10.3. Ўзбекистонда билимлар иқтисодиёти асосида миллий инновацион тизимларнинг ривожланишидаги ўзига хос хусусиятлар.
Мамлакатимизда барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш мақсадида иқтисодиётнинг инновацион ривожлантириш тизимига ўтиш жараёни амалга оширилмоқда. Бундай ривожлантириш тизимининг маркази миллий хўжалигимиз мажмуининг бошланғич даражасига – корхоналар, фирмалар, компаниялар, корпорациялар, акциядорлик жа- миятлари даражасига кўчмоқда, айнан шу даражада кашфиётлар, ихтиролар ва илмий тадқиқотлар янги қурилган ёки янгиланган цех ва корхоналарда янги технологияларга, маҳсулотга, техникага, ахборот коммуникацияларига айланмоқда. Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти И.А. Каримов таъкидлаганидек, энг устувор вазифалардан бири Ўзбекистоннинг жаҳон бозорида рақобатбардошлигини ошириш ва ўрнини мустаҳкамлашга йўналтирилган таркибий ўзгаришлар ҳамда юқори технологияга асосланган замонавий тармоқлар ва ишлаб чиқариш соҳаларини жадал ривожлантириш сиёсатини давом эттириш эканлиги айнан инновацион ривожланиш сари олға қадам босаётганлигимиздан далолат беради. Иқтисодиётнинг янгича ривожланиш тизими моҳиятини тўла англаш учун авваламбор, инновацион иқтисодиёт тўғрисида тўхталиб, унинг маъносини тушуниб олиш зарур. Янгиликлар, яъни инновациялар амалиётда жорий этилиши ишлаб чиқаришни ривожлантиришда доимо катта аҳамият касб этган. Иқтисодиётнинг ҳозирги босқичида ривожланган мамлакатлар тараққиётда инновацион фаолият орқали муҳим ўрин эгаллаб турибди. Бу эса замонавий иқтисодиётда инновацияларнинг роли янада ўсганлиги, улар борган сари иқтисодий ривожланишнинг асосий омилига айланиб бораётганлигидан далолат. Иқтисодиётни юксалтириш соҳасида тадқиқотлар ўтказган олимларнинг фикрича, инсоният тарихи давомида инновациялар иқтисодий ўсишнинг ҳаракатлантирувчи кучи, яъни иқтисодий ривожланиш учун туртки бўлиб келган. Иқтисодиётда инновацияларнинг роли ортиши биринчидан, бозор муносабатлари табиати билан, иккинчидан, барқарор ўсиш йўлига чиқиш учун мамлакат иқтисо- диётида чуқур ислоҳотларни амалга ошириш зарурати билан белгиланган. Рақобат кучайиб бораётган ҳозирги шароитда компаниялар “инновация” тушунчаси билан кўпроқ тўқнаш келмоқда. Инновацияларни яратиш билан бевосита шуғулланувчи мутахассислар ушбу атама кенг тарқалганини қайд этмоқдалар. Бироқ амалиёт унинг хақиқий маъносини ҳали ҳамма ҳам тушуниб етмаганини кўрсатмоқда. Дарҳақиқат, инновациялар борасида сўз юритишга қадар унинг моҳиятини тўлиқ англаш муҳим. Демак, “инновация” сўзи “янгилик” (“новация”) ва “янгилик киритиш” (инновация) маъноларини англатади. Инновациялар тўғрисидаги илмий қарашлар ривожи ўз тарихига эга бўлиб, классик, неоклассик мактаб вакиллари томонидан изчил ўрганилган.
Классик иқтисодий мактаб вакили, таниқли инглиз иқтисодчиси Адам Смит (1729–1790) иқтисодий муносабатларни тартибга солиш ва талаб билан таклиф ўртасидаги мувозанатни таъминлаш нафақат бозор тизими, балки нархларни пасайтириш ва сифатни яхшилаш орқали ортиб бораётган эҳтиёжни қондириш билан бир қаторда буни янги технологияларга ўтиш, яъни инновациялар ёрдамида самарали амалга оширувчи рақобат капитализмнинг ташкилий механизмибўлиб хизмат қилишини қайд этган. Агар иқтисодий ўсишни таъминлашда корхоналар инновациялардан истеъмол учун кураш жараёнида амалий омил сифатида фойдаланаётганини ҳисобга олсак, Адам Смитнинг ушбу таълимоти ҳозирги кунда ҳам долзарблигини сақлаб турибди. Инновацион амалиёт кўп минг йиллардан буён мавжуд бўлишига қарамай, инновацияларни илмий жиҳатдан махсус ўрганиш фақат XX асрда бошланди. Рус иқтисодчиси Н.Д. Кондратьев иқтисодиётни юксалтиришнинг инновацион йўли назариясини ривожлантиришга улкан ҳисса қўшди. У инновацияларни даврийликнинг сабабларидан бири сифатида қайд этган. Америкалик иқтисодчи ва жамиятшунос Йозеф Алоис Шумпетер Кондратьев40 сингари иқтисодиётда инновацияларнинг ролини оширишга катта ҳисса қўшган.
У ўзининг ”Иқтисодий ривожланиш назарияси” номли асарида инновацияларни иқтисодиёт ва жамиятни ривожлантиришнинг асосий шартлари сифатида қаради. Шумпетер “тадбиркорликнинг инновацион назария”сини яратди ва иқтисодий ривожланишда новатор-тадбиркорнинг ролини юқори баҳолади, “инновация” атамасини 1911 йилда илмий атамалар қаторига киритди. У қуйидаги бешта ўзгаришда тадбиркорлик руҳи билан рағбатлантирилган янги фан-техника омиллари йиғиндисини назарда тутади:
1. Янги техника, янги технологик жараёнлар ёки ишлаб чиқаришнинг янгича бозор таъминотини қўллаш.
2. Янги хусусиятларга эга маҳсулотни жорий қилиш.
3. Янги хом ашёдан фойдаланиш.
4. Ишлаб чиқаришни ташкил қилиш ва унинг моддий-техника таъминотидаги ўзгаришлар.
5. Янги сотиш бозорларининг пайдо бўлиши. Демак, Шумпетернинг фикрига кўра, тадбиркорларнинг роли янги товарлар ишлаб чиқариш ва эски товарларни янги услубда ишлаб чиқариш учун ихтиролардан фойдаланиб, янги хом ашё ва материаллар манбалари ёки янги бозорларни очиб ҳамда соҳани қайта ташкил этган ҳолда ишлаб чиқаришни ислоҳ қилиш ва инқилоблаш- тиришдан иборат. Ўша даврда темир йўллар қурилиши бошланиши, электр энергияси ишлаб чиқариш, автомобилсозлик ривожи кабилар тадбиркорларнинг янгиликлардан фойда олишга интилишига ёрқин мисол бўла олади.
Индустриал даврда иқтисодий ўсиш суръатларини инқилобий жадал- лаштириш, унинг фикрига кўра, даврий янгилик билан боғлиқ илм-фанни жадал ривожлантириш ўсишнинг янги манбаига айланди. Иқтисодчи олимлар қарашлари асосида инновацияларнинг мазмуни, моҳиятини англаб олган ҳолда айтиш мумкинки, инновацион иқтисодиёт жамият учун фойдали ҳар қандай инновациялардан (патентлар, лицензиялар, ноу-хау, ўзлаштирилган ёки шахсий янгиликлар, янги технологиялар ва ҳоказолар) самарали фойдаланишга қодир иқтисодиётдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |