Муносабат васвасаси васваса тизими ташкил топишининг бошланғич босқичида кузатилади. Беморга атрофдаги одамлар (оғайнилари, ўртоқлари, бегоналар) унгa нисбатан муносабатини ўзгартиргандек туюлади. Унинг хаёлида ёмон ниятли одамлар унга қарши ёмон нарсалар уюштираётгандек бўлади. Унинг устидан кулиб, ёмон ниятли, ғазабли кўзлар билан қарашаётгандек бўлади. Бемор ўз яқинларига шубҳа ва ишончсизлик билан қарай бошлайди. Касаллик ривожланиши билан васвасанинг бошқа кўринишлари, яъни таъқиб қилиш васвасаси пайдо бўлади. Бемор таъқиб объекти, уни бир ёки бир гурух одамлар (қўшнилари, оғайнилари, дўстлари, бегоналар) ёки бутун ташкилот ҳатто чет эл разведкачилари таъқиб қилаётгандек бўлади. Бемор уни ҳар доим таъқиб қилишаётганига иймони комил ва таъқиб қилишдан мақсад уни ва яқинларини ўлдириш, ишдан бўшатиш, олийгохдан ҳайдаш деб билади. У ўзининг таъқиб қилувчиларини кўчада, жамоатда, иш жойида, транспортда уларнинг мимикасидан, ҳаракатларидан ва сўзлашларидан билади.
Таъсир қилиш васвасаси (руҳий ва жисмоний заҳарлаш) кўп холларда таъқиб васвасаси билан келади. Бемор унга таъқиб қилувчилар рухан ва жисмонан, гипноз, телепатия, экстрасенс, магнетизм, космик рентген ва лазер нурлари, электр токи, изотоплар ва бошқалар билан таъсир қилаётганини айтади. Энг янги аппаратларни қўллаб унинг овқатига заҳар солиб, хоналарини газлаб радиоактив воситалар билан нурлантириб, кучли жавҳарлар билан куйдириб ўлдирмокчи эканлигини айтади. Ташқи таъсир кўп тизимлар ва аъзоларни, асосан бош мия ва сийдик-таносил аъзолар фаолиятини бузишга йўналтирилган деб тушунишади.
Махсус аҳамиятли васваса ғоялар бунда беморга кундалик одатдагидек воқеаларга маҳсус мазмун беради. Масалан, даволовчи шифокор беморга унинг ўлим куни яқинлигини билиб қора кўйлак кийганлиги, кулдонда чеқилган сигаретни қолдириш (хоч шаклида) унинг ўлиши ва кўмилишини англатади деб тушунади.
Саҳналаштириш васвасаси (интерметаморфозлар) Бемор атрофдаги муҳит доим ўзгараётганини, маълум (сценарий) бўйича кино олинаётганини таъкидлайди. Икки ёқлама ўйин, яъни бемор ётган касалхона эмас, балки текширув бўлими, шифокор ва тиббиёт ҳамширалари эса халат кийиб олган текширувчилар, касаллик тарихи эса унинг устидан очилган жиноий иш деб ўйлайди. Бегона одамларни яқин кишилари, лекин бегоналардек гримланган ёки тескариси, қариндош ва танишларини — бегоналар, лекин танишлардек гримланган деб тушунади. Ижобий ёки салбий эгизаклар — эгизаклик васвасаси аломати (Капгра синдроми), яъни атрофдагиларни ёлғон таниш синдроми.
Do'stlaringiz bilan baham: |