5.1.2. Магматик жинсларнинг хоссалари
Магматик жинсларнинг асосий хоссаларига ранги, структураси, текстураси ва алоҳидалиги киради.
Магматик тоғ жинсларининг ранги уларнинг минерал ва кимёвий таркибига, яъни улардаги рангдор ва рангсиз минералларнинг миқдорига боғлиқ бўлади.
Оқиш жинсларда, одатда, рангдор минераллар бўлмайди ёки улар жуда кам миқдорда учрайди. Бундай жинслар лейкократ жинслар деб аталади. Рангдор минераллардан таркиб топган қора рангли жинслар меланократли жинслар деб аталади.
Ўтаасосли жинсларнинг ранги қора, асослилариники - тўқ кулранг, ўрта таркиблилариники - кулранг, нордонлариники - оч кулранг, оч пуштидан оққача бўлади.
Магматик жинсларнинг структураси. Тоғ жинсларининг структураси таркибий қисмларининг ўлчами, шакли ва ўзаро нисбати билан ифодаланади.
Магматик жинсларнинг структуравий белгилари кристалланиш даражасига боғлиқ бўлиб, магманинг кристаллизация шароитларини акс эттиради. Магматик тоғ жинслари тўлиқ кристалли, чала кристалли ва шишасимон структурали бўлади.
Кристалларининг нисбий катталиги бўйича тўлиқ кристалли структура тенг донали ва аралаш донали бўлади.
Тенг донали структурада тоғ жинслари таркибига кирувчи кристаллар тахминан бир хил ўлчамга эга бўлади. Кристалларнинг ўлчамига боғлиқ ҳолда у йирик донали (кристаллар ўлчами 5 мм дан катта), ўрта донали (5-3 мм) ва майда донали (3 мм дан кичик) бўлиши мумкин. Бундай структура чуқурлик (абиссал) жинсларига хос бўлади.
Турли донали структура тоғ жинсларида минерал массаларнинг нотекис тарқалганлиги билан ифодаланади. Бунда порфирсимон ва пегматитли структуралар ажратилади.
Порфирсимон структура икки ўлчамдаги турли кристаллардан тузилган жинслар учун характерли бўлиб, асосий массада йирик кристаллар орасида майда ўлчамдаги кристаллар жойлашган бўлади.
Пегматитли структура тоғ жинсларида муайян минерал кристалли танасида бошқа минерал кристалли тўғри мўлжалланганлиги билан характерланади. Бунда иккала минералнинг кристаллари бир-бирини ўстиради. Бу структура субвулканик ва томирли жинслар учун хос бўлади.
Чала кристалли (порфирли) структура кристаллар ва вулканик шишадан таркиб топган тоғ жинсларига хос бўлиб, уларда асосий шишасимон ёки яширин кристалли масса орасида ажралиб чиққан анча миқдордаги муайян минералларнинг яхши ифодаланган кристаллари турли миқдорий нисбатларда мавжуд бўлади.
Шишасимон структура аморф, кристалланмаган тоғ жинслари учун характерли. Тоғ жинсларида бундай структура шишасимон тузилишли (вулканик шиша) зич ёки ғовакли массадан иборат бўлади. Улар шишасимон ялтироқлиги ва чиғаноқсимон синиши билан фарқ қилади. Бундай структура эффузив жинслар учун характерли бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |