242-расм. Литосфера плиталарининг палеоген даврида тутган ўрни.
Палеоген давридаги тектоник ҳаракатлар натижасида Евросиё қуруқлиги Ўрта ер денгизи ва Ғарбий Тинч океани қамбарларида қўтарилган тоғ тизмалари ҳисобига анча кенгайган. Зонд архипелаги материкка қўшилиб кетган; Болқон яримороли Кичик Осиё билан туташган, Европа ҳозирги Гибралтар бўғози районида Африка билан қўшилган. Шимолий-ғарбда Евросиё яна Шимолий Америка билан қўшилган.
Неоген давомида Евросиёнинг жанубида тоғ ҳосил бўлиш жараёни давом этган бўлиб, у Тетис океанининг ёпилишига ҳамда Европа ва Осиёнинг жанубий районларида тоғ қамбарининг шаклланишига олиб келган. Илгари мавжуд бўлган синклинал ботиқликлар ҳам қўшилиб кетган геоантиклинал тепаликлар кенгайган, олдинги структураларга устама тушган тоғоралиғи ботиқликлари вужудга келган. Бу тоғоралиғи ботиқликларининг чегараларида вулканизм фаолият кўрсатган ер ёриқлари шаклланади. Альп-Ҳимолай ороген қамбарининг четларида платформалар билан чегарасида чекка ботиқликлар вужудга келади ва улар аста-секин моласса ётқизиқлари билан тўлдирилади.
Неогеннинг охири ва тўртламчи даврнинг бошида Альп-Ҳимолай қамбаридаги тоғ тизмалари ва уларни ўраб турган ҳудудлар янада кўтарилади. Осиёнинг ички районларидаги тектоник фаоллашув қудратли кучга эга бўлган. Шу туфайли Ҳимолай, Тибет, Қорақорум ва уларга ёндошган Марказий Осиёнинг ўта баланд тоғлари – Кунлун, Тиён-Шон ва б. вужудга келади. Европада Альп, Карпат, Кавказ, Апеннин, Андалус тоғлари пайдо бўлади, лекин улар Осиё тоғларидан дерли икки марта пастдир. Скандинавия тоғлари анча кўтарилади, Европанинг марказий қисмидаги кечки палеозой тоғлари ва Болтиқ кристалли қалқони озроқ янгиланади. Ҳудудларнинг кўтарилиши кенг майдонларнинг чўкиши ва олд ботиқликларнинг ётқизиқлар билан тўлдирилиши орқали кечган. Буларнинг барчаси материкларнинг ҳозирги кўринишига олиб келган (243-расм).
Атлантиканинг шимолий қисми ва Шимолий Муз океанининг қўшни районларини қамраб олган чўкиши Евросиёнинг Шимолий Америкадан ажралишига ва Шпицберген архипелагининг алоҳида қуруқлик бўлиб қолишига сабабчи бўлган. Тўртламчи даврда Британия ороллари Ла-Манш бўғози орқали материкдан ажралиб қолади. Ўрта ер денгизининг ғарбий қисмида чуқур котловина вужудга келади. Унинг шарқий қисмида Эгей денгизи ўрни анча чўкади. Болқон яримороли ва Кичик Осиёни бирлаштирган қуруқлик ҳам парчаланиб, Эгей ва Қора денгизлари орасидаги бўғоз ҳамда Мармар денгизи ботиқлиги вужудга келади.
243-расм. Кайнозой структураларининг ҳозирги тутган ўрни. 1-альп бурмаланиш вилоятлари: 1-Шимолий Америка, 2-Жанубий Америка, 3-Ўрта ер денгизи, 4-ПонтғЭрон, 6-Ҳимолай, 6- Шарқий Осиё, 7-Индонезия; 2- олдинги консолидация вилоятлари; 3-эпиплатформали фаоллашувнинг асосий вилоятлари: I - Қояли тоғлар, II-Тиён-Шон, III-Тибет, IV-Шарқий Африка; 4-олд ботиқликлар: А-Альполди, Б-Карпатолди, В-Кавказолди, Г-Копетдоғолди, Д-Помиролди, Е-Ҳинд, Ж-Ганга, З-Андолди, И-Месопотам.
Осиёнинг шарқида, Тинч океани ороллар ёйи ҳудудларида ботиқликлар чуқурлашади, сейсмик ва вулканизм фаолияти кучаяди. Материкнинг жанубий-шарқида Осиё ва Австралияни бирлаштирувчи қуруқлик парчаланиб, Малай архипелаги пайдо бўлади. Бунда баъзи ички ва чекка денгизларда субокеан типидаги ер пўстига эга бўлган чуқур ботиқликлар шаклланади. Бундай ботиқликлар Ўрта ер денгизи, Қора, Япон ва Хитой денгизларида ва Тинч океанининг материкка ёндошган майдонларида кузатилади.
Неогеннинг охири Африка-Арабистон платформаси ҳудудида кечган қудратли тектоник фаоллик билан характерланади, Қизил денгиз рифти шаклланади, натижада Арабистон Африкадан ажралиб қолади. Альп-Ҳимолай қамбарининг кўтарилиши билан бир вақтда Ҳинд-Ганга ва Месопотам олд ботиқликлари тўлдирилади, Арабистон ва Ҳиндистон Евросиё материгига қўшилиб кетади.
Do'stlaringiz bilan baham: |