди?
Ўзбекистон Республикаси банклари Ассоцациясининг ташкил этилишидан асосий максад нимадан иборат?
Ассоциация ташаббуси билан мамлакатдаги барча тижорат банклари икки йил муддатга (1995-1998 й.й.) солиқлардан озод этилган маблағлар қайси мақсадларда ишлатилди?
Ассоциация томонидан банк ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малака оширишларининг ўзлуксиз 5 босқичли тизими ишлаб чиқилди ва унга кўра қандай ишлар амалга оширилди?
Молия бозорида хизматларнинг сифат жиҳатидан янги турларини таклиф этиш мақсадида 12 та ташкил этилган компаниялар қандай вазифаларни амалга оширади?
3. МАРКАЗИЙ БАНКЛАР ВА УЛАРНИНГ АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ
Асосий тушунчалар
Марказий банк
Худудий бош бошқармалар
Лицензия
Хазинабон
Пул-кредит сиёсати
Молиявий маслихатчи
Корреспондентлик счётлар
3.1. Марказий банкларнинг вужудга келиши ва ривожланиши
Марказий банкларнинг вужудга келишига асосий сабаб мамлакатда банкноталарни муомалага чиқарилиши ва уларни ишончли банклар кўлида марказлаштириш заруратидир.
Давлат қонуний йўл билан марказий банкларни қўллаб-қувватлаган ва ягона эмиссия банкига айлантирган. Дастлаб вужудга келган банклар марказий ёки тижорат банкларига бўлинмаган. Улар пул маблағларини сақлаш, кредит бериш ва тўловларни амалга ошириш билан шуғулланганлар, кейинчалик улар маблағларни йиғиш мақсадида муомалага банкноталарни чиқарганлар. Банкларни йириклашуви, банк ишининг ривожланиши натижасида банкноталарни муомалага чиқариш йирик тижорат банклари кўлига ўта борган ва кейинчалик бирор йирик банк ихтиёрига берилган. Бу банк «миллий» ёки «эмиссион» банк, кейинчалик «марказий банк» деб аталган. Марказий банк кредит тизимини бошқариб турувчи, яъни мамлакатдаги барча банклар фаолиятини назорат қилиб турувчи кредит муассасаси сифатида намоён бўлади.
Марказий банкларнинг вужудга келишида икки йўл мавжуд:
Биринчи йўл - бу Узоқ давр давомида тижорат банкларининг ривожланиши натижасида уларни миллийлаштириш йўли билан марказий банкларнинг ташкил этилиши. Бунга мисол қилиб Англияда 1844 йил, Францияда 1848 йил, Испанияда 1874 йил, Германияда 1875 йил ва Италияда 1893 йилда тижорат банкларининг марказий банкка айлантирилганини кўрсатиш мумкин.
Иккинчи йўл - ташкил қилингандаёқ марказий банк, яъни эмиссион марказ сифатида қабул қилинган банклар.
Бундай банклар сифатида АҚШ Федерал банклари, 1913 йилларда кўпгина Лотин Америкаси мамлакатларида ташкил этилган банклар, Австрия банки ва бошқаларни мисол келтириш мумкин.
Марказий банклар ўз капиталини шаклланишига кўра давлат, акциядорлик ва аралаш банклар турларига бўлинади. Масалан, Англия, Франция, Германия, Дания ва Россияда марказий банклар 100% давлат мулкига, Италия ва АҚШ да эса 100% банклар мулкига, Япония, Нидерландия, Польша, Швейцария ва Австрияда 50-57 % гача давлат мулкига асосланган.
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки 1991 йилда ташкил этилган ва тўлиқ равишда давлат мулкига асосланган.
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва «Ўзбекистон Ресубликаси Марказий банки тўғрисида» ги Қонун асосида фаолият кўрсатади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий мажлисига ҳисобот беради.
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки марказлаштирилган ягона бошқарув тизимига эга бўлиб, унга Марказий аппарат ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар бўйича ҳудудий Бош бошқармалар киради, яъни:
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки фаолияти қуйидаги мақсадларга йўналтирилган:
- миллий валюта (сўм)ни ҳимоялаш ва барқарорлигини таъминлаш, унинг ҳарид қобилияти ҳамда хорижий валюталарга нисбатан курсини мустаҳкамлаш;
- Ўзбекистон Республикаси банк тизимини ривожлантириш ва мустаҳкамлаш;
- ҳисоб-китоблар тизимининг ўзлуксиз ва самарали фаолиятини таъминлаш.
Do'stlaringiz bilan baham: |