Биоэтиканинг юзага келиш шарт-шароитлари
Ахлок инсоннинг хулқ-атворини ва одамлар ўртасидаги муносабатларни тартибга солувчи дастлабки механизмлардан биридир. Ахлоқ алоҳида фан – этика ўрганадиган соҳани ташкил этади. Мазкур фанга буюк юнон файласуфи Аристотель (Арасту) асос солган. Одамлар жамоасида ижтимоий муносабатлар мураккаблашиб бориши натижасида у ёки бу ахлоқ нормалари, қоидаларини инсоннинг кундалик ҳаётидаги реал соҳаларга татбиқан муайянлаштириш эҳтиёжи туғилди. Шу тариқа этика соҳасида амалий тадқиқотлар пайдо бўла бошлади, амалий этиканинг турли йўналишлари: сиёсий этика, журналист этикаси, бизнес этикаси ва ҳ.к. шаклланди. Этиканинг эски муаммоларини янгидан тадқиқ қилиш, ҳаёт (унинг пайдо бўлиши, уни қувватлаш ва узайтириш) ва ўлим билан боғлиқ кўпгина анъанавий муаммоларни қайта кўришга қаттиқ эҳтиёж туғилди. Ҳозирги замон амалий этикаси мана шу масалалар билан шуғулланади.
Бугунги кунда амалий этика касалхоналар ва дорихоналарга, бизнес ва сиёсат соҳаларига кириб келмоқда, табиатга муносабат, ҳайвонларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, очликка қарши кураш муаммолари билан бевосита шуғулланмоқда.
Этика айнан амалий муаммолар соҳасида долзарб аҳамият касб этмоқда. Асосий сабаблари – инсон билимлари технологик имкониятларининг ўсишида. Амалий этика, сўзнинг кенг маъносида, этика тушунчалари ва назарияларини муайян, мураккаб ва кўпинча жуда драматик вазиятларга татбиқ этиш демакдир. Унга казуистика («casus» - тасодиф сўзидан), яъни чексиз тасодифлар ёки прецедентларни кўриб чиқиш деб қараш ҳам мумкин. Аммо унга янада кенгроқ - чуқур фалсафий маънога эга бўлган ва инсон ҳақида тубдан янгича тасаввурларни шакллантирадиган янги йўналиш деб қараш учун барча асослар мавжуд. Амалий этика деганда, тор маънода, амалиёт таъсирида юзага келган ва амалий этиканинг алоҳида турлари (сиёсий этика, экоэтика, биоэтика, журналист этикаси ва ш.к.) пайдо бўлишига олиб келган ҳодиса тушунилади.
Биоэтика, классик тиббиёт этикасидан фарқ қилувчи янги йўналиш сифатида, XX асрнинг иккинчи ярмида пайдо бўлди ва жадал ривожлана бошлади.
«Биоэтика» атамасини америкалик машҳур онколог врач, олим ва инсонпарвар Ван Ранселер Поттер (1911-2001) илмий муомалага киритди. Иккинчи жаҳон уруши арафасида у Жанубий Дакота (Брукингс ш.) университетининг биология факултетини (биохимия ихтисослиги бўйича), сўнг – Висконсин университети (Мадисон ш.)да магистратурани тамомлади. Докторлик илмий даражасини олганидан сўнг Поттер Стокгольм биохимия институтида, проф. Х.А. Кребс билан ҳамкорликда Шеффилд университетида, сўнгра – Чикаго университетида илмий тадқиқотлар ўтказди. Поттер узоқ йиллар Висконсин университетида дастлаб онкология профессори, сўнгра – Мак Ардел лабораторияси директорининг ассистенти бўлиб ишлади. 50-йилларда Поттер саратон касаллигини даволашда ҳужайра ўстириш ингибиторлари ва кимёвий даволаш комбинациясининг мусбат терапевтик самарасини биринчилардан бўлиб намойиш этди. Поттер биохимия ҳамда саратон касаллигини тадқиқ қилиш соҳаларида 350 дан ортиқ асарларнинг ва биоэтика соҳасида 50 дан ортиқ мақола ва китобларнинг муаллифидир. «Биоэтика – келажакка кўприк» китобини бугунда мумтоз асарлар қаторига киритиш мумкин. Ўзининг машҳур «Биоэтика» атамасини Поттер айнан шу китобида биринчи марта қўллаган, биоэтика ҳақидаги замонавий қарашларнинг асосларини яратган, бугунги кунда халқаро амалиётда кенг қулоч ёйган этика бўйича фанлараро қўмиталар ташкил этиш ғоясини муҳокама қилган.
Поттернинг асосий ғояси ер юзида ҳаётни сақлаб қолиш муаммоларини ҳал қилиш учун гуманитар фанлар ва биология фанининг саъйҳаракатларини бирлаштиришни, (айниқса, биотиббий технологиялар соҳасидаги) фан-техника тараққиётининг узоқ муддатли оқибатларини эътиборга олишни назарда тутади. Нормал ва барқарор цивилизацияда инсоннинг тур сифатида узоқ муддат яшаб қолиши этика нормалари тизимини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлашни тақозо этади. Этика нормаларининг мазкур тизимини В.Р. Поттер глобал биоэтика деб номлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |