Зиддиятсизлик қонуни.
Зиддиятсизлик қонуни ҳақидаги дастлабки маълумотни Платоннинг «Евтидем» номли диалогида учратамиз. Платон бу ҳақда бир нарсанинг ўзи ҳам бўлиши, ҳам бўлмаслиги мумкин эмас, дейди. Аристотель бу қонуннинг моҳиятини ўзаро қарама-қарши фикрлар бир вақтнинг ўзида бараварига чин бўлиши мумкин эмас; айнан бир нарса бошқасига айни нисбатда ҳам мос бўлиши, ҳам мос бўлмаслиги мумкин эмас, деб тушунтирган. Зиддиятсизлик лотинча «Zex contradictions» сўзидан олинган. Тафаккурнинг бу қонунини предмет ва ҳодисаларга хос бўлган томонларининг ўхшашлиги, тафовути ва ўзаро боғланишларининг инсон онгидаги инъикоси сифатида баҳоламоқ лозим. Маълумки, оламдаги нарсалар муайян ҳислатларга эга. Бу ҳислатлар предметлар мавжудлигини ифодалайди. Олам шундай тузилганки, айнан бир нарсанинг ўзи айни бир шароитда, айни бир вақтда маълум хусусиятга ҳам эга бўлиш, ҳам эга бўлмаслиги (масалан, ҳам «оқ», ҳам «қора» бўлиши) мумкин эмас. Мана шу хусусият мантиқнинг зиддиятсизлик қонунида ўз ифодасини топган. Мазкур қонун тафаккурдаги зиддиятни бартараф этишга қаратилган. Бу қонунга мувофиқ айни бир нарса ҳақида, айни бир вақтнинг ўзида, айни бир нисбатда айтилган икки қарама-қарши фикр бирданига чин бўлиши мумкин эмас: улардан бирининг чинлиги иккинчисининг ҳатолигини келтириб чиқаради. Масалан: А-В дир ва А-В эмасдир деган икки фикр бир вақтнинг ўзида чин бўлиш мумкин эмас. Муҳокамада зиддиятлар турли кўринишларда учраши мумкин. Масалан, агар якка тасдиқ маъносида «S-Р дир» мушоҳадаси чин бўлса, унинг инкори «S-Р эмасдир» хато ҳисобланади. Шунингдек, фикрдаги зиддиятлар умумий тасдиқ ва умумий инкор умумий тасдиқ ва жузъий инкор; умумий инкор ва жузъий тасдик фикрлар орасидаги муносабатларда кузатилиши мумкин. Бу кўрсатилган фикрлар ўзаро қарама-қарши бўлиб, уларнинг ҳар иккиси бир вақтнинг ўзида чин бўлиши мумкин эмас. Бир вақтнинг ўзида, бир нисбатда чин бўлиши мумкин бўлмаган фикрлар мантиқда қуйидаги формулалар ёрдамида ифодаланади:
S - Р дир ва S - Р эмасдир.
Хеч бир S - Р эмасдир ва ҳар бир S - Р дир.
Хамма S - Р дир ва баъзи S - Р эмасдир.
Хеч бир S - Р эмасдир ва баъзи S - Р дир.
Зиддиятсизлик қонунининг ифодаланиш а ва а (а эмас). Бу мантиқда а а формуласи ёрдамида ифодаланади. Зиддиятсизлик қонуни унинг амал қилишдаги шарт-шароитларни яхши билиш, таҳлил қилишни талаб этади. Мантиқ талабларини билиб ёки билмай туриб бузиш ҳақиқатни яшириш, ундан қўрқиш, беркиниш, ёлғон фикрларни исботлашга олиб келади.
Зиддиятлилик қонуни тафаккурнинг муҳим хусусияти фикр зидлигига йўл қўймасликни талаб қилади. Унга кўра бир вақтнинг ўзида бир масала юзасидан, бир нарсага нисбатан икки зид фикрнинг бўлиши мумкин эмас. Лекин турли маънода, турли вақт бирлигида, турли нисбатда бир масалага нисбатан икки зид фикрнинг мавжуд бўлиши мумкин. Зиддиятсизлик қонуни фикр бирлигини, вақт бирлигини, объект бирлигини, нисбат ёки муносабат бирлигини асосий шартлар сифатида қўяди, ҳамда бирон бир саволга бир вақтнинг ўзида ҳам «ҳа» ёки «йўқ» тарзида жавоб бериши мумкин эмаслигини назарда тутади. Зиддиятсизлик қонуни фақат фикрлаш жараёнига тааллуқли. Худди айният қонунидаги сингари бунда ҳам фикрдаги муқимлик, барқарорлик назарда тутилади. Шундан келиб чиққан ҳолда зиддиятсизлик қонунига кўра айнан бир предмет ҳақида қарама-қарши фикрларни баён этиш мантиқсизлик, деб ҳисобланади. Зиддиятсизлик қонуни оламдаги нарса ва ҳодисаларда рўй бериб турадиган узлуксиз ўзгариш жараёнини инкор этмайди. У фақат фикрдаги зиддиятни инкор этишга қаратилган. Фикр зиддиятини ҳаёт, олам тараққиёти зиддиятидан фарқламоқ керак. Хаёт зиддияти тараққиёт манбаи бўлиб ҳисобланади. Оламдаги мавжуд зиддиятлар диалектик зиддиятлардир. Зиддиятсизлик қонуни оламнинг моҳиятини, хусусиятлари, муносабатлари, уларга хос бўлган зиддиятларни изчил, тартибли, бир-бирига зид бўлмаган фикрларда баён этишни талаб қилади. Тафаккурнинг зиддиятсизлик қонуни борлиқни ва у ҳақидаги инсон фикрларини ўрганишдан келиб чиққан.
Do'stlaringiz bilan baham: |