Магматик жинсларнинг таснифи. Магматик жинслар ҳосил бўлиш шароитларига боғлиқ ҳолда чуқур (интрузив), отқинди (эффузив) ва яримучуқур (гипабиссал) турларга бўлинади. Интрузив жинслар катта чуқурликларда магманинг юқори ҳарорат ва босим шароитларида секин совиши ва биртекис қотишидан ҳосил бўлади. Бу жараёнлар тоғ жинсларида тўлиқ кристалли структура, массив текстура шаклланиши ва унда минерал компонентларнинг биртекис тарқалиши билан якунланади.
Отқинди жинслар ер юзасида паст ҳарорат ва атмосфера таъсири шароитларида лавадан иссиқлик ва газсимон моддаларнинг тез ажралиб чиқиши туфайли вужудга келади ҳамда қотганидан сўнг уларда кўплаб ғовакликлар сақланиб қолади. Шунинг учун улар аморф шиша кўп бўлган чала кристалли структура, ҳар хил текстура ҳамда турли таркиб ва структурага эга бўлган участкаларнинг алмашиниб туриши билан фарқ қилади.
Субвулкан жинслари ер юзасига яқин чуқурликда ҳарорат пасайиб бориш режимида ҳосил бўлади. Шу туфайли магмадан муайян бир минералнинг турли ўлчамдаги кристаллари вужудга келади. Бундай жинслар аралаш донали структураси билан характерланади ва порфирсимон жинслар деб аталади.
Магматик жинсларнинг тафсилий таснифи моддий таркибини ўрганишга асосланган. Магматик тоғ жинсларининг моддий таркиби улардаги кимёвий элементларнинг (оксидларининг) ва жинс ҳосил қилувчи минералларнинг фойиз миқдорини ҳисоблаш орқали аниқланади.
Тоғ жинсларининг кимёвий ва минерал таркиблари ўзаро боғлиқ, аммо бу боғлиқлик мураккаб, шунинг учун ҳам тоғ жинсларининг кимёвий таркибини қайта ҳисоблаш орқали унинг минерал таркибини, минерал таркиби орқали эса кимёвий таркибини аниқлаб бўлмайди. Вулкан шишасидан иборат бўлган жинсларнинг моддий таркибини фақат кимёвий йўл билан аниқлаш мумкин.
Магматик жинсларнинг кимёвий таркиби. Магматик жинсларда у-ёки бу миқдорда учрайдиган элементларнинг рўйхати анча узун, амалда уларда барча кимёвий элементлар учрайди. Уларнинг орасида энг кенг тарқалгани кислород бўлиб, у магматик жинслар таркибининг деярли ярмисини ташкил этади. Тоғ жинсларининг кимёвий таркиби SiO2, Аl2O3, Fe2O3, FеО, МgО, СаО, Nа20 ва К20 оксидлари ёрдамида ифодаланади.
Магматик жинслар кимёвий ва минерал таркиби бўйича турли-туман, аммо уларнинг барчасида кислород ва кремний мавжуд бўлади.
Магматик тоғ жинсларининг таснифи уларнинг кимёвий таркибини ўрганишга асосланган. Магматик жинслар SiO2 миқдори бўйича ўтаасосли, асосли, ўрта ва нордон турларга бўлинади. Ўтаасосли жинсларда кремнезём SiO2 миқдори <44% бўлади. Асосли жинсларда бу кўрсаткич SiO2 = 44-53% ни, ўрта жинсларда SiO2 = 53-64% ни, нордон жинсларда SiO2 = >64% ни ташкил этади.