10.3. Билимлар иқтисодиёти тараққиётининг асосий йўналишлари
Инсонни ривожлантириш стратегик мақсадларини амалга ошириш, аҳоли турмуш даражаси ва турмуш сифатини ошириш учун миллий иқтисодиёт барқарор юқори суръатларда ўсиши таъминланиши лозим.
Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти И.А.Каримов “ўрта муддатли истиқболда иқтисодиётимизни ривожланган демократик давлатлар даражасига олиб чиқишни ҳозирги босқичдаги бош стратегик вазифа сифатида ўз олдимизга қўйганмиз”38 деб кўрсатган. Бунга эришиш учун қуйидаги устувор вазифалар ҳал этилиши талаб этилади:
● иқтисодиётни изчил ислоҳ этиш, таркибий жиҳатдан ўзгартириш ва диверсификация қилишни чуқурлаштириш, юқори технологияларга асосланган янги корхона ва ишлаб чиқариш тармоқларининг жадал ривожланишини таъминлаш, фаолият кўрсатаётган қувватларни модернизация қилиш ва техник янгилаш жараёнларини тезлаштириш;
● ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сифатини бошқариш тизимларини жорий этиш, маҳсулотларнинг халқаро стандартларга мослигини таъминлаш;
● ноёб, қайта тикланмайдиган захиралар - нефть, газ конденсати, табиий газ ва бошқа ёқилғи-энергетика ресурсларидан оқилона ва тежамкорлик билан фойдаланиш, айни пайтда муқобил энергия ресурсларини излаш ва жорий этиш, саноатда маҳсулот таннархини 10,0-15,0 %га пасайтириш;
● саноатнинг қайта ишлаш тармоқларини жадал ривожлантириш, ишлаб чиқарилаётган истеъмол товарлари турларини кўпайтириш ва сифатини яхшилаш, бу соҳада иш берувчилар учун қўшимча имтиёзлар бериш;
● ташқи бозорда харидорбоп, юқори ликвидли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш учун экспортга маҳсулот чиқарадиган корхоналарни рағбатлантиришни янада кучайтириш, уларга қўшимча имтиёз ва преференциялар бериш;
● хизматлар ва сервис соҳасини, энг аввало, қурилиш, транспорт, молия-банк ва ахборот-коммуникация соҳаларида жадал ривожлантириш, айниқса, қишлоқ жойларда аҳолига тиббий ва коммунал-маиший хизматлар кўрсатишни кенгайтириш;
● 2017-2019-йилларда инфратузилмани, транспорт ва коммуникация қурилиши ривожланишини жадаллаштириш давлат дастури ижросини таъминлаш, айниқса телекоммуникация тармоғи кўламини кенгайтириш, уни ривожлантириш ва модернизация қилиш учун қўшимча ресурсларни жалб этиш.
Мамлакат аҳолиси фаровонлигини ошириш фақат иқтисодий ўсиш юқори суръатларига эмас, балки иш билан самаралик бандликка, айниқса қишлоқ жойларидаги меҳнатга лаёқатли аҳолини иш билан таъминлашга боғлиқдир. Ўзбекистонда ишсизликнинг расмий кўрсаткичлари жуда кам – 0,5 % ни ташкил этади.
Мазкур кўрсаткичлар ишсизларни ҳисобга олиш услубиёти мукаммал эмаслиги билан изоҳланади. Чунки мамлакатда фақат меҳнат органларида расмий рўйхатга олинган шахсларгина ишсиз деб ҳисобланади. Шунинг учун ҳам Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий мухофаза қилиш вазирлиги томонидан иш билан бандликни танлаб тадқиқ қилиш натижалари ишсизлик даражаси 3,5-4,0 % ни (мавсумий ва тўла бўлмаган бандликни ҳисобга олмаган ҳолда) эканлигидан далолат беради.. Жахон банки маълумотларига кўра эса, Ўзбекистонда бир марталик иш билан банд бўлиш, чет элларда ишлаш учун жўнаб кетиш ва айрим бошқа иш билан бандлик ҳисобга олинмаганда ишсизлик даражаси 6,0 % га етади.
Халқаро мезонларга мувофиқ, ишсизликни ушбу даражаси ҳам у қадар катта эмас. Аммо бунда шуни ёдда тутиш керакки, меҳнатга лаёқатли аҳолининг бир қисми тўлиқ бўлмаган иш ҳафтаси ёки тўлиқ бўлмаган иш куни тартибида иш билан банддир. Айрим фуқаролар мавсумий ёки вақтинчалик ишга эгалар. Бюджет соҳасида ва қишлоқ хўжалигида иш хақи даражаси нисбатан пастлиги ҳам одамларда самарасиз иш билан бандлик ҳиссини уйғотади.
Юқоридагиларни ҳисобга олган ҳолда бозор ислоҳотларини чуқурлаштириш ва иқтисодиётни янада либераллаштириш шароитларида меҳнат бозорини тартибга солиш иқтисодий механизмлар орқали амалга оширилиши мақсадга мувофиқдир. Уларнинг асосийлари қуйидагилардан иборат:
• янги самарали иш жойларини яратиш. Ҳозирги пайтда Ўзбекистонда йилига 1,0 миллионта иш жойи яратилмоқда. Уларнинг асосий қисми кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик тузилмаларида ташкил этиляпти. Бироқ мазкур соҳадаги иш ўринлари у қадар барқарорлик хусусиятига эга эмас;
• хизмат соҳасини, айниқса қишлоқ жойларида ҳамда иқтисодиётнинг бир тармоқли минтақаларида жадал ривожлантириш хисобига оқилона тармоқ ва ҳудудий иш билан бандликни шакллантириш;
• қишлоқ жойларидаги меҳнатга лаёқатли аҳолини иш билан таъминлаш даражасини ошириш. Кейинги йилларда мамлакатда экин майдонларининг меллиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича кўрилаётган кенг кўламли чораларга қарамасдан суғориладиган унумдор ерлар майдони ҳар йили қисқариб бормоқда, қишлоқ аҳолиси эса кўпаяпти. Мазкур ҳолат қишлоқ хўжалигида самарасиз иш билан бандликнинг ортишга олиб келмоқда. Шу сабабли қишлоқдаги меҳнат ресурсларни қайта тақсимлаш шароитларида ишлаб чиқариш ва ижтимоий инфратузилмаларни ривожлантириш, бу ерларда кичик ишлаб чиқаришларни жадал ривожлантириш ҳисобига ҳамда иқтисодиётнинг бошқа, жумладан енгил ва озиқ-овқат, қурилиш материаллари саноатида янги иш жойлари яратиш жуда мухимдир.
Иш билан самарали бандлик муаммосини ҳал этиш меҳнат бозорларидаги номутоносибликни ҳам тартибга солишга хизмат қилади. Таҳлиллар меҳнат бозорларида юқори малакали ходимларга доимий талаб мавжуд бўлгани ҳолда малакасиз иш кучи таклифи ортиқчалигидан далолат бермоқда. Хусусан, иқтисодиётнинг реал сектори юқори малакали муҳандислар, менежерлар, шунингдек фермер хўжаликлари учун мутахассисларга эҳтиёж катта эканлигини кўрсатмоқда. Шунинг учун таълим муассасаларида мутахассислар тайёрлаш таркибига аниқлик киритиш ҳамда уларни тайёрлаш сифатини янада ошириш ниҳоятда муҳимдир.
Ҳар йили мамлакат коллеж ва лицейларини 500 минг нафардан кўпроқ ёшлар тугаллайди. Уларни кафолатли иш билан таъминлаш мақсадида битирувчиларнинг корхоналар билан ишлаб чиқариш амалиётини ўташ ва ундан сўнг ишга қабул қилиш бўйича шартномалар тузилиши йўлга қўйилмоқда.
Мамлакат ҳукумати томонидан касб–ҳунар коллежлари, академик лицейлар, олий таълим муассасаларида мутахасислар тайёрлаш сифатини ошириш ҳамда бу таълим муассасалари битирувчилари меҳнатидан самарали фойдаланиш бўйича дастур ҳам ишлаб чиқилган. Унинг асосида минтақавий ҳамда ҳар бир туман ва шаҳарда ҳудудий дастурлар тайёрланган ва амалга оширилмоқда. Мазкур дастурлар қуйидагиларга йўналтирилган:
• олий ва ўрта махсус, касб–ҳунар таълими битирувчилари меҳнатидан иложи борича тўлароқ фойдаланиш, шунингдек иш билан бандликка кўмаклашувчи бюджетдан ташқари фонд маблағларини жалб этган ҳолда қўшимча иш жойлари яратиш;
• маҳаллий таълим муассасаларини ривожлантириш эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда ҳар бир минтақадаги меҳнат бозорида иш кучига амалдаги талаб ва таклифни аниқлаш;
• таълим муассасалари битирувчиларини иш билан таъминлашни тезкор назорат қилиш механизмини яратиш;
• мутахассислар тайёрлашни иш берувчилар талаблари асосида йўлга қўйиш мақсадида иш берувчилар билан касб таълими муассасаларининг ўзаро ҳамкорлик қилишини таъминлаш.
Иқтисодиётда инновацион жараёнлар узлуксиз ривожланиб бориши кўп жиҳатдан олий таълимнинг истиқболни кўзлаб иш кўришига боғлиқдир. Университет ва институтларнинг маъмурияти бугун билимларни эгаллаётган ёшлар яна 4-6 йилдан сўнг бевосита меҳнат фаолиятига киришишларини ҳисобга олишлари зарур. Ҳозирча эса мамлакат олий таълим тизимидаги жараёнлар инновацион иқтисодиёт эҳтиёжларига тўла мос тушмайди. Давлат таълим стандартларида меҳнат бозори талаблари тўлиқ ҳисобга олмаган.
Кадрларни тайёрлаш миллий дастурида фан ва ишлаб чиқаришнинг интеграциялашиши вазифалари белгилаб қўйилган. Лекин ана шундай шериклик алоқаларида олий таълим муассасаларининг роли ҳали талаб даражасида эмас. Олий ўқув юртларда инновацион фаолиятга мотивациялаш механизмларидан самарали фойдаланилмайди. Университет ва институтларда илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларини ташкил этиш даражасини иқтисодиётнинг амалий вазифаларга йўналтириш талаб қилинмоқда.
Инсонни ривожлантириш миллий мақсадларида соғлиқни сақлаш соҳасидаги энг муҳим вазифалари сифатида касалликларнинг олдини олиш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, тиббий хизмат сифатини яхшилаш устувор йўналишлари сифатида белгиланган.
Аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш стратегияси тиббий хизмат сифатини тубдан яхшилашга йўналтирилиши лозим. Тиббий ёрдам сифати – кўп омилли вазифадир. Ушбу вазифани мувофақиятли ҳал этиш қуйидагиларга боғлиқдир:
мутаҳассисларнинг малакаси;
тиббий хизмат кўрсатишда фаннинг энг янги ютуқларидан фойдаланиш;
даволаш жараёнида замонавий асбоб-ускуналарни кенг қўллаш;
самарали дори воситалари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш.
Шу билан бирга соғлиқни сақлаш ходимларининг малака бўйича табақаланиши ҳам кузатилади. Энг малакали тиббиёт ходимлари тор ихтисослашган пойтахт, вилоят марказлари клиникалари, тез тиббий ёрдам кўрсатиш тузилмаларида тўпланган.
Тиббиёт йўналишидаги мутаҳассислар тайёрлаш сифатини ошириш учун фақат ўқув дастурлари ва таълим усулларини такомиллаштириб қолмасдан, балки профессор-ўқитувчилар савиясини ҳам ошириш, соғлиқни сақлаш ўрта бўғини кадрларининг узлуксиз таълими тизимини жорий этиш мақсадга мувофиқдир.
Инсоннинг турар жой, ижтимоий инфратузилманинг бошқа хизматларига эҳтиёжи бирламчи ҳисобланади. Қишлоқдаги уй хўжаликлари ҳозир ҳам ичимлик сув, газ, электр қуввати билан таъминланишда муаммоларга дуч келадилар. Оқибатда шаҳар ва қишлоқ аҳолиси турмуш даражаси ўртасида тенгсизлик юзага чиқади. Ушбу муаммони ҳал этиш ҳам жиддий инвестицияларни талаб қилади.
Инсонни ривожлантириш концепцияси – ижтимоий тараққиётга янгича истиқболли ёндашув бўлиб, унинг марказига инсоннинг ҳаёти танлов имкониятларини кенгайтириш қўйилган. Инсонни барқарор ривожлантиришни таъминлаш учун барча – табиий, жисмоний капитал, айниқса инсон капитали муттасил ортиб бориши талаб қилинади. Фақат шундагина ҳар бир инсон ўз қобилиятини ривожлантириш учун энг қулай шарт–шароититга эга бўлади ва ўзининг ривожланиши имкониятлари тобора кенгайиб боради.
Ўзбекистонда амалга оширилаётган кучли ижтимоий сиёсат бевосита ана шу мақсадларга эришишга йўналтирилган.
Do'stlaringiz bilan baham: |