2. Мантиқ фанининг шаклланиши ва ривожланиши. Ўрта асрларда Ўрта Осиёда мантиқ фанининг ривожланиши. Мантиқ фани қадимдан пайдо бўлган. Мантиқнинг шаклланиши фалсафий илмларнинг шаклланиши билан бевосита боғлиқ. Мантиқ фанининг тарихий ривожланиш босқичлари деганда, қуйидагилар назарда тутилади:
1. Қадимги дунёда мантиқ фани.
2. Ўрта асрларда мантиқ фани.
3. Европада, янги даврда мантиқ фанининг ривожланиши.
4. Мантиқ илмининг ҳозирги тараққиёт босқичи.
Мантиқ илмининг шаклланиши тўғрисидаги маълумотлар шундан далолат берадики, унинг дастлабки илдизлари Хитой, Ҳиндистон, Юнонистон ва дунёнинг бошқа мамлакатларида пайдо бўлган. Мантиқ дастлаб Ҳиндистонда эрамиздан илгариги иккинчи минг йилликларда шакллана бошлаган. Эрамизнинг бошларида Ҳиндистонда мантиқ илми мустақил фан сифатида шаклланди. VII асрга мансуб машҳур мантиқшунос Дхармакиртининг мантиққа оид ёзиб қолдирган рисолалари («Мантиқ томчилари» - дарслик, «Мантиқий асос тўғрисида қисқача дарслик», «Мантиқий алоқалар тўғрисидаги тадқиқотлар», «Билимнинг ҳақиқатлиги тўғрисида») шундан далолат беради.
Эрамиздан аввалги V-IV асрларда қадимги Юнонистонда мантиқ мустақил фан сифатида шаклланган. Юнон файласуфи Демокрит (эр.ав. 460-370 йиллар) ўз асарларида «Логос» терминини қўллади ва «логос»ни умуман дунёни ва уни билишнинг асоси сифатида талқин этди. Суқрот мантиқий усуллар ҳақида фикр юритди. Афлотун ўзининг бир қатор диалогларида («Федон», «Театет», «Софист») мантиқий шакллар тўғрисидаги қарашларни баён этади.
Мантиқ тарихига оид адабиётларда Аристотелгача ҳам мантиқ илми ривожланганлиги ҳақида маълумотлар бор. Софистларнинг мантиққа оид қарашлари бунга мисол бўла олади. Софистлар ўта сўзамол, ширинсухан, донишмандлар бўлишган ва ёшларда сўз санъати, исбот ва раддия маҳоратини тарбиялашган. Софистларнинг йирик вакили - Протогар (эр.ав. 480-410) ҳақида маълумотлар бор.
Мантиқ фанининг алоҳида илм соҳаси сифатида шаклланиши буюк юнон файласуфи, мутафаккир Аристотель номи билан бевосита боғлиқ.
Аристотель (эр.ав. 384-322) ўзидан аввалги олимларнинг мантиқ соҳасидаги фикрларини умумлаштирди ва ривожлантирди, мантиқ фанини ишлаб чиқди. Аристотелнинг мантиққа оид асарлари «Органон» деб номланади. Унинг таркибига кирган «Категориялар тўғрисида», «Талқин тўғрисида» («Об истолковании»), «Биринчи аналитика», «Иккинчи аналитика», «Топика», «Софистик раддиялар тўғрисида» каби рисолаларда мантиқ илми тўғрисидаги фикрлар баён этилган. «Органон» - билиш қуроли, усули маъносини англатади.
Аристотель «Категориялар тўғрисида»ги рисоласида тушунчалар тўғрисидаги таълимотни, «Биринчи аналитика»да хулоса чиқариш усуллари - силлогизмлар назариясини, «Иккинчи аналитика»да илмий исботлашнинг асосий тамойилларини ёритди. Аристотелдан сўнг мантиқ қадимий Юнонистонда Стоя мактаби вакиллари Зенон, Хрисипп, ва бошқалар томонидан ривожлантирилди. Мантиқ дастлаб амалий аҳамиятга эга бўлан фан сифатида нотиқлик санъати билан боғлиқ равишда шаклланди ва ривожланди.
Қадимдан то XIX асрнинг ўрталарига қадар Аристотель томонидан асослаб берилган мантиқ «Формал мантиқ», «Классик мантиқ», «Традицион мантиқ» номлари билан аталди.
Ўрта Осиё мутафаккирлари ижодига доир илмий манбаларда мантиқ илми буюк олимлар Муҳаммад Ал- Хоразмий, Муҳаммад Ал-Фарғоний, Абу Наср Форобий, Абу Али Ибн Сино, Абу Абдуллоҳ Ал-Хоразмий, Мир Сайид Журжонийлар томонидан ривожлантирилганлиги ҳақида маълумот бор.
Абу Абдуллоҳ Ал-Хоразмийнинг «Мафотих--ал-улум»и, («Илмлар калити») ўзига хос қомусий асар бўлиб, ўз ичига ўша даврдаги деярли барча илм соҳаларини қамраб олган. Ушбу асарда фалсафа, мантик, тиб, илми-нужум, мусиқа фанларининг асослари берилган. Асарнинг иккинчи қисмига 9 бобдан иборат мантиқ киритилган.
Муҳаммад ибн Мусо Хоразмий томонидан математик мантиқнинг асосий тушунчаси - алгоритм ишлаб чиқилган. Алгоритм тушунчаси жонли мушоҳадага асосланиб, миқдорлар орасидаги мураккаб муносабатларга оид муҳим хусусиятни ажратиб олиш ва умумлаштириш маъносини ифодалайди. Аввал саноқнинг ўзи, сўнг қатъий, аниқ қоида асосида қўйилган масалани охиригача ечиб берувчи ҳар қандай ҳисоблаш тизими, алгоритм деб аталади. Мантиқ фани ўрта асрларда Ал-Киндий, Закария Розий, Абу Наср Форобий, Абу Али Ибн Сино каби Ўрта Осиё мутафаккирлари томонидан ишлаб чиқилди ва ривожлантирилди.
Бизгача етиб келган адабиётларда Абу Наср Форобий ва Абу Али Ибн Синонинг мантиқ илмидаги муваффақиятлари алоҳида таъкидланган.
Абу Наср Форобий (873-950 йиллар) мантиқ илми тараққиётига катта ҳисса қўшган буюк мутафаккирдир. У аввало қадимги Юнон фалсафаси ва мантиқини, Аристотелнинг илмий ижодини чуқур ўрганди.
Форобий мантиққа оид «Исагувчи» (Кириш), «Мақулот» (Категория), «Ибора, «Қиёс», «Бурхон», «Жадал», «Сафсата», «Хитоба», «Шеър» деб номланган 9 рисолани яратди. Булардан ташқари «Мантиқ илмига кириш», «Ақл ҳақида» «Силлогизм» каби рисолаларни ёзди. Форобий мантиқни «тўғри фикрни амалга ошириш, ҳақиқатни қўлга киритиш санъати» - деб ҳисоблаган. Унинг фикрича, мантиқ шундай бир санъатки, у ҳар доим одам нотиқликда адашиб қоладиган бўлса, тўғри фикрлашга олиб келувчи ва ақл ёрдамида бирон-бир хулоса қилинадиган бўлса, хатолардан асровчи масалаларни ўз ичига олади.
Абу Наср Форобий мантиқни тафаккур тўғрисидаги фан, деб билди. Унинг таълимотича, тафаккур ҳақиқатни билишга хизмат қилади ва бу йўлда у турли мантиқий шакл ва усуллар: тушунча, ҳукм, хулоса чиқариш, исботлаш кабилардан фойдаланади. «Мантиқ - деб ёзади Форобий, - фалсафанинг у ёки бу қисмларида қўлланган ҳолларда назарий ва амалий санъатларни қамраб олувчи ҳақиқатни қўлга киритиш асбобидир». Форобий- мантиқнинг асосий тушунчалари, бўлимларини ишлаб чиқишга катта ҳисса қўшди. Унинг мантиқ билан грамматика, мантиқий фикр билан нотиклик (фикрини баён қилиш) санъатининг боғлиқлиги тўғрисидаги фикрлари диққатга сазовордир.
Форобий мантиқ (логика) илмини саккиз қисмга ажратди: 1) оддий иборалар - тушунчалар; 2) мураккаб иборалар - гап; 3) силлогизмлар - хулосалар, Мантиқнинг қолган бешта қисмини фикр юритишнинг шакл ва усулларига қаратади. Булар а) исботлаш (далиллаш) усули; б) диалектика (ёки баҳолаш) усули; в) софистик (ёки ёлғонни ҳақиқат қилиб кўрсатишга қаратилган) усул; г) нотиқлик; д) шеърият. Бу кўрсатилган усуллар силлогистик санъатнинг турли хилдаги кўринишлари бўлиб исботлашга таянади, деб ҳисоблайди буюк мутафаккир1.
Мантиқшуносларнинг тан олишича, Форобий ҳақиқатан ҳам араб тилида ижод қилган олимлар ичида биринчи бўлиб мантиққа оид йирик асарлар битган.
Форобий мантиқнинг силлогизмлар тўғрисидаги таълимотини чуқурлаштирди: тил билан мантиқ ўртасидаги бирлик ва тафовутни моҳирона қайд этди. Унинг таъкидлашича, сўзларнинг қурилишини ўрганадиган грамматика мантиқ билан ўзаро боғланган. Форобий таълимотида индуктив билиш усули, индуктив хулосалар ҳақида фикр юритилган, Унинг фикрича, дедуктив хулосалаш имконияти индуктив хулоса ютуклари билан бойитилиши лозим.
Абу Али Ибн Сино (980-1037) Ал-Форобийнинг фалсафа ва мантиққа оид қарашларини ривожлантирди. У мантиққа оид дастлабки билимларини устози Нотилийдан ўрганди. Абу Али Ибн Сино қаламига мансуб «Китоб-аш-шифо»нинг 9-бўлими мантиқнинг муаммоларига бағишланган. (Булар «Ал-Мадҳал», «Ал-Мақулот», «Ал-Иборат», «Ал-Қиёс», «Ал-Бурхон», «Ал-Жадал», «Ал-Хитоба», «Аш-Шеър»). Шунингдек, унинг мантиқ соҳасидаги қарашлари «Китоб-ал-нажот», «Китоб-ан-ишорат ва танбиҳот», «Донишнома» ва бошқа рисолаларида баён этилган.
Ибн Синонинг «Донишнома» асарида мантиқ илмининг тузилиши, қисмлари, тафаккурнинг шакллари, усуллари, қоидалари, мантиқий хатолар каби масалалар ёритилган. Ибн Сино талқинича, мантиқ илми 9 қисмдан иборат.
1) Ал-Мадҳал - бу қисм мантиққа кириш, мантиқнинг асосий вазифалари, мантиқнинг билишда тутган ўрни, таркиби масалаларига багишланган.
2) Ал-Мақулот - тафаккурнинг бошланғич тушунчалари, уларнинг нутқ орқали ифодаланиши масалаларини ўз ичига олган.
3) Ал-Иборада ҳукм, унинг ифодаланиши, турлари ҳақида баён қилинади.
4) Ал-Қиёс қисми хулоса чиқариш, дедуктив хулоса чиқариш, хулосанинг шакллари, қоидалари тўғрисида маълумот беради.
5) Ал-Бурхон - исботлаш, унинг моҳияти, вазифаси, турлари, қоидаларига бағишланган.
6) Ал-Жадалда - диалектик ҳукмлар номини олган мураккаб ҳукмлар тўғрисидаги билим акс этган.
7) Ал-Сафсата-софизм, параллогизмлар – нотўғри ҳукмлар, бошқаларни алдаш, ёлғонни исботлаш усулларига қаратилган.
8) Ал-Хитоба-риторика, нотиқлик санъатига бағишланган.1
9) Ал-Шеър - ҳукмлар, шеър ёзиш санъати, унинг вазифасини, масалаларига баҒишланган.
Ибн Сино мантиқ деганда, тўғри фикр юритиш, хатолардан сақланиш қоидаларини, маълум билимлардан номаълум билимга ўтиш йўлларини кўрсатадиган фанни тушунади. Унинг фикрича, амалий тафаккур ҳар доим мантиққа муҳтож, у мантиқ ёрдамида мукаммалликка эришади.
Ғарбда мантиқ фани инглиз файласуфи Френсис Бэкон (1561-1625) томонидан ривожлантирилди. У ўзининг «Янги органон» асарида билишнинг индуктив методини асослаб берди. У индукцияни билиш усули, деб қаради.
Мантиқ масалалари янги даврда файласуфлар Р.Декарт, Г.Лейбниц, И.Кант диққатини ўзига тортди. Машҳур немис файласуфи Лейбниц (1646-1716) мантиқ илмининг тутган ўрнига алоҳида эътибор беради. У мантиқни бошқа илмларни исботловчи, кашфиётлар методини ўрганувчи фан, деб таърифлади. Лейбниц мантиқнинг тўртинчи - етарли асос қонунини асослаб берди.
ХIХ-ХХ асрдаги математика илмининг тараққиёти мантиқ илмининг янги йўналишларини келтириб чиқарди.
Джон Буль, О-де Морган, Порэцкий асарларида мантиқ илмида математика методларининг тадбиқ этилиши масалалари ишлаб чиқилди, математик логика шаклланди.
1. Ҳозирда таркибий қисмларига форма лёки символик мантииқ.
2. Мантииқий семиотика ва методология киради.
Мантиқ илмининг асосини символик ёки формал мантиқ ташкил этади. Мантиқ инсон тафаккурининг шакллари, усуллари, қонун-қоидалари тўғрисида баҳс юритадиган фандир. Инсон тафаккури мураккаб жараён. Бу жараённинг моҳияти, босқичлари фалсафий нуқтаи назардан талқин қилинганда шундай хулосага келиш мумкинки, инсон томонидан оламнинг англаниши (билиш) бир-бирига боғлиқ бўлган икки босқични ўз ичига олади: оламни ҳис қилиш йўли билан билиш; оламни ақл йўли билан билиш. Олам, ундаги предмет ва ҳодисаларни биз аввало сезгиларимиз ёрдамида биламиз. Оламдаги нарсаларнинг онгимиз таъсири натижасида сезгилар ҳосил бўлади. Сезгилар нарса ва ҳодисаларнинг алоҳида томонлари, хусусиятларининг инсон онгидаги инъикосидир. Инсоннинг олам ҳақидаги барча билимларининг биринчи ва дастлабки манбаи - сезги. Сезги туфайли инсон олам билан боғланади. Сезги ташқи оламдаги предмет ва ҳодисалар, уларнинг хусусиятларини билиш имконини беради. Сезгилар деганда, кўриш, эшитиш, там сезиш, ҳид сезиш, тери сезгиси назарда тутилади. Сезгининг бошқа барча турлари шу сезгилар мазмунидан келиб чиқади. Ҳиссий қабул қилишнинг иккинчи шакли идрок бўлиб ҳисобланади. Оламдаги нарса ва ҳодисаларнинг инсон онгида акс этиши натижасида вужудга келган предметнинг яхлит образи - идрок ҳисобланади. Тасаввур - ҳиссий қабул қилишнинг ўзига хос шакли. У акс этган предметнинг онгда из қолдириши ёки образли хотира, деб ҳам юритилади. Тасаввур инсоннинг олам ҳақидаги билимларининг сақланиши ва мустаҳкамланишига хизмат қилади, шу билан бир қаторда нарса ва ҳодисаларни билишда муайян ўрин тутади. Тасаввур ҳиссий қабул қилишдан ақлий билишга ўтишда муҳим босқич бўлиб ҳисобланади. Шундай қилиб, сезги, идрок, тасаввур оламни ҳиссий билишнинг асосий шаклларидир. Улар психологиянинг ўрганиш объекти бўлиб ҳисобланади.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, сезги, идрок, тасаввур инсон ақлий фаолияти билан чамбарчас алоқадорликда вужудга келади. Бошқача қилиб айтганда, ҳиссий тафаккур шакллари инсон ақли томонидан бошқарилади ва назорат қилинади. Буни шундай тушунмоқ жоизки, ҳиссий билиш инсонда соф, ақлий билишдан ажралган ҳолда мавжуд бўла олмайди. Ҳиссий ва мантиқий билиш ўзаро бир-бири билан чамбарчас боғлиқ, бири иккинчисини тақозо этади. Хиссий билиш мантиқий билишга ўтишнинг дастлабки зарурий босқичи, мантиқий билиш эса, ҳиссий билиш натижаларининг инсон миясида қайта ишланиши оқибатида вужудга келади. Гарчи, ҳиссий ва мантиқий билиш ягона билиш жараёнининг ўзаро бир-бирига боғлиқ икки томонини ташкил этса-да, улар ўзаро бир-бирларидан фарқланадилар:
1. Хиссий ва мантиқий билиш ўзига хос шаклларда намоён бўлади. Хиссий билиш (мушоҳада)нинг шакллари деганда, сезги, идрок; тасаввур назарда тутилади. Мантиқий билиш шаклларига тушунча, мушоҳада (ҳукм), хулоса киради.
2. Хиссий билиш оламдаги нарса ва ҳодисаларнинг инсон онгида бевосита инъикос этилишидир. Хиссий билиш натижасида объектив оламнинг инсон онгида аниқ субъектив образи ҳосил бўлади. Мантиқий билиш объектив оламнинг инсон онгидаги билвосита (яъни, сўзлар, сўз бирикмалар, гаплар воситасидаги) фикрий ифодасидир. Мантиқий билиш ҳиссий билиш натижаларини қайта ишлаш орқали ҳосил бўлади. Тушунча, мушоҳада, хулоса билимларининг тил воситасида ифодаланган шакли ҳисобланади. Тафаккурнинг тил билан узвий боғлиқлиги, унинг муҳим хусусияти ҳисобланади. Тил тафаккурнинг моддийлашувидир.
3. Аксари ҳолларда ҳиссий билиш оламнинг пассив инъикоси бўлиши мумкин. Хиссий билиш инсоннинг хоҳиш - иродасидан қатъий назар ҳосил бўлиши мумкин. Мантиқий билиш инсоннинг онгли, мақсадга йўналтирилган фаолияти натижаси ҳисобланади. Унга кўра, мантиқий билиш оламни мушоҳада қилиш жараёнида турли-туман саволларнинг келиб чиқиши ва уларга жавоб излаш билан бевосита боғлиқ.
4. Мантиқий билиш, ҳиссий билишдан яна шу билан фарқланадики, нарса ва ҳодисаларнинг моҳиятини чуқур, атрофлича очиб беради; улар орасидаги алоқа ва муносабатларни аниқлайди.
5. Мантиқий билишда инсон хилма-хил билиш усулларидан (анализ, синтез, таққослаш, умумлаштириш, абстракциялаш, тушунтириш кабилар) фойдаланади, улар ёрдамида олам ҳақидаги билим - тушунча, муҳокама, хулосаларни ҳосил қилади. Мантиқий билиш, шунингдек, тушунчаларни умумийлаш ва чегаралаш, бўлиш ва туркумлаш, исботлаш ва рад қилиш, бир фикрдан бошқа бир фикрни ҳосил қилиш каби мантиқий усуллардан фойдаланишни тақозо қилади.
6. Хиссий билиш алоҳида предметлар тўғрисидаги инсоннинг дастлабки билимларини ифодалайди. Мантиқий билишда алоҳида предмет, ҳодисаларнинг умумий томонлари ифода этилади. Мантиқий билиш оламнинг инсон онгида билвосита, умумлашган ҳолда ифода этилишидир.
7. Мантиқий билишдан кўзда тутилган мақсад - чин билимларга (ҳақиқатга) эришишдир. Мантиқий билим тушунча, мушоҳада, хулосалар шаклида намоён бўлади.
Тушунча - предмет, ҳодисалар, уларга хос хусусиятлар, муносабатларнинг ифодаси ҳисобланади. Масалан: «Тошкент» (нарса ифодаси), «Гўзаллик» (белгини ифодалайди), «Тенг» (муносабатни ифодалайди).
Мушоҳада (ҳукм) - предметлар билан хусусиятлар ўртасидаги алоқадорликни ифодалайди. Хукм (мушоҳада) тушунчалардан ташкил топади. Мушоҳада предмет ёки ҳодиса ҳақида тасдиқ ва инкор шаклида баён этилган фикрдир. Масалан: Одамийлик - юксак ахлоқий фазилат.
Хулоса – илгариги билим асосида янги билим ҳосил қилишнинг мантиқий усули ҳисобланади. Хулоса фикрлар боғланишидан келиб чиқади. Фикрларнинг боғланиши янги билимни ҳосил қилиш имконини беради. Улар оламдаги нарса ва ҳодисалар алоқадорлигининг инсон онгидаги ифодасидир. Масалан, Металлар иссиқлик ўтказади. А)Мис - металл. Б)Демак, мис ҳам иссикқлик ўтказади. В)Бунда «А» ва «Б» фикрнинг боғланишидан янги В билим ҳосил бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |