197-расм. Кечкирифейнинг ҳозирги географик асосдаги палеогеографик элементлари. Шартли белгилар 196-расмда берилган. Байкалидларнинг ҳудудлари палеозойнинг бошларида ҳозирдагига қараганда кенгроқ бўлган. Чунки фанерозойнинг фаол геологик жараёнлари эпибайкал платформаларининг қатта қисмини бузиб, қайта ишлаган. Масалан, В.Е. Хаиннинг фикрича кўпчилик ёш геосинклиналларнинг, «шу жумладан, Ўртаерденгизи ва Ғарбий Тинч океани сингари улкан геосинклиналларнинг асосида» байкалидлар ётади.
Кечки протерозойнинг охирида олдинги геосинклиналларнинг платформаларга айланиб кетиши билан бир вақтда Шимолий Американинг шимолида, Шарқий Гренландияда, Британия оролларида ва Скандинавиянинг шимолида энги геосинклиналлар шаклланади. Бу янги ҳосил бўлган геосинклиналлар амалда эртабайкал тоғ бурмаланиш эпохасида бурмаланишга учрамаган. Байкалидларнинг вужудга келиши континентларнинг ҳудудини янада кенгайтирган. Шимолий платформа – Лавросиё ва жанубий платформа - Гондвана, Тетис ва Тинч океанлари мавжуд бўлган.
Ўрта рифейда бошланган ва кечки рифейда жуда фаоллашган Пангей-I нинг парчаланиш жараёнларига қарамасдан унинг палахсалари ҳали ўзаро бир-бирига яқин жойлашган. Бунда ҳар иккала Америка ҳам Шимолий яримшарнинг паст кенгликларида жойлашган, бошқа континентлар эса Жанубий яримшарнинг паст ва ўрта кенгликларидан ўрин олган.
Бўлажак Гондвана ҳудудида кечки рифейда пайдо бўлган океан пўстига эга тор ва анча чуқур ҳавзалар вендда ёпилган, бурмали-устсурилмали деформацияга ва суст метаморфизмга учраган, гранитлар ёриб кирган. Шу тарзда ҳосил бўлган бурмали қамбарлар этакларида континентал бўлакли жинслар - молассалар тўпланган.
Бу тектоногенез эпохаси кенг ривожланганлиги туфайли Африкада панафрика, Жанубий Америкада бразилия орогенези номини олган. Жанубий Америка ва Африкадан ташқари бу эпоханинг тектонотермал қайта ишланиши Мадагаскар, Шри-Ланка, Ҳиндистоннинг шимолий-ғарби ва Антарктидада кузатилади. Бу Арабистон-Нубий қалқони фундаментининг пайдо бўлиши учун катта аҳамиятга эга бўлган. Тектоногенез Европанинг анча қисмини, Туркия, Эрон, қисман Афғонистонни ҳам қамраб олган. У бу ҳудудларда қуруқлик юзасида нордон вулканизм фаоляти билан якунланган. Кейинчалик улар Жанубий Америка, Ҳиндистон, Австралия ва Антарктида билан биргаликда Гондвана суперконтиненти таркибига кирган.
Бўлажак Гондвананинг фаоллашуви етиб бормаган панафрика-бразилия ҳудудида венд даврида Жанубий Америкадаги Сан-Франсиска, Африкадаги Таудени ва Конго, Ҳиндистондаги Виндий сингари ясси ботиқликлар ривожланган ва улар континентал ёки саёз денгиз терриген ётқизиқлари билан тўлдирилган.
Жанубий Американинг ғарбий ва жанубий-ғарбий чеккаларида Арекип, Сьерра-Пимпа ва Шимолий Патагон массивлари ҳамда Перу ва Боливиядаги Шарқий Кордильера кўтарилган. Кордильерада бу жараёнлар бурмаланиш ва метаморфизмнинг яшилтошли даражаси билан бирга кечган. Нордон вулканизм ва гранит ҳосил бўлиши кенг ривожланган. Антарктида ва Тасманиянинг ғарби ҳам ороген ривожланиш билан характерланган, бунда Шарқий Австралия чеккаси эса пассив режимда ривожланган.
Бўлажак Лавросиёда ҳодисалар анча ўзгача кечган. Бир томондан кечки рифейда мавжуд бўлган Тиман-Ўрол, Шимолий Таймир, Енисей-Байкал геосинклинал тизимлар ёпилган, уларнинг ўрнида бурмали тоғлар вужудга келиб, Шарқий Европа ва Сибир континентал палахсалари кенгайган. Бу бурмаланиш Н.С.Шатский томонидан байкал бурмаланиши деб номланган. Иккинчи томондан Палеосиё океанининг марказий қисми очилиб, унда океан типидаги пўстлоқ ривожланган. У кейинчалик бурмаланиш даврида Марказий Қозоғистон, Олтой-Саян вилояти ва Шимолий Муғилистондаги офиолитлар шаклида сақланиб қолган.
Океан ҳавзасининг бошқа томонида, Шимолий Англия ва Уэльсда, континентал четнинг оролларёйи зонаси жойлашган. Бўлакли материаллар жанубдан ташиб келтирилган. Континент ёнбағри ва этакларида қалинлиги 4 - 5 км бўлган қумтошлар ва гиллар тўпланган. Венд ётқизиқлари кесмасини андезит ва риолитларнинг туфлари ва лавалари якунлайди.
Ғарбий Европада чуқурсувли шароитлар ҳукм сурган. Континент ёнбағри ва этакларида кремний-гилли ва кремнийли чўкиндилар шаклланган. Шундай чўкиндилар Алжирда ҳам тўпланган. Испания, Марказий Франция ва Болқон яриморолининг шарқий ҳудудларида денгиз шельфи жойлашган бўлиб, унда қум-гилли материал тўпланган.
Шарқий Европа ва Сибир континентларида эрта вендда рифейда пайдо бўлган рифт-авлакогенлар ўзининг ривожланишини давом эттирган ва кечки вендда ясси ботиқликларга айланган.
Эрта вендда Шарқий Европа ва Сибир континентларида музланиш пайдо бўлган (лапланд) ва кечки вендда платформаларда синеклизалар ҳосил бўлган.
Протерозойнинг охирига келиб Сибир платформасининг жанубий ҳудудлари ҳисобига қуруқлик майдони сезиларли ошган. Бурмали вилоятлар шарқда ҳам вужудга келган. Сибир платформасини ва янгидан шаклланган тоғли ҳудудларни ўз ичига олувчи Ангарида пайдо бўлади. Тектоник фаолият интрузияларнинг ёриб кириши ва маъданлашуви билан бирга кечган. Бу ороген босқич натижасида континентал шароитлар ва кескин парчаланган рельеф кенг ривожланади. Платформалар ва янгидан ҳосил бўлган тоғлар кўтарилади ва у фаол вулканизм билан бирга кечади. Тоғ тизмалари этакларида ботиқликлар вужудга келиб, уларда катта қалинликдаги ётқизиқлар тўпланган. Бу ётқизиқларда нефт, боксит ва темир маъданларининг конлари вужудга келган.