Ш.РАҲИМОВ, Навоий вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари.
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида иқтисодиётни эркинлаштириш соҳасидаги асосий йўналишларидан бири бўлган солиқларни камайтириш ва солиққа тортиш тизимини соддалаштириш ҳамда солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш юзасидан муҳим вазифалар белгиланган. Эндиликда солиқ маъмуриятчилиги жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, бу борада илғор хорижий тажрибадан унумли фойдаланиш муҳим аҳамият касб этмоқда. Очиқ айтиш керак, тадбиркорлик субъектларига нисбатан солиқ миқдорининг юқори даражалиги ва солиқлар турининг кўплиги, мураккаб маъмуриятчилик жараёни иқтисодиётимиз равнақига тўсқинлик қилмоқда. 2018-2020 йилларга мўлжалланган солиқ ислоҳоти концепцияси лойиҳасида ана шундай долзарб масалаларга алоҳида эътибор қаратилган.
Мамлакатимизда мавжуд солиқ тизимини тубдан ислоҳ қилиш бўйича жорий йил 13 февралда Президентимизнинг «Солиқ қонунчилигини тубдан такомиллаштириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармойиши қабул қилинган эди. Мазкур фармойишга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда солиқ тизимини ислоҳ қилиш концепциясини ишлаб чиқди ва уни кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйди.
Тошкентдаги “Ўзэкспомарказ” миллий кўргазмалар мажмуида бўлиб ўтган навбатдаги муҳокама қизғин баҳс-мунозараларга бой бўлди.
Мухбиримиз концепция лойиҳаси муаллифларининг солиқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар бўйича фикрлари билан қизиқди.
Гўзал Исломова, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги директори ўринбосари: —Бугунги муҳокама бевосита барчамизга тегишли. Чунки ҳар биримизнинг ойлик маошларимиздан ушлаб қолинаётган, тадбиркорларнинг даромадларидан олинаётган солиқ пуллари нимага сарфланаётганини билишга ҳаққимиз бор. Солиқ концепциясининг негизида мамлакат рақобатбардошлигини кўтариш ётибди. Глобаллашув жараёнида ҳар бир давлат меҳнат ва иқтисодий захиралар учун курашмоқда. Ўзбекистон катта захирага, улкан табиий бойликлар ва инсон ресурсларига эга бўлишига қарамай, мамлакатимизнинг глобал сармоя бозорида рақобатбардошлиги ҳақида сўз кетганда, маълум бўладики, хорижий инвесторларнинг мамлакатимизга қизиқиши пастлигича қолмоқда. Улар биз билан ҳамкорлик қилиш борасида эҳтиёткорлик билан иш тутмоқдалар. Айни пайтда Ўзбекистонга 2-3 йилга келиб-кетадиган хорижий инвесторлар билан ишлаш муҳим эмас. Биз учун доимий хорижий ҳамкорлар, бизнесга янгича ёндашувни олиб келадиган хорижий инвесторлар керак. Бунинг учун мамлакат халқаро майдонда юқори рейтинг кўрсаткичларига эга бўлиши талаб этилади. Айнан халқаро рейтинг кўрсаткичлари хорижий инвесторларга туртки берувчи омиллардан бири ҳисобланади. «Doing Business» халқаро рейтингига назар соладиган бўлсак, бу рейтингда Ўзбекистон сўнгги 5 йилда катта сакрашни амалга оширди. 5 йил аввал 146-ўринда бўлган бўлсак, бугун Ўзбекистон 74-ўринда турибди. Ушбу рейтингнинг солиқ солиш кесимида 78-ўриндамиз. Бу қўшниларимиз кўрсаткичлари билан таққосланганда, юқори эмас. Бизнинг галдаги вазифамиз ушбу рейтинг кўрсаткичини яхшилашдан иборат.