182-расм. Юқори ҳароратли гидротермал сульфидли қурилмаларнинг морфологияси.
Сульфидли қурилмалар таркибида пирит, халькопирит, сфалерит, пирротин устуворлик қилади; кўп миқдорда аморф кремнезем ва Ni, Co, Cd, Hg, Sn, W, U, Ag, Аu қўшимчалари учрайди. Сульфид қурилмаларига эга бўлган майдонлар бир неча квадрат километрга, металларнинг заҳираси миллионлаб тоннага етади
Таянч атама ва ибораларга изоҳ беринг
Дунё океани, литорал, шельф, батиал, абиссал, чуқурсув новлари, ороллар ёйи, абразия, рифт водийси, цунами, эстуарий, дельта, соҳилбўйи оқимлари, қайтув оқимлари, седиментогенез, дюналар, маршлар, мангр ўсимликлари, қирғоқбўйи ғови, флиш ётқизиқлари, трансформали ер ёриқлари, гидростатик босим, бентос, нектон, планктон, маржон рифлари, атолл, лагуна, денгиз сувининг шўрлиги, тўлқин, океан террасаси, трансгрессия, регрессия, материк саёзлиги, эстуарий, дельта, гравитацион жараёнлар, биоген жараёнлар, гайоталар каньон, турбидит, қирғоқ рифи, тўсиқ рифи, диатомли ил, радиолярийли ил, қизил ил.
Назорат саврллари
Дунё океани акваториясида қандай рельеф турлари ажратилади?
Денгиз шельфини таърифлаб беринг.
Гидростатик босим нима?
Денгизларда қандай оқимлар мавжуд?
Контнентал ёнбағир ётқизиқлари қандай хусусиятларга эга?
Карбонат тўпланишнинг киритик чуқурлиги нима?
Тўсиқ рифлари қандай ҳосил бўлади?
Лагуна деганда нимани тушинасиз?
Рифларни қандай организмлар ҳосил қилади?
Океан сувларининг ҳарорати ва шўрлиги қандай ўзгаради?
Океан тубидаги геологик жараёнлар қандай турларга бўлинади?
Денгиз тубида қандай қазилма бойликлар бор?
19 боб. КЎЛЛАР ВА БОТҚОҚЛИКЛАРНИНГ ГЕОЛОГИК ИШИ
19.1. Кўллар
Кўл деб қуруқлик юзасида сув билан тўлдирилган ва Дунё океани билан бевосита алоқага эга бўлмаган ботиқликларга айтилади. Уларнинг умумий майдони 2,7 млн км2 га яқин ёки қуруқлик юзасининг 1,8% ни ташкил этади. Кўлларни ўрганиш билан лимнология ёки кўлшунослик география фанлари шуғулланади.
Ўзининг ўлчамлари, келиб чиқиши, гидрогеологик режими, сувининг кимёвий таркиби бўйича кўллар жуда хилма-хил бўлади. Эгаллаган майдони бўйича энг йириги бўлиб Каспий денгизи (395 минг км2), Шимолий Америкадаги Юқори кўли (82,4 минг км2) ва Африкадаги Виктория кўли (69,4 км2) саналади.
Кўлларнинг энг чуқурлари бўлиб Байкал (1741 м) ва Таганика (1435 м) ҳисобланади.
Ботиқлигининг келиб чиқишига боғлиқ ҳолда кўллар эндоген, экзоген ва аралаш турларга бўлинади. Ботиқлиги ички геодинамик жараёнлар натижасида шаклланган эндоген кўллар орасида уларнинг иккита бош гуруҳи - тектоник ва вулканик турлари ажратилади.
Тектоник кўллар одатда ер пўстининг рифт структураларидаги йирик ер ёриқлари зоналарида жойлашган. Улар одатда узунлиги ва катта чуқурлиги билан характерланади. Бу гуруҳга Байкал, Иссиқкўл ҳамда Арабистон яриморолидаги Ўлик денгиз ва Африкадаги Танганика киради (183, 184-расмлар).
Do'stlaringiz bilan baham: |