21 боб. ЎРТА ВА КЕЧКИ ПРОТЕРОЗОЙ БОСҚИЧИ
Ўрта ва кечки протерозой вақт бўйича сайёрамиз ривожланишидаги геосинклинал-платформали босқични ўз ичига олади (1800±100 млн. дан 570 млн. йилгача, яъни деярли 1,2 млрд. йил). Органик ҳаётнинг сийраклиги, тошқотган қолдиқларнинг ёмон сақланганлиги ер шарининг турли районларида кечки протерозой ётқизиқларини аниқ стратиграфик табақалашга имкон бермайди. Шунга қарамасдан кечки протерозой таркибида ер пўстининг рифей (1800-680 млн. йил) ва венд (680-570 млн. йил) ривожланиш босқичлари ажратилади.
Протерозой ва кембрий орасидаги вақт «венд» номи билан биринчи бор Б.С.Соколов томонидан (1952) Болтиқбўйи ҳудудидаги ётқизиқларни ўрганиш асосида фанга киритилган. «Венд» атамаси (Шарқий Европанинг ғарбида яшаган қадимий вендлар қабиласи номидан олинган) халқаро миқёсда тан олинган. Венд даври бундан 650 - 540 млн йил олдинги вақт оралиғини қамраб олади.
Венд даври криптозойни якунловчи босқич ҳисобланади. Бу давр ётқизиқларининг тўлиқ кесмаси Шарқий Европа платформасининг ғарбий қисмида ўрганилган. Рифей ва венд орасидаги чегара бўлиб глобал регрессияга олиб келган материк музланишининг бошланиши ҳисобланади.
Венд ётқизиқлари барча континентларда маълум. Улар Шарқий Европа ва Сибир платформаларида кўпроқ ва бошқа платформаларда камроқ тарқалган. Венд ҳосилалари Ўрол, Байкал, Кордильера, Аппалачи ва Аделаид бурмали қамбарларида, Ғарбий Европанинг герцинид ва каледонидларида маълум.
Геодинамикаси. Эрта протерозойнинг охирида қадимий платформаларда карелидларни йирик қаттиқ массивларга бўлувчи тор геосинклинал ботиқликлар ҳали мавжуд бўлган. Уларнинг фаол чўкиши қатта қалинликдаги чўкинди ва вулканоген материаллар тўпланиши билан тўлдирилган. Платформаларга қолдиқ геосинклинал «яралари» пайвандланиши учун 200 млн йилга яқин вақт кетган. Эрта протерозойнинг энг охирида қадимий платформалар бутунлай консолидацияланади. Улар мустаҳкамликка ва барқарорликка эришади. Кечки протерозойда қадимий платформалар денгиз сатҳидан баланд кўтарилган континентлар сифатида мавжуд бўлган.
Кечки протерозой қадимий платформаларнинг ривожланишида авлакоген босқичи ҳисобланади. Бу даврда, тарихнинг 1 млрд йилдан ортиқ бўлган катта қисми давомида (рифей) платформаларининг марказий районларида тор чўзинчоқ чуқурлар - авлакогенлар пайдо бўлади. Лава қатламларига эга қизил рангли континентал қумтошлар ва гиллардан иборат бўлган қоплама ётқизиқларнинг остки қисми ушбу чуқурларни тўлдиради. Бу ётқизиқларнинг қалинлиги 3-4 км га боради.
Кечки протерозойнинг бошланишига келиб ҳозирги континентал пўст ҳажмининг ярмидан то тўртдан уч қисмигача шаклланиб бўлган. Эрта протерозойдаги чуқур сувли ҳавзаларнинг ёпилиши туфайли ер пўсти эрта рифейда Пангей-I номини олган ягона суперконтинентга бирлашган (196-расм).
Do'stlaringiz bilan baham: |