6. Кредит муносабатларининг халқаро миқёсда, яъни мамлакатлар ўртасида амалга оширилиши халқаро кредитни юзага келтиради. Халқаро кредитнинг ўзига хос хусусиятларидан бири шуки, қарз берувчилар ва олувчилар бошқа-бошқа мамлакатларда фаолият кўрсатадилар. Қарз берувчи ва қарз олувчилар сифатида давлатлар, давлат идоралари, банклар, компаниялар, фирмалар, халқаро ва минтақавий молия-кредит ташкилотлари қатнашадилар. Халқаро кредит товар ва валюта шаклида берилади. Халқаро кредит асосан, ривожланган давлатлар, халқаро молия-кредит ташкилотлари, йирик компаниялар, фирмалар ва банклар томонидан ривожланаётган мамлакатларга берилади.
Ҳозирда Ўзбекистон иқтисодиётида АҚШ, Япония, Германия, Буюк Британия, Исроил, Жанубий Корея ва бошқа мамлакатлар, Халқаро валюта фонди, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Осиё тараққиёт банки, Халқаро молия корпорацияси каби халқаро молия-кредит ташкилотлари томонидан берилган кредитлардан фойдаланилмоқда. Халқаро молия институтлари ва хорижий давлатлар ҳукуматларининг имтиёзли кредит линиялари ва грантларини кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини молиялаштириш мақсадларига қуйидаги ҳажмда жалб этиш режалаштирилган:
75 млн. долл. – 2011 йилда
90 млн. долл. – 2012 йилда
110 млн. долл. – 2013 йилда
130 млн. долл. – 2014 йилда
155 млн. долл. – 2015 йилда
7. Ломбард кредити деганда осон ва тез сотиладиган, кўзғалувчан мол-мулкни гаровга олиш орқали қисқа муддатга бериладиган кредит тушунилади.
Ломбард кредитини олиш учун қарз олувчи ўз мулкини ломбард муассасасига олиб бориб гаровга қўяди. Бундай мулклар қаторига қимматбаҳо металлар ва тошлардан тайёрланган заргарлик буюмлари, идишлар, санъат асарлари, қадимий ва ноёб қимматбаҳо ашёлар, аудио-видео аппаратура, қимматбаҳо қоғозлар ва бошқалар кириши мумкин. Гаровга қўйилган мулк қиймати мутахассис томонидан баҳоланади. Қимматбаҳо қоғозлар қиймати эса биржа курси бўйича аниқланади. бериладиган кредит суммаси гаровга қўйилган мулк қийматининг белгиланган қисмини ташкил этади. Масалан, қимматбаҳо металлар ва тошлар бўйича – 90 % гача, бошқа мулклар бўйича – 75 % гача, қийматли қоғозлар бўйича – 50 % дан 80 % гача.
Ломбард кредити 3-4 ойгача берилади. Агар кредит олувчи белгиланган муддатда кредитни қайтарса, гаровга қўйилган мулк унга қайтариб берилади. Агар кредит қайтарилмаса, мазкур мулк ломбард мулкига айланади.
Ҳозирда хорижий мамлакатларда ломбард кредитидан кенг фойдаланилади. Ломбард муассасалари деярли барча шаҳарларда фаолият кўрсатади.
Ўзбекистонда хозирда 58 та ломдардлар бўлиб улар асосан Тошкент шаҳри ва барча вилоят марказлари ҳамда йирик шаҳарларида фаолият кўрсатган. Жумладан Самарканд шахрида “Хазина холд” ва “Малахит” ломбард ташкилотларини мисол келтириш мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |