Жобир ХЎЖАҚУЛОВ ёзиб олди.
"Солиқ ислоҳотларининг ўта муҳим иккинчи босқичи"
Жорий йилнинг 09-июль куни Оқдарё Педагогика коллежида O`zLiDeP Оқдарё туман Кенгашининг 2019-йилнинг 27-июнь куни Президентимизнинг “Солиқ ва божхона имтиёзлари берилишини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5755-сонли фармони мавзусига бағишланган давра суҳбати ўтказилди. Давра суҳбатида Самарқанд вилояти ДСИ бошқармаси Солиқ низоларини судгача ҳал қилиш бўлими бошлиғининг ўринбосари Оллонов Сирлибой, Оқдарё туман ДСИ бошлиғи Ғолибжон Хамраев тумандаги тадбиркорлар, фермер хўжалик раислари, тумандаги экспортёр корхона раҳбарлари иштирок этишди.
Тадбир ташкилотчилари
Мамлакатимизда тадбиркорлар ўртасида соғлом ва адолатли рақобатни таъминлаш, барча тадбиркорлик субъектлари учун тенглик тамойили асосида солиққа тортиш, божхона-тариф тизимини тартибга солишнинг самарали тизимини шакллантириш орқали рақобатбардош ишлаб чиқаришни рағбатлантириш, тадбиркорликни ва соғлом рақобат муҳитини қўллаб-қувватлаш, мамлакатнинг экспорт салоҳиятини кенгайтириш ҳамда ички бозорни сифатли истеъмол товарлари билан таъминлашга қаратилган кенг қамровли ишлар олиб борилмоқдалиги,
Бу борада 2018 йил 29 июнда давлатимиз раҳбарининг фармони билан Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси қабул қилингани ва солиққа тортиш борасида адолатли, тадбиркорлар учун қулай солиқ тизими яратилгани аҳамиятлидир. Таъкидлаш жоиз, Концепциянинг ҳаётга кенг татбиқ этилиши натижасида солиққа тортиш ва солиқ йиғимларини ундириш борасида кўплаб ижобий натижаларга эришилаётганини жорий йилнинг биринчи ярмида давлат бюджетига 39 триллион 118 миллиард сўм ёки ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,6 баробар кўп маблағ туширилганида ҳам кўриш мумкинлигини эътироф этишди.
Шу билан бирга, иқтисодиёт соҳасининг айрим секторларидаги тадбиркорлик субъектларига солиққа тортиш борасида имтиёз, преференциялар берилгани, натижада қўшилган қиймат солиғини ҳисоблаш ва тўлашнинг амалдаги тартибидаги мавжуд номутаносибликларни бартараф этиш, барча хўжалик юритувчи субъектлар учун тенг шароитларни таъминлашда қўшилган қиймат солиғининг тўлақонли занжирини яратишга қаратилган норматив ҳужжатларни янада такомиллаштириш долзарб бўлиб қолмоқдалигини.
Мамлакатимизнинг инвестициявий муҳитини янада яхшилаш, адолатли рақобат тамойилларини жорий этишни таъминлаш, янги солиқ ислоҳотларини тизимли жорий этиш ҳамда солиқлар ва божхона тўловлари бўйича имтиёзлар бериш амалиётини тартибга солиш мақсадида жорий йил 27 июнда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Солиқ ва божхона имтиёзлари берилишини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилингани, мамлакатимизда олиб борилаётган солиқ ислоҳотларининг ўта муҳим иккинчи босқичи эканлигини.
Фармонга кўра, 2019 йил 1 августдан бошлаб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар ягона ер солиғи тўловчиси бўлиб, ихтиёрий равишда қўшилган қиймат солиғини тўлашга ўтишлари мумкинлиги белгилаб қўйилмоқда ҳамда уларга сотиб олинган товар ва хизматлар бўйича қўшилган қиймат солиғини ҳисобга олиш имконияти яратилмоқда. Шунингдек, жорий йил давомида хизматларни реализация қилишдан олган тушуми 100 миллион сўмдан ошган, бироқ бир миллиард сўмдан кўп бўлмаган телекоммуникациялар операторлари ва (ёки) провайдерларига воситачилик хизматларини кўрсатувчи якка тартибдаги тадбиркорлар хизмат ҳақи суммасидан 25 фоиз ставкада ягона солиқ тўловини тўлаш белгилаб қўйилиши натижасида якка тартибдаги тадбиркорга бу фаолиятдан фойда олиш имконияти яратилмоқдалигини.
Бундан ташқари, 2019 йил 1 октябрдан бошлаб, товарларни сотишдан тушумнинг миқдоридан қатъи назар, бензин, дизель ёқилғиси ва газ ёқилғи қуйиш станциялари орқали охирги истеъмолчиларига сотадиган юридик шахслар ва товарларни импорт қилувчи тадбиркорлик субъектлари, товарларни (ишларни, хизматларни) сотишдан тушум миқдоридан қатъи назар, қўшилган қиймат солиғи тўловчилари ҳисобланиши белгиланмоқда эканлигини.
Бу ушбу фаолият билан шуғулланувчи барча тадбиркорлик субъектларига солиққа тортиш борасида бир хил ёндашув ва тенг рақобат муҳити яратилишини таъминлашга хизмат қилади. Импорт товарларга нисбатан имтиёзларни бекор қилишдан асосий мақсад эса, бугунги кунда ушбу маҳсулотларга божхона тўловларидан солиқ имтиёзлари берилган бўлса-да, аммо ички бозорда мазкур маҳсулотлар сотилганда қўшилган қиймат солиғи билан сотилиши белгиланганидан келиб чиқиб киритилмоқда. Бунда божхонада тўланган қўшилган қиймат солиғи ички бозорда ҳисобга олиниши натижасида товарларнинг нархлари ўзгаришига умуман таъсири бўлмаслигини.
Шунингдек, Фармон билан жорий йилнинг 1 октябридан бошлаб, юридик шахслар тижорат банкларида депозитга жойлаштирган маблағларидан фоиз кўринишида олинган даромади бўйича фойда солиғи тўлаш тартиби ҳамда Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган озиқ-овқат маҳсулотлари ва ўзи ишлаб чиқарган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига ҳам қўшилган қиймат солиғи тўлаш тартиби жорий этилмоқдалигини тадбиркорлар, фермер хўжалиги раҳбарлари ва экспортёр корхона раҳбарларига тушунчалар беришди.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, солиқ соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлган бу ўзгаришлар иқтисодиёт соҳасининг айрим секторларидаги солиққа тортиш борасида имтиёз ва преференциялар берилиши натижасида мавжуд бўлган номутаносибликларни бартараф этиш, барча хўжалик юритувчи субъектлар учун тенг шароитларни таъминлаш орқали мамлакатнинг экспорт салоҳиятини кенгайтириш ҳамда ички бозорни сифатли истеъмол товарлари билан таъминлашга хизмат қилади.
2018 йилда Солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш стратегияси тасдиқланди. Солиқ ислоҳотининг фақатгина 2019 йил учун амалга оширилиши натижалари солиқ тўловлари бўйича иқтисодий кўрсаткичларнинг кутилаётган прогнозларидан ошиб кетди. Бу солиқ сиёсати тизимидаги инновацияларнинг самарадорлигидан далолат бермоқда.
«ЎзИА» журнали Бош муҳаррирининг Давлат солиқ қўмитаси раиси Беҳзод Анварович МУСАЕВ билан суҳбати солиқ ислоҳотларининг мақсадлари, капитал бозорининг ривожланиши ва мамлакатнинг иқтисодий юксалишига қўшаётган ҳиссаси, Ўзбекистон солиқ органлари зиммасидаги янги устувор вазифалар ҳақида бўлди.
– Ҳурматли Беҳзод Анварович, маълумки, яқинда солиқ ислоҳотининг илк сарҳисоби эълон қилинди. Унга кўра 2019 йилги даромадлар бўйича давлат бюджети ижроси натижалари 83,3 трлн. сўмга тўғри келган ёки 2018 йилдагига нисбатан ўсиш 154 фоизни ташкил этган. Ислоҳотларни амалга ошириш режаларида белгиланган кўрсаткичларга эришиш ҳақида ҳозирданоқ гапириш мумкинми?
– Солиқ ислоҳотини амалга оширишдан кўзланган асосий мақсад – инвестиция фаолияти ва иқтисодий ўсишни рағбатлантирувчи тушунарли ва барқарор солиқ шароитларини яратиш эканлигини назарда тутсак, унга эришилди. Бу борада кўплаб вазифаларнинг ҳал этилиши солиқ солишдаги номутаносибликка ва адолатсиз солиқ юкига чек қўйиш, шунингдек, бизнесни маъмурий босимдан халос қилиш имконини берди. Зеро, бу ислоҳот солиқ органларининг сервисга йўналтирилган хизматга айлантирилишини ҳам ўз ичига олади.
Солиқ органлари фаолиятида рақамлаштириш ва ҳалол солиқ тўловчилар билан шериклик муносабатларини йўлга қўйиш учун қулай шароитлар яратиш муҳим аҳамият касб этди. Ушбу мақсадлар учун солиқ тўловчилар билан мулоқотнинг рақамли моделини тайёрлашга йўналтирилган Солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш стратегияси тасдиқланди. Давлат солиқ қўмитаси таркибида хизмат кўрсатиш ва солиқ органларининг ривожланиш стратегиясини белгилаб берувчи янги бўлинмалар ташкил қилинди.
Мақсадимиз солиқ мажбуриятларини ихтиёрий бажариш учун қулай шарт-шароитлар муҳайё этишдан иборат. Устувор вазифамиз эса ҳалол солиқ тўловчиларнинг бизнес ҳамкори бўлишдир. Айни йўналишда дастлабки дадил одимларни ташлаб, муайян натижаларга эришдик. Чунончи, электрон хизматлар сони 45 тага кўпайди, 2019 йилда солиқ тўловчилар электрон хизматлардан 400 миллион марта фойдаланишди! Солиқ тўловчининг шахсий ҳисобварағи орқали тадбиркорлик субъектлари жами 26,6 трлн. сўмлик солиқларни онлайн режимида тўлашди.
Бизнес туну кун хизмат кўрсатиш ва солиқ ҳуқуқбузарликлари содир этилиши хавф-хатарларини камайтириш имкониятига эга бўлди. Биргина ўтган йилнинг ўзида ташкил этилган Call-марказ орқали 98,6 мингта мурожаат келиб тушди ва барчаси кўриб чиқилди, солиқ мажбуриятларини бажаришга доир 5,7 мингта долзарб муаммо «Ишонч телефони» орқали ҳал этилди.
Фискал самарага келсак, кутилганидан зиёд натижаларни берди. Суҳбатимиз аввалида тўғри таъкидлаганингиздек, солиқ тушумларининг ўсиши бўйича тизим органларининг бутун тарихи давомида кузатилмаган юксак натижага эришилди – 154 фоиз!
– 2019 йил октябрь ойидан бошлаб қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) ставкасини 20 фоиздан 15 фоизгача пасайтирилди. Билишимизча, олдин Солиқ концепцияси лойиҳасида ҚҚСни 12 фоизгача камайтириш назарда тутилган эди. Жаҳон банки экспертлари эса уни камайтиришни тавсия қилишмади. Айтинг-чи, ҚҚС ставкаси миқдорини қўшни Қозоғистон ва Қирғизистондаги сингари 12 фоиз эмас, балки айнан 15 фоиз қилиб белгилаш нимага боғлиқ? Бу масалани яқин орада қайта кўриб чиқиш назарда тутилганми?
– Концепция ва унинг амалга оширилиши устида олиб борилган ишларнинг бутун даври мобайнида ҚҚС ставкасини камайтириш мавзусида қизғин баҳс-мунозаралар бўлиб ўтди. У аввало иқтисодиётга юклама нотекис тақсимланишига олиб келадиган қиймат занжиридаги номувофиқликка боғлиқ. Ушбу баҳс-мунозараларга сўнгги нуқта ўтган йил ниҳоясида, ставкани 15 фоизгача камайтиришга қарор қилинганда қўйилди.
Мазкур қарорни тарихий ва муросали, деб аташ мумкин. Чунки бу ишни амалга ошириш учун керакли молиявий ресурсларнинг барқарор манбаини таъминлаш ва мумкин бўлган таваккалчиликларни юмшатиш зарур саналган кенг кўламли ислоҳотларни олиб бориш жараёнида Ўзбекистон билвосита солиқлар ставкаларини оширишга йўналтирилган жаҳон тренди фонида тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга ва бюджетни ҳосил қилувчи солиқлардан бирининг ставкасини 25 фоизга камайтиришга аҳд қилди.
Бу ставканинг сезиларли даражада камайтирилиши демакдир. Негаки, ҳозир давлат бюджети умумий даромадининг 30 фоизидан ортиғи ҚҚС улушига тўғри келади, унинг камайиши эса 10 трлн. сўмни бизнес ихтиёрида қолдириш имконини берди. Ҳисоб-китобларнинг кўрсатишича, ҚҚС ставкасининг 15 фоиз даражасида белгиланиши бугунги кунда фискал барқарорликни таъминлайди ва ишбилармонлик муҳитини яхшилайди.
Қўшниларимизга келсак, уларда ставкани камайтириш бир неча босқичда амалга оширилган. Масалан, Қозоғистонда унинг 20 фоиздан 16 фоизгача пасайтирилиши 2001 йилда юз берди, 2009 йилда эса 12 фоизгача туширилди. ҚҚС ставкасини камайтириш фойдали эканлигига далиллар сифатида имтиёзлар мақбуллаштирилишини ва солиқ маъмурчилиги кучайтирилишини келтириш мумкин. Шу туфайли биз ушбу солиқ тушумлари 1,8 марта ошишини таъминлашга муваффақ бўлдик.
2019 йил бошида ушбу солиқни тўловчилар кўпи билан 7 минг нафар хўжалик юритувчи субъектдан иборат эди. Жорий йил бошида уларнинг сони 82 мингтага етди. Бу ислоҳотгача бўлган даврга нисбатан қарийб 12 баробар кўпдир.
Бундай кўрсаткичлар ҳисобга олиш-қайтариш механизми билан тавсифланади, шунга кўра ҳозир самарали ҚҚС ставкаси 6,8 фоизни ташкил этади.
Ижобий динамикасига қарамай, айни кезларда биз ҚҚС маъмурчилигига рақамли технологиялар ва аналитик воситаларни татбиқ этиш орқали уни такомиллаштириш устида изланаяпмиз. Пировардида ставкани яна қайта кўриб чиқиш учун замин яратилиши мумкин.
– Иш ҳақига солиқ юки ҳам сезиларли даражада камайтирилди. Аммо ҚҚСнинг жорий қилиниши товарлар ишлаб чиқарувчига ёки хизматлар кўрсатувчига эмас, балки «истеъмол солиғи» бўлгани ҳолда истеъмолчига юк бўлиб тушади. Бу фуқароларимизнинг харид қобилиятига қандай таъсир кўрсатади?
– Ҳақиқатан ҳам меҳнатга ҳақ тўлаш фондига солиқ юки 1,5 баробарга камайтирилишини тахминан 500 мингта иш ўрнини ғўр зонадан чиқариш ва жисмоний шахслар даромадларига солинадиган солиқ ставкаси 12 фоизгача камайтирилишига қарамай у бўйича тушумларни икки баробарга ошириш драйвери, деб аташ мумкин. Бу ўз навбатида, 4,2 трлн. сўм миқдоридаги бўш турган маблағларни аҳоли ихтиёрида қолдириш имконини берди ва улар харид қобилиятини лозим даражада сақлаб турди. Мавриди келганда эслатиш лозимки, ҚҚС иқтисодиётимиз учун янги солиқ эмас, у 28 йил давомида асосий фискал воситалардан бири бўлиб келди. Эндиликда унинг асосий параметрлари бизнес ва аҳоли манфаатлари ҳисобга олинган ҳолда қайта кўриб чиқилди. Қўшилган қиймат занжири ставкасининг қисқариши ва мақбуллаштирилиши иқтисодиётга қарийб 10 трлн. сўм олиб кирди.
ҚҚС бўйича тушумларнинг ўсиши солиқ базаси кенгайиши ва солиқ маъмурчилиги кучайишидан ташқари фискал юклама билан тўлаш имконияти ўртасидаги бараварлик ҳисобидан эришилган истеъмолнинг ўсиши билан ҳам тавсифланади.
– Давлат солиқ қўмитаси ҚҚС бўйича ноль даражали ставка тўғри қўлланилишини тартибга солади ва назорат қилади. Ислоҳотлар туфайли солиқ тўловчилар тўланган ҚҚСни ариза берилган кундан бошлаб 7 кун ичида ноль даражали ставка ҳисобидан қайтариб олишлари мумкин. Бироқ экспортни амалга оширувчи тадбиркорлар фикрича бу анча узоқ муддат. Энг ачинарлиси, катта бўнак тўловлари туфайли улар фойдани бой беришади. Модомики, шундай экан, қайтариш муддатини айтайлик, бир кунгача ёки бир соатгача қисқартириш имкони борми?
– ҚҚСни қайтариш, албатта, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш учун яхши чора. Нафақат экспорт операциялари, балки ички операциялар бўйича ҳам ундан тўлиқ фойдаланиш ҳақида қарор қабул қилиниши инвестициявий фаолликни оширишга хизмат қилиши тайин.
Биргина ўтган йили 1,7 трлн. сўм миқдоридаги солиқ қопланди, жорий йилда бу кўрсаткич 2,5 трлн. сўмга етиши тахмин қилинмоқда. Мазкур жараённи бошқариш тартиби сезиларли даражада соддалаштирилди. Тақдим этиладиган ҳужжатлар рўйхати ҳам қисқартирилди. Солиқ тўловчи зарур ҳужжатларни тақдим этиши ва 7 кун ичида солиқни қайтариб олиши мумкин бўлган электрон хизмат кўрсатиш тизими яратилди. Бу дунёдаги энг кам муддатлардан бири ҳисобланиши ХВФ ва Жаҳон банки экспертлари, шунингдек, чет эллик ҳамкасбларимиз томонидан бир неча бор таъкидланган. Менимча, ушбу муддатни қайта кўриб чиқишга ҳали эрта, чунки ҚҚС фирибгарлик хавфи юқори бўлган солиқ саналади. Ана шунинг учун ҳам 2019 йилда солиқ органлари томонидан камерал назорат доирасида ҚҚС бўйича ҳисоботларда 984,4 млрд. сўмлик 32243 та номутаносиблик ҳолати мавжудлиги аниқланди.
– 2019 йил 1 январдан бошлаб ягона солиқ тўловини 1 млрд. сўмдан ошмайдиган йиллик айланмага эга бўлган юридик шахслар тўлайдиган бўлишди. Айланманинг ушбу миқдори қандай ҳисоб-китоблар асосида белгиланган? Ҳозирги пайтда ҳатто кичик компания ҳам бунча суммага бемалол эришиши мумкин. Нима учун айланма миқдори 2 ёки 3 миллиард сўм эмас?
– Кўп йиллар мобайнида солиқ тизими ва уни қўллаш параметрлари бизнесни кичик ва катта турларга табақалаштирган ходимлар сони мезонига боғланди. Бу бизнеснинг мустаҳкамланишига ва иқтисодий ривожланишга тўсқинлик қилувчи ҳалокатли механизм эканлигини вақтнинг ўзи исботлади.
Ҳеч кимга сир эмас, кичик бизнесда банд бўлган ҳар иккинчи одам ўз маошини «конверт» усулида оларди ва бу жараённи тартибга солиш жуда қийин эди, чунки тизимли назорат чоралари маъмурий ресурслардан нооқилона фойдаланилишига ва тадбиркорлик субъекти фаолиятига аралашувга олиб келди.
Бизнесни табақалашнинг тескари тизимига ўтишни давр ва юзага келган жаҳон амалиёти талаби, дейиш мумкин. Жамоатчиликка таклиф этилган модель халқаро молия институтлари мутахассислари билан биргаликда Европа Иттифоқи, МДҲ ва Осиёдаги етакчи давлатлар амалиётини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилди.
Белгиланган 1 млрд. сўмлик чегаравий даража эса айни пайтда 105 минг АҚШ долларига тенг бўлиб, асло энг паст кўрсаткич эмас. Масалан, у Италияда у 58 минг, Германияда 20,3 минг, Туркияда 20 минг, Россияда 30,7 минг доллар миқдорида белгиланган. Бундан ташқари айнан шундай параметрлар қўшилган қиймат занжиридаги номувофиқликни қисқартириш ҳамда солиқ ислоҳоти самарадорлигини таъминлашда қўл кела бошлади.
Амалиёт шуни кўрсатдики, ҚҚС тўлаш фойдали бўлиб қолди. Боиси, кичик корхоналар йирик бизнес билан кооперациялашиш ва ўз молиявий кўрсаткичларини ошириш имкониятига эга бўлишди. Ўтган йили 14 мингга яқин солиқ тўловчи солиқ солишнинг соддалаштирилган тартибидан воз кечиб, ҚҚС тўлашга ўтишди. Бу айланманинг 1 млрд. сўм миқдоридаги чегаравий даражаси мақбуллигини кўрсатмоқда.
– Айни чоғда, 1 млрд. сўмлик айланма чегараси компанияларнинг оширилган солиқ ставкасидан қочиш мақсадида бўлинишига олиб келади, деган фикр ҳам мавжуд. Қолаверса, 2019 йилги кўрсаткичи 2018 йилдагига нисбатан 1,5 марта кўп бўлган рўйхатга олинган корхоналар сони кўпайиши ҳам ушбу омил туфайли рўй берган бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Сиз бу ҳақда қандай фикрдасиз?
– Бизнесни қисмларга ажратиш бугунги кунда дунёдаги ҳар қандай солиқ тизимида мавжуд. Бундай операцияларнинг бенефициарлари ҳар доим ҳам фискал мақсадларни кўзламайди. Шундай эса-да, бу охирги пайтларда бизнесни табақалашнинг тескари тизимига ўтган мамлакатларнинг солиқ органлари учун муаммо эканлигини эътироф этиш даркор.
Ўзбекистон ҳам бундан мустасно эмас. Солиқ ислоҳотининг биринчи йилида ҳам биз бизнесни ўзаро боғланган бир неча тузилмага бўлиш усулини қўллаш йўли билан унинг қолоқ схемаларга ўтиб кетиши белгиларига дуч келган эдик. Жумладан, 2019 йил бошида соддалаштирилган солиқ солиш режимини қўллаш ҳуқуқини сақлаб қолиш илинжида ўз бизнесини бўлишга оид 3 мингдан ортиқ ҳолат қайд этилди. Оқибатда бюджетга салкам 400 миллиард сўм миқдоридаги солиқлар тушмай қолди.
Мен буни оммавий ҳодиса, деб атай олмайман. У ҳар қандай фискал ислоҳотнинг бошланишига хос ҳолатдир. Шу билан бирга бундай нохушликларнинг олдини олиш учун ҳукумат томонидан зарур чоралар кўрилди. Чунончи, ҚҚС ставкаси пасайтирилди, электрон ҳисобварақ-фактуралар тизими жорий этилди. Солиқ органларига эса бундай операцияларни солиқларни тўлашдан бўйин товлаш сифатида таснифлаш ҳуқуқи берилди.
– Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида корхоналарнинг молия-хўжалик фаолияти текширувлари учун белгиланган мораторий муддати тугаганини эслатиб, илғор тажриба ва замонавий тизимни жорий этиш зарурлигини айтди. Сиз бу ўринда қандай тизим ҳақида гап кетаётгани, у қандай ишлаётгани ҳамда мораторий солиқ тушумларига ва тадбиркорлик субъектлари сонига таъсир кўрсатгани ёки кўрсатмагани ҳақида сўзлаб берсангиз.
– Мораторийнинг мақсади тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш ва тадбиркорлик фаолиятига аралашувни истисно этувчи шаффоф солиқ назорати тизимини барпо этишдан иборат эди. Doingbusiness рейтингидаги позицияларимиз яхшиланиб, Ўзбекистон 76-ўриндан 69-ўринга кўтарилганини мораторий самараси, дейиш мумкин. Албатта, солиқ текширувлари ўтказилиши учун мораторий муддати ишчанлик фаоллиги ва солиқ тушумлари ошиши билан кузатилди. Бу вақт мобайнида солиқ органлари томонидан замонавий технологиялар ва таваккалчиликка йўналтирилган ёндашувга асосланган янги солиқ назорати тизимини барпо этиш ишлари олиб борилди.
Давлат солиқ қўмитаси мутахассислари Жаҳон банки, Халқаро валюта жамғармаси ва Россия Федерал солиқ хизмати экспертлари билан ҳамкорликда «Таваккалчилик-таҳлил» солиқ назоратини ўтказишнинг янги тизимини ишлаб чиқишди. Унга мувофиқ ахборот тизими солиқ назоратини ўтказиш учун номзодларни инсон омилининг иштирокисиз маълум мезонлар асосида танлайди, яъни энди ҳалол солиқ тўловчи солиқ назоратини ташкил этишнинг аввалги тизимидан фарқли ўлароқ, солиқ текширувларига дучор этилмайди.
Солиқ тўловчиларни даражаларга бўлиш учта йўлак бўйича амалга оширилади: яшил (ҳалоллик белгиси), сариқ (қўшимча равишда ўрганишни талаб қилувчи) ва қизил (хавф-хатар зонаси).
Солиқ назоратининг шакллари ҳам қайта кўриб чиқилди. Янги таҳрирдаги Солиқ кодекси доирасида камерал солиқ текшируви (масофавий мониторинг), сайёр солиқ текшируви (хронометраж йўли билан текшириш) ва солиқ аудити (муайян солиқни қўллашнинг тўғрилигини тематик текшириш) жорий этилмоқда.
– Самимий суҳбатингиз учун миннатдорчилик билдирамиз ва келгуси ишларингизда ҳам муваффақиятлар тилаймиз.
Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг янги таҳрири 1 январдан бошлаб амал қила бошлади.Унинг электрон версияси Молия вазирлиги (mf.uz) ва Давлат солиқ қўмитаси (soliq.uz) веб-сайтларида пайдо бўлди. Қулай форматда - қисмлар рақамланган ҳолда - buxgalter.uz. сайтида жойлаштирилди. Солиқ ҳисобини юритиш сиёсатини ишлаб чиқиш муддати март ойига, Электрон ҳисобфактурадан фойдаланиш тартибини бузганлик учун санкциялар июлгача кўчирилди.
Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси 2020 йил 1 январдан бошлаб юридик ва жисмоний шахсларни солиққа тортиш тартибидаги ўзгаришлар тўғрисида қуйидаги маълумот хабарини тайёрлади:
1. Ягона ижтимоий тўлов ўрнига ижтимоий солиқ, ягона солиқ тўлови ўрнига - айланмадан солиқ, қатъий белгиланган солиқ ўрнига - жисмоний шахсларнинг даромадларига, уларга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда илгари берилган имтиёз ва солиқни ҳисоблаш хусусиятларини сақлаб қолган ҳолда, қатъий белгиланган миқдорда солиқ жорий этилади.
2. Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича имтиёзлар, шунингдек солиқлар бўйича пасайтирилган ставкалар қуйидаги муддатларда амал қилади:
Ўзбекистон Республикасининг 2007 йил 25 декабрдаги ЎРҚ-136-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодекси билан тақдим этилган ва белгиланган имтиёзлар ва ставкалар 2020 йил 1 апрелгача;
Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан тақдим этилган имтиёзлар ва ставкалар, уларнинг амал қилиш муддати тугагунга қадар.
3. Солиқ кодекси таркибидан давлат божи, товарларнинг айрим турларини (алкоголли ичимликлар) сотиш ҳуқуқи учун йиғимлар бўлимлари чиқарилди, улар "Давлат божи тўғрисида" ги Ўзбекистон Республикасининг алоҳида Қонунида назарда тутилади.
4. Бир марталик хусусиятдаги махсус тўловлар бўлган ер қаъридан фойдаланувчилар учун бонуслар (имзоли бонус ва тижоратбоп бонус) Солиқ кодексидан "Ер ости бойликлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўтказилади.
5. Солиқ тўловчилар 2020 йил 1 апрелгача 2020 йил учун солиқ солиш мақсадлари учун ҳисоб сиёсатини ишлаб чиқишлари шарт. Солиқ мақсадлари учун ҳисоб-китоб сиёсати солиқ тўловчи томонидан мустақил равишда ихтиёрий шаклда белгиланади ва раҳбарнинг буйруғи билан тасдиқланади.
6. Қуйидагилар учун махсус солиқ режимлари бекор қилинди:
а) бозорлар учун, уларни умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтказган ҳолда. 2020 йил 1 январдан бошлаб бозорлар аввалги солиқ тўлаш тартиби (даромаднинг 50 фоизи) ўрнига қуйидагиларни тўлайди:
умумдавлат солиқларини (агар реализация ҳажми 2019 йилда 1 млрд сўмдан ошган бўлса) - юридик шахслардан олинадиган ер солиғи, юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ, қўшилган қиймат солиғи ва 20 фоизли оширилган ставкада фойда солиғини;
айланмадан солиқни (реализация ҳажми 2019 йилда 1 млрд сўмдан кам бўлганда), шунингдек юридик шахслардан олинадиган ер солиғи, юридик шахсларнинг мол-мулк солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқни;
б) концерт-томоша фаолияти билан шуғулланувчи жисмоний шахслар учун, уларга жисмоний шахслардан даромад солиғини тўлашни жорий этган ҳолда.
Концерт-томоша фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахслар учун айланмадан солиқ (реализация ҳажми 2019 йилда 1 млрд сўмдан кам бўлганда) ёки умумбелгиланган тартибда тўланадиган солиқлар (реализация ҳажми 2019 йилда 1 млрд сўмдан ошганда) киритилади.
Шу билан бирга, ушбу фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқи учун олинадиган давлат божининг миқдори деярли 4 баравар камайтирилди;
в) қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари учун, уларни умумбелгиланган солиқ тўлашга ёки айланмадан солиқ тўлашга ўтказиш билан. Шу билан бирга, ушбу тоифадаги солиқ тўловчилар учун фойда солиғининг ноль ставкаси белгиланади, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш учун ишлатиладиган мол-мулк қисми бўйича мол-мулк солиғидан ва томчилатиб суғориш тизими жорий этилган ерлар учун ер солиғидан имтиёзлар тақдим этилади.
7. Якка тартибдаги тадбиркорлар учун декларация асосида жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини тўлашни ёки 2020 йилдан бошлаб ўртача 25 фоизгача пасайтириладиган қатъий белгиланган миқдорда солиқ тўлашни танлаш ҳуқуқи берилади. Декларация асосида ёки қатъий белгиланган миқдорда солиқни танлаш ва тўлашнинг батафсил тартиби ушбу қўшма хатнинг 3.9-бандида келтирилган.
8. Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг янги таҳририда ҳисобварақ-фактуралар қоида тариқасида электрон кўринишда расмийлаштирилиши белгиланган.
2020 йил 1 январдан бошлаб товарларни (хизматларни) сотишда хўжалик юритувчи субъектлар ҳисобварақ-фактураларни электрон шаклда тақдим этиши ва қабул қилиши шарт. Солиқ тўловчилар электрон ҳисобварақ-фактуралар операторини ўз хоҳишларига кўра танлашлари мумкин.
Шу билан бирга, электрон ҳисобварақ-фактураларнинг алоҳида операторлари 2020 йил бошида ўз хизматларини бепул тақдим этадилар.
Кўп сонли солиқ тўловчиларни электрон ҳисоб операторларига улаш зарурати туфайли, 2020 йил 1 июлга қадар солиқ органлари белгиланган тартибни бузганлик учун жавобгарлик чораларини қўлламайдилар.
Давлат солиқ қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан биргаликда ҳисобварақ-фактураларни расмийлаштиришнинг, шу жумладан уларни қоғозда расмийлаштириш мумкин бўлган ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда, янги тартиби етказилади. Ҳисобварақ-фактураларни тақдим этиш тартиби ҳуқуқий экспертизадан ва давлат рўйхатидан ўтказилганига қадар солиқ тўловчилар 2019 йилда амалда бўлган тартибни қўллашлари керак .
Шунга ўхшаш тартиб онлайн назорат-касса машиналаридан ва виртуал кассаларидан фойдаланишда ҳам қўлланилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |