4-ўқув саволи:
Жамоат тартиби ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича хизматни ташкиллаштириш ва олиб бориш
Маъмурий-режим тадбирларини таъминлаш ва жамоат тартибини сақлаш асосан ИИВ бўлинмаларига юклатилади. Ушбу мақсадларда, ИИВ бўлинмалари ДХХ органлари билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикаси фуқаролари томонидан белгиланган жамоат тартибига амал қилишларини таъминлашга йўналтирилган чора-тадбирларни режалаштиради, маъмурий ва жиноий тавсифдаги ҳуқуқбузарликларни олдини олади, хорижий давлатлар фуқароларининг ёпиқ (ташриф буюрилиши чекланган) шаҳар ва ҳудудларга келишини назорат қилади, жамоат тартибини сақлаш мақсадида ҳарбий-сиёсий иғво, оммавий тартибсизликларнинг олдини олиш чораларини кўради. Миллий гвардия бўлинмалари ички ишлар органларига жамоат тартибини сақлашда кўмаклашиш учун жалб қилинади.
Кундалик фаолиятда Миллий гвардия бўлинмалари хавфсизликни таъминлаш, аҳолини ҳимоя қилиш ва жамоат тартибини сақлаш вазифасини бажариш бўйича, ҳарбий қисм штаби томонидан ИИВ, ДХХ ва ФВВ ҳудудий органлари билан ҳамкорликда ойлик ишлаб чиқилувчи, куч ва воситаларни мажмуавий қўллаш режасига асосан жалб қилинади, режа келишилгандан кейин ҳарбий қисм штаби томонидан тезкор (командирлик), жанговар ва махсус тайёргарлик (тадбирлар режаси) режалари, шу билан бирга жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва биргаликдаги тадбирлар бўйича ҳамкорликдаги тадбирларда қатнашиш режаси тузилади ва ҳудудий бошқарма бошлиғига тасдиқлатишга тақдим этилади.
Тадбирлар режасида кўрсатилмаган куч ва воситаларни қўллаш қаттиян тақиқланади. Қўшимча куч ва воситаларни қўллаш катта командирнинг рухсати билан, бўйсунув кетма-кетлиги бўйича билдирги бериш билан амалга оширилади.
Ҳамкорликдаги органлар раҳбарларидан ойлик тадбирлар режасида кўрсатилмаган жавобгарлик ҳудудида жамоат тартибини сақлаш ва аҳолининг хавфсизлигини таъминлаш бўйича жанговар-хизмат вазифаларни бажариш учун сўровномалар тушганда, ҳарбий қисм ва бўлинмалар жамоат тартибини сақлаш ва аҳоли хавфсизлигини таъминлаш бўйича Миллий гвардия ҳудудий бошқарув органи раҳбарининг ҳамкорликдаги вазирлик
ва идоралар ҳудудий бошқарув органлари ҳамда жойлардаги бошқарув органларининг сўровномалари асосида Миллий гвардия қўмондони билан келишилган қарори бўйича жалб қилиниши мумкин.
Бўлинмаларни оммавий тадбирлар давомида жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича хизматга тайёрлаш тадбирлари ўз ичига: ҳарбий хизматчиларга юзага келган тезкор вазият ва олинган вазифаларларни етказилишини; шахсий таркибга тегишли йўриқномалар берилишини; тарбиявий ишларга доир тадбирлар ўтказилишини; фаол ҳимоя ва мудофаа воситалари, махсус техника, алоқа ва транспорт воситалари, кийим-кечак ва анжом-аслаҳалар ҳозирланишини; тегишли машғулотлар, саф кўриклари ва машқлар ўтказилишини мужассам этади.
Ҳамкорлик қилувчи вазирлик ва идораларнинг бўлинмалари билан биргаликда хавфсизликни таъминлаш бўйича вазифаларни бажариш учун патруль, автопатруль, назорат-ўтказиш пунктидаги қўшин наряди, тўсиш (заслон), қўшинли занжир, ўта муҳим объектлар, давлат ҳокимияти объектларининг муҳофазасини кучайтирадиган қўшин наряди ва захира кучлар тайинланади.
Патруллик хизматининг асосий турларига қуйидагилар киради:
патруль – қўйилган вазифаларни ички ишлар бўлими ходими раҳбарлигида, тайинланган йўналиш бўйлаб, қонунбузарлик ҳолатларини ўз вақтида фош этиш, олдини олиш, жиноятчилар ва уларнинг шерикларини аниқлаш мақсадида фуқароларнинг хатти-ҳаракатларини пиёда (транспортда) юрган тарзда кузатиб бориш, шунингдек, ушбу йўналишда жойлашган жой ва объектларни муайян изчилликда кўздан кечириб бориш йўли билан вазифаларни бажарадиган, икки-уч нафар ҳарбий хизматчидан (хусусан, патруль бошлиғи ва патруллардан) иборат ҳаракатчан наряд. Патруль йўналиши деб атрофини кўриш ва эшитиш имконияти мавжуд ҳудудлар кирувчи ҳаракатланиш учун белгиланган йўлга айтилади;
жамоат тартибини сақлаш патрули – белгиланган йўналиш бўйича пиёда ҳаракатланиш усули билан хизмат автомобилида, фуқаролар томонидан жамоат тартибига риоя этилиши устидан назорат олиб борувчи, ҳуқуқбузарликларни олдини олиш бўйича жойларни ва уларда жойлашган объектларни кетма-кетликда кўрикдан ўтказувчи ҳарбий хизматчи ва ходимлар таркибидан иборат наряд тури.
Do'stlaringiz bilan baham: |