Техник кўрсаткичлар (асосан товарнинг сифатини тавсифлайди) энг қатъийдир, чунки уларга қараб товарнинг мўлжалланганлиги, маҳсулотнинг муайян тури (синфи)га тегишли эканлиги ҳақида фикр юритиш мумкин. Бу кўрсаткичлар, шунингдек, техник-конструкторлик қарорларида акс эттирилади. Бу ерга техник кўрсаткичларнинг ўзгариш чегараларини белгилайдиган андозалар, меъёрлар, қоидалар, қонуний актлар киритилади. Шунингдек, товарнинг инсон организми ва унинг психикасига қанчалик тўғри келиши, акс эттирувчи эргономик кўрсаткичлар ҳам киради (ишлашнинг қулайлиги, чарчаш тезлиги, инсоннинг машина билан мослиги даражаси).
Иқтисодий кўрсаткичлар товарларни ишлаб чиқариш харажатлари миқдори, унинг нархи, транспортировка харажатлари, ўрнатиш, тузатиш, ишлатиш, техник хизмат кўрсатиш, ходимларни ўргатиш харажатлари билан ифодаланади. Шу билан бирга бу харажатлар истеъмол баҳосини ҳосил қилади. Истеъмол баҳоси, одатда, сотиш нархидан юқори, чунки харидор фақат товарни сотиб олишга эмас, балки унинг истеъмолига ҳам маблағ сарфлайди.
Ижтимоий-ташкилий кўрсаткичлар — бу истеъмолчиларнинг ижтимоий структураси, ишлаб чиқаришнинг ташкил этилишидаги миллий хусусиялар, сотиш, рекламанинг ҳисобга олинишидир.
Товарнинг истеъмол хусусиятлари, унинг истеъмол учун фойдалилиги қатор кўрсаткичлар билан аниқланади. Масалан, функционал хусусиятлар истеъмол предметининг унинг мақсадига мос келишини белгилаб беради, ижтимоий хоссалари эса товар хусусиятларининг аҳоли ҳар хил гуруҳларининг эҳтиёжларини қондира олишини тавсифлайди, эстетик хусусиятлар товарнинг ҳис-туйғу орқали қабул қилинадиган шакл белгилари орқали ўзининг ижтимоий қимматини ифодалаш қобилиятини белгилайди (ижтимоий-маданий моҳияти, фойдалилик ва бошқалар), ва ниҳоят, экологик хусусиятлар — берилган товарни истеъмол қилиш жараёни атроф-муҳит учун қанчалик зарарлигини аниқлайди.
Товар рақобатбардошлигининг ўсиши қуйидагилар билан боғлиқ бўлиши мумкин:
Ø қўлланадиган материаллар, технологиялар, ишлаб чиқаришни ва бошқаришни ташкил этишни такомиллаштириш;
Ø одамлар эҳтиёжларини қондириш борасида принципиал жиҳатдан янги бўлган воситаларни яратиш;
Ø асосий товарлар билан биргаликда ишлатиладиган товарларни мукаммаллаштириш ёки янгиларини яратиш;
Ø сотиб олиш шароитларини ва истеъмолчи томонидан товарнинг кейинги ишлатилишини яхшилаш.
Рақобатбардошликни баҳолаш «сифат-нарх» кўрсаткичларини рақобатчи товарлар билан таққослаш асосида амалга оширилади (меъёрлар, намуналар ва ҳоказолар).
Бунинг учун ишлаб чиқарувчи рақобатбардошликнинг иккита асосий омиллари — нарх (нарх кўрсаткичлари) ва сифат (нархсиз кўрсаткичлар)нинг ички таркибини аниқлаши зарур. Бу омилларнинг ўлчамларини ҳисоблаб ва муайян стратегияни танлаб, рақобатбардошлик кўрсаткичларини нисбатан ошириш орқали уларга таъсир этиш мумкин.
7.3-расм. Рақобатбардошлик кўрсаткичларининг структураси
Нарх омиллари истеъмолчининг маҳсулотни сотиб олиш ва ишлатиш муддати давомида фойдаланиш харажатларининг тўлиқ структураси билан тавсифланади ва маҳсулотнинг хусусиятлари, уни сотиб олиш ва ишлатиш шароитлари билан белгиланади. Истеъмолчининг жами харажатлари умумий ҳолда бир вақтли ва жорий харажатларни ўз ичига олади.
Do'stlaringiz bilan baham: |