213- расм. Карбон даврида литосфера плиталарининг тутган ўрни.
|
Гондвана суперконтиненти деярли бутунлай кўтарилган ҳудудни ташкил этган. Фақат Шимолий Африка, Шимолий-Шарқий Бразилия ва Австралиянинг баъзи жойларидагина континентал ёки саёз денгиз шароитларида чўкиндилар ҳосил бўлган. Австралиядаги Амадиес авлакогени ўзининг ривожланишини сиқилиш деформацияси билан якунлаган.
Карбоннинг иккинчи ярими ва пермда Евросиё учун маҳим аҳамиятга эга бўлган янги тектоник босқич содир бўлади. Триас даврининг бошларигача давом этган фаол тектоник ҳаракатлар туфайли Шарқий Европа ва Сибир платформалари ҳамда ҳозирги Евросиёнинг жанубий қисмлари орасида тоғли қуруқлик вужудга келган. Бунинг натижасида қадимги қурилмалар ягона массивга пайвандланган. Ҳозирги Евросиё ва Шимолий Американинг катта қисмини ва жанубий материкларни ўз ичига олган улкан материк Пангей вужудга келган. Бу тектоник босқич жуда узоқ давом этган. У макон ва замонда бир-бирига мос келмайдиган бир неча фазадан иборат бўлган.
Перм даврининг бошларига келиб Лавруссия Сибир билан бирлашиб Лавросиё ҳосил бўлган. Унинг Гондвана билан бирлашиши туфайли Пангей-II вужудга келган. Пангей-II ўзига хос кўринишга эга бўлган - у меридиан бўйлаб чўзилиб, Жанубий Гондвана қутбларгача чўзилган, Сибир эса жуда юқори кенгликларга бориб қолган. Бу эса ушбу ҳудудларни муз босишга олиб келган.
Палеозой эрасининг охирларида, қисман карбон, қисман пермда кўпчилик районларда орогенез бошланган. Аппалачи геосинклиналининг катта қалинликдаги чўкинди жинслари бурмаланган ва ер ёриқлари билан мураккаблашган. Тоғ ҳосил бўлишининг бу босқичи Европа ва Осиёда герцин, Шимолий Америкада эса аппалачи орогенези дейилади (214-расм).
214-расм. Герцинидларнинг ҳозирги структурада тутган ўрни. 1-эпигерцин палтформалари: 1-Аппалача, 2-Жанубий Америка, 3-Ғарбий Европа, 4-Ўрол-тиёншон, 5-Муғул-Охота, 6-Шимолий Африка, 7-Жанубий Африка, 8-Шарқий Австралия; 2-олдинги консолидация вилоятлари;3-олд ботиқликлар: А-Аппалачиолди, Б-Ўрололди.
Герцин орогенезининг бошланғич фазаларда Европанинг жанубида ва Марказий Осиёда тоғ тизмалари вужудга келган. Бунда Шарқий Европа платформасига ва эрта палеозой ёшидаги структуралар тарқалган текисланган вилоятларга денгиз босиб кирган. Кўтарилаётган тоғларнинг этакларида пайдо бўлган ботиқликларда тошкўмир конлари ҳосил бўлишига олиб келган ўсимлик қолдиқлари тўпланади. Тоғ ҳосил бўлишининг кейинги ривожланиши интрузияларнинг фаол ёриб кириши ва маъданлашув билан бирга кечган. Перм давридаги тоғ ҳосил бўлиш жараёнлари платформаларнинг умумий кўтарилиши билан бирга кечган ва пермнинг охирида Пангейнинг Евросиё қисми қуруқликка айланиб, унда олдин ҳосил бўлган тоғларнинг нураши ва илгари нам ва кейинчалик қуруқ иқлим шароитларида терриген ётқизиқлар тўпланган.
Гондвана суперконтиненти деярли бутунлай кўтарилган ҳудудни ташкил этган. Фақат Шимолий Африка, Шимолий-Шарқий Бразилия ва Австралиянинг баъзи жойларидагина континентал ёки саёз денгиз шароитларида чўкиндилар ҳосил бўлган.
Do'stlaringiz bilan baham: |