Магматик жинсларнинг минерал таркиби. Минерал таркиб - бу кимёвий таркиби маълум бўлган жинсларни ташкил этувчи минералларнинг фойиз миқдори (ҳажмий ёки вазний). Минерал таркиб кимёвий элементлардан ҳосил бўлган бирикмалар характери тўғрисида фикр юритиш имкониятини беради.
Магматик тоғ жинсларининг минерал таркиби ҳам турли-туман. Уларнинг орасида энг кенг тарқалганлари дала шпатлари, кварц, амфиболлар, пироксенлар, слюдалар, камроқ тарқалганлари - оливин, нефелин, лейцит, магнетит, апатит ва бошқалар ҳисобланади.
Нордон интрузив жинслар асосан калийли дала ишпати, кварц, плагиоклаздан таркиб топган бўлади, қисман мусковит, биотит ва амфибол учраши мумкин. Ўрта жинслар учун амфибол, биотит, плагиоклаз, кварц характерли, мусковит ва калийли дала шпати ҳам учраши мумкин. Асосли жинслар пироксен ва плагиоклаздан таркиб топган, ўтаасосли жинсларда эса фақат оливин ва пироксен кузатилади. Минералларнинг фойиз миқдорига асосланиб интрузив жинсларнинг номини аниқлаш мумкин.
Ўтаасосли жинсларнинг типик вакиллари бўлиб дунит, перидотит ва пироксенит ҳисобланади. Асосли жинслар габбро, лабрадорит, диабаз ва базальтдан таркиб топган бўлади. Ўрта жинсларнинг типик вакилларига сиенит, диорит, трахит, андезит, дала шпатили порфир, порфирит, нордонларига эса - гранит, риолит, гранит-порфир киради. Ўтанордон жинслар фақат пегматитлардан иборат бўлади.
Табиатда кенг тарқалган минераллар жинс ҳосил қилувчи минераллар деб аталади. Магматик тоғ жинслари умумий таркибининг 99% га яқинини ташкил этувчи жинс ҳосил қилувчи минералларга кварц, калийли дала шпатлари, плагиоклазлар, лейцит, нефелин, пироксенлар, амфиболлар, слюдалар, оливин ва б. киради.
Тоғ жинсларининг жуда кам миқдорини ташкил этувчи минераллар акцессорлар деб аталади. Акцессор минераллар орасида циркон, апатит, рутил, монацит, ильменит, хромит, титанит, ортит ва бошқа минералларни кўрсатиш мумкин; баъзан маъданли минераллар (магнетит, хромит, пирит, пирротин ва б.) ҳам учрайди. Тоғ жинсларида жуда кам миқдорда (фойизнинг юздан бир улушлари) учрайдиган элемент-қўшимчалар: литий, бериллий, бор, қалай, мис, хром, никел, хлор, фтор ва б. ажратилади.
Жинс ҳосил қилувчи минераллар тоғ жинсларининг 5% дан кўпини, акцессорлар эса 5% дан кам миқдорини ташкил этади.
Қора рангли минералларнинг миқдори ҳам катта таснифий аҳамиятга эга. Масалан, кремнезёмга тўйинмаган оливин минерали асосан ўтаасосли жинсларда учрайди. Ўрта жинсларда одатда роговая обманка, нордонларида эса биотит мавжуд бўлади. Ишқорли жинслар амфиболларнинг учраши билан характерланади.
Кварц ўрта ва асосли жинсларда ҳам учрасада, нордон жинсларнинг типик минерали ҳисобланади. Силикатлар ҳосил бўлиши учун металлар билан бирикмага киришадиган SiO2 миқдори магмада керагидан ортиқ бўлиши лозим.
Тоғ жинсларида оливиннинг мавжудлиги уларнинг кремнезём билан тўйинмаганлигининг белгиси бўлиб хизмат қилади. Бу минерал SiO2 миқдори пироксен ҳосил бўлиши учун етарли даражада бўлмаганда фақат магмадангина кристалланади. Акс ҳолда оливин ҳосил бўлмайди, чунки магма эритмасида кремнезём миқдори етарли даражада бўлганда оливин энстатитга айланар эди.
Do'stlaringiz bilan baham: |