Мавзу бўйича ўз билимини мустаҳамлаш учун саволлар
Ссуда деб нимага тушунилади?
Ссуда фоизи деб нимага айтилади?
Ссуда фоизи қандай белгиланилади?
Ссуда фоизи қандай вазифаларни бажаради?
Ссуда фоизининг турлари қандай?
Ссуда фоизига таъсир этувчи омиллар нималардан иборат?
5. КРЕДИТ БЕРИШ ТАРТИБИ
Асосий тушунчалар
Кредит сиёсати
Кредит буюртмаси
Кредитга лаёқатлилик
Кредит шарномаси
Кредит таъминоти
Кафолатнома
Ишонч хати
Суғурта полиси
5.1. Кредит бериш ва расмийлаштиришнинг умумий тартиби Тижорат банкларининг кредит сиёсати “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”, “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”, “Гаров тўғрисида”, “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунлари, Президент фармонлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2005 йил 15 апрелдаги ПҚ-56-сонли “Банк тизимини янада ислоҳ қилиш ва эркинлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ва “Уй-жой қурилиши ва уй-жой бозорини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорлари, Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йилнинг 15 январидаги “Банк тизимини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 24-сонли, 2000 йилнинг 24 мартидаги “Банк тизимини ислоҳ қилишга доир қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида” ги 104-сонли, 2002 йилнинг 4 декабридаги “Банкларнинг кредитлари бўйича қарздорлик ўз вақтида қайтмаган тақдирда ундирувни қарздорларнинг ликвидли мол-мулкига қаратиш тартибини тасдиқлаш тўғрисида”ги 422-сонли қарорига, Адлия Вазирлиги томонидан 2000 йил 2 мартда 905-сон билан рўйхатга олинган “Тижорат банклари кредит сиёсатига нисбатан қўйиладиган талаблар тўғрисида”ги Низоми ва бошқа амалдаги меъёрий ҳуқуқий ҳужжатлар асосида ишлаб чиқилиб, тижорат банкининг молия йили мобайнида кредитлаш жараёнида юзага келувчи таваккалчилигини бошқаришда банк раҳбарияти томонидан қабул қилинадиган чоралар ва услубларни белгиловчи ҳамда банк раҳбарияти ва ходимларининг кредит портфелини самарали бошқариш, шунингдек, мижозларни кредитлаш жараёнида кенг қамровли банк хизматларини кўрсатиш соҳасидаги асосий стратегия ва тактикасини белгилайди.
Кредит сиёсати тижорат банкининг даромадли ва барқарор фаолият юритиши, унинг рақобатбардошлигини ошириш нуқтаи-назаридан оптимал, ҳар тарафлама мувозанатлашган кредит портфелини шакллантириш ҳамда кредитлаш жараёнида юзага келувчи банк таваккалчилигини бошқаришга йўналтирилади.
Кредит сиёсати тижорат банки стратегиясининг бир қисми сифатида стратегик жиҳатдан, кредит бозорида банкнинг ҳаракат қилишидан кўзлаган мақсадини, тамойилларини ва йўналишларини, тактик жиҳатдан эса молиявий ёки бошқа воситаларни, кредит битимларини амалга оширишдан банкнинг стратегик мақсадларига эришиш йўналишларини ва қоидаларини ҳамда кредитлаш жараёнини ташкил этиш тартибини ишлаб чиқишни ўз ичига олади.
Do'stlaringiz bilan baham: |