Инновацион тизимнинг амал этиши
Бозор иқтисодиёти шароитларида инновация фаолияти инновациялар киритишлардан иборатдир. Янгиликлар янгиликлар бозорини, инвестициялар капитал (инвестиция) бозорини, янгиликлар киритишлар янгиликлар киритишларнинг соф рақобат бозорини яратади.
Халқаро стандартларга кўра инновация бозорда жорий этилган янги ёки такомиллаштирилган маҳсулот, амалий фаолиятда қўлланиладиган янги ёки такомиллаштирилган технологик жараён ёхуд ижтимоий хизматларга янгича ёндошув кўринишидаги инновация фаолиятининг пировард натижаси сифатида баҳоланади.
Давлат инновация сиёсати дейилганда давлат тузилмаларининг инновация жараёнларини фаоллаштириш ва улар иқтисодий-ижтимоий самарадорлигини ошириш билан боғлиқ ҳолда иқтисодиёт ва умуман жамиятга таъсир кўрсатишга қаратилган мақсад ҳамда усуллар комплекси тушунилади.
Инновация стратегиясини фақат замонавий бозор механизмлари, туб инновациялар ҳамда ихтирочилар ва новаторларнинг ижодий фаоллиги, улар манфаатларини ҳимоя қиладиган уюшмалар ва ташкилотларни давлат томонидан қўллаб-қувватланишини қўшиб олиб борган ҳолдагина самарали амалга ошириш мумкин.
Бозор муносабатларини ривожлантириш технологик рақобатни кучайтиради, сифатсиз маҳсулотларни ишлатадиган ва ишлаб чиқарадиганларни банкротликка олиб келади, илмий-техника тараққиётига таяниб иш кўрадиганларга эса асосини илмий-техникавий даромад ташкил этадиган юқори фойда келтиради.
Ҳозирги вақтда инновация сиёсатининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:
• миллий маҳсулот рақобатбардошлиги ортишини таъминлайдиган инновация фаоллигини кучайтириш;
• замонавий технологиялар асосини ташкил этадиган инновацияларни бутун чоралар билан қўллаб-қувватлаш;
• янги маҳсулотлар ва илғор техникавий ишланмаларга асосланган технологиялар яратиш ҳамда кейинчалик уларни моддий ишлаб чиқариш соҳасида жорий этиш учун илмий-тадқиқот ва конструкторлик лойиҳаларини молиялаштириш;
• инновация фаолиятини давлат томонидан тартибга солишни рақобатбардош бозор инновация механизми самарали амал қилиши ва интеллектуал мулкни ҳимоялаш билан қўшиб олиб бориш;
• инновацияларни амалга ошириш учун ишлаб чиқарувчиларнинг иқтисодий манфаатдорлигини ва бунинг самараси сифатида ишлаб чиқариш ва умуман иқтисодиётнинг техникавий даражасини тубдан ўзгартиришга қаратилган қонунчилик ва ахборот асосини яратиш;
• технологияларнинг халқаро ва минтақалараро трансферти, халқаро инвестициявий ҳамкорлик, миллий инновация тадбиркорлиги манфаатларини ҳимоя қилишга кўмаклашиш.
Экспертлар тадқиқот ва илмий ишланмаларга сарф қилинган ҳар 1 АҚШ доллари техникага сарф қилинган 1 АҚШ долларига нисбатан саккиз баробар кўп фойда келтириши ҳисоблаб чиқилган. Миллий бойлик таркибида ҳам инсон капиталининг салмоғи ортиб бормоқда .
Do'stlaringiz bilan baham: |