22-боб. Номаълум йўналиш сари
Мени сешанба куни тушдан кейин отиб кетишганди. Пайшанба куни
эрталаб эса отамда менинг тирик қолишим борасида заррача умид
қолмаганди. У ҳатто тоғам Файз Муҳаммадга қишлоқдаги
қариндошларимиз дафн маросимига тайёргарлик кўришни бошлашлари
кераклигини ҳам тайинлаганди. Мен сунъий кома ҳолатида эдим. Ҳаёт
кўрсаткичларим ёмонлашган. Юзим ва танам шишиб кетган,
буйракларим ва ўпкам ишлашдан тўхтаганди. Мени найчалар билан
ўралган ҳолда ҳаракатсиз ётганимни кўрган отамнинг юрак-бағри
эзилиб кетди.
- Қизим ҳали бу дунёни тарк этмаслиги керак. Ахир, у эндигина 15
ёшга тўлди-ку, — отамнинг миясида шу фикр тинмай айланди.
Онам тунлари ухламай ибодат қилиб чиқди. Файз Муҳаммад
Қуръоннинг «Ҳаж» сурани ўқиш фойда беришини айтганидан сўнг онам
тинмасдан шу сурани қайтара бошлади. Онам отамга юраги мени тирик
қолишимни сезаётганини айтди. Аммо бу отамга унчалик таскин
бермади, сабаби аҳволим кундан-кунга тобора оғирлашиб борарди.
Полковник Жунайд хонага кирганида, отам тағин сўради:
216
- Қизим яшаб кетади-а?
- Худога ишонасизми? — саволга савол билан жавоб берди
шифокор.
- Ҳа, — отам бош ирғади.
Сўнмас имон ва юксак маънавият соҳиби бўлган Полковник Жунайд
отамга чин дилдан ибодат қилишни тавсия қилди.
Чоршанба куни кечқурун Исломободдан интенсив терапия бўйича
мутахассис ҳисобланган икки нафар ҳарбий шифокор етиб келди.
Уларни британиялик шифокорларнинг Пешовар касалхонасида тўғри
даволанмаётганим ва юқумли касалликлар ёки операциядан кейинги
асоратлар туфайли вафот этишим мумкинлиги ҳақидаги ахборотидан
хавотирда бўлган генерал Каяни юборган экан. Британиялик
мутахассислар мени бошқа касалхонага ўтказиш зарурлигини
таъкидлашди. Улар шунингдек доктор Фионанинг тавсиялари касалхона
ходимлари томонидан бажарилмаганлигини ва менинг аҳволим
ёмонлашишда давом этаётганини аниқлашди. Пайшанба куни эрталаб
ҳарбий шифокорлардан бири полковник Аслам доктор Фионага
қўнғироқ қилиб, деди:
- Малаланинг аҳволи оғир. Қон босими кескин пасайган ва қонидаги
кислота даражаси кўтарилган. Буйраклар деярли пешоб чиқаришни
тўхтатган. Умуман олганда, тана бутунлай ишдан чиққан. Вазият янада
оғирлашиши мумкин…
Бу вақтда доктор Фиона эндигина Бирмингемга учиб кетиш учун
аэропортга келган эди. Лекин бу қўнғироқдан сўнг у мени қутқариш
учун Пешоварга қайтишга қарор қилди, шунингдек Бирмингемда бирга
ишлаган иккита ҳамширасини ҳам олиб келди.
Доктор Фиона пайшанба куни тушга яқин Пешоварга етиб келди ва
мени текширганидан сўнг, отамга мени зудлик билан тажрибали
реаниматологлар ишлайдиган Равалпинди шаҳридаги касалхонага
етказиш кераклигини айтди. Отам воқеа жойидан Пешоваргача
вертолётда келганимда катта қийинчиликларни бошимдан кечирганимни
эслаб, юраги орқага тортиб кетди. Аммо доктор Фиона транспортда
менга ҳеч қанақа ноқулайлик бўлмаслигига ишонтирди. Отам доктордан
яшаб қолишим учун умид бор ёки йўқлигини билмоқчи бўлганида,
доктор «Агар умид бўлмаса, мен бошқа шаҳарга олиб боришни талаб
қилмаган бўлар эдим», дея жавоб берди. Отам ўзини қўлга олишга
ҳарчанд уринмасин, барибир, ўзини тута олмади. Йиғлаб юборди.
Бироз вақт ўтгач, кўзларимга дори томизиш учун палатага ҳамшира
кириб келди. — Қаранг, Хайиста, доктор Фиона тўғри айтган, — деди
217
онам отамга. -Агар умид бўлмаганида, улар Малаланинг кўзларига
томчи томизишмасди.
Толибон тажавузидан жабр кўрган яна бир Шазия исмли қизни мен
турган касалхонага олиб боришди ва доктор Фиона уни ҳам текшириб
кўрди. Доктор отамга Шазиянинг ишлари жойида эканлигини ва мени
доимо асраб-авайлаш кераклигини уқтирди.
Тез ёрдам машинаси бизни вертолёт майдонига олиб борди. Худди
ҳукумат делегацияларидек, фараси ёниб-ўчадиган чироқли машиналар
билан мототциклчилар эскорти бизни кузатиб қўйди. Парвоз бир соату,
ўн беш дақиқа давом этди. Доктор Фиона бу вақт давомида тез-тез
ҳаётий кўрсаткичларимни текшириб турди. Айтишларича, бу шифокор
Буюк Британиядаги жуда кўп оғир касалга чалинган болаларнинг
тузалишига сабаб бўлган экан. Аммо ҳозиргидақа вазиятга умрида илк
бора тушиб қолди. Пешовар чет элликлар учун хавфли жой эканлигини
менинг исмимни гугллаб билиб олиш мумкин. Шу сабаб доктор Фиона
жуда эҳтиёт бўлишга қарор қилди. Кейинчалик, доктор Фиона ўз
хотираларида:
- Агар бу қизга бирон нима бўлса, бунинг учун оқ танли шифокор
айбдор бўлиб қолишини тушуниб етдим. Агар у вафот этганида, мен
Покистон миллий қаҳрамонининг қотили деб эълон қилинардим, — деб
айтганди.
Вертолёт Равалпиндига қўниши билан, тез ёрдам машинаси бизни
ҳарбий
эскорт
ҳамроҳлигида
ҳарбий
кардиология
институти
касалхонасига олиб борди. Буни билган отамнинг хавотири янада ортди.
Бошидан жароҳат олган қизни нега кардиологик институтга олиб
бормоқчи бўлишлари ҳақида ўйлаб, ўйига ета олмади. Аммо доктор
Фиона унга касалхонада Покистондаги энг сўнгги русумдаги ускуналар
билан жиҳозланган энг яхши интенсив терапия бўлими ва Британияда
ўқитилган мутахассислар ўрин олганини тушунтирди.
Биз билан бирга бўлган бирмингемлик ҳамширалар маҳаллий
ҳамшираларга нейро жарроҳликни бошидан ўтказган беморга ғамхўрлик
қилишнинг ўзига хос хусусиятларини тушунтиришди. Кейинги бир неча
соат давомида шифокорлар мени ёлғиз қолдиришмади, доимий равишда
антибиотиклар жўнатишди ва бир неча бор қон қуйишди. Бир неча
соатдан сўнг, ниҳоят, шифокорлар аҳволим барқарорлашганини эълон
қилишди.
Каттаконларнинг буйруғига кўра касалхона стратегик ҳарбий объект
сифатида қўриқлана бошланди. Батальон аскарлари ўз ҳудудида,
мерганлар томда ўтириб касалхонани мудофаа қилишди. Барча
шифокорларга ҳарбий кийим кийдирилди, беморларнинг ҳол-аҳволини
билишга келганлар қаттиқ назорат остига олинди. Майор унвонига эга
218
бўлган ҳарбий офицер ота-онамга бириктириб қўйилди, ҳар қадамда
уларга соядек эргашди.
Буларнинг барчаси отамнинг кайфиятини тушириб юборди ва тоғамга
қараб:
— Эҳтиёт бўлинг, бу ерда махфий агентлар кўп бўлиши керак, — дея
тайинлади.
Менинг ортимдан келганларга офицерлар меҳмонхонасидан учта хона
ажратилди. Барчанинг мобил телефонлари йиғиштириб олиниб, бу
хавфсизлик нуқтаи назаридан амалга оширилгани уқтирилди. Менимча,
асл сабаб бошқача эди — шифохона раҳбарияти отамнинг журналистлар
билан гаплашишини истамаган. Ҳар доим ота-онам меҳмонхонадан
чиқиб, касалхонага боришни истаб қолишса, рация орқали рухсат
олишлари керак эди ва бу камида ярим соат вақтни оларди.
Меҳмонхонадан овқат хонасига бораётганда ҳам ҳарбийлар уларга
соядек эргашишди. Албатта, мени кўргани келган бирорта одам
ичкарига қўйилмаган. Ҳаттоки, бош вазир ҳам. Ушбу эҳтиёт
чораларининг барчаси ғалати туюлса ҳам, бошқа томондан ўйланса,
мантиқийлиги аён бўлади. Чунки, сўнгги уч йил ичида Толибон қаттиқ
қўриқланадиган ҳарбий объектларга — Меҳрондаги денгиз базасига,
Камрадаги ҳаво кучлари базасига ва Равалпиндидаги армия штабига
ҳужум қилишга муваффақ бўлган.
Хавфсизлик чоралари кучайтирилганига қарамай, Толибон ҳужуми
хавфи анча юқори эди. Отамга укаларимдан эҳтиёт бўлиш тавсия
этилди. Хушалнинг Мингорада қолгани отамнинг ҳавотирини янада
оширди. Аммо тез орада уни Равалпиндига олиб кетишди.
Меҳмонхонада компьютер ёки Интернет алоқаси мавжуд эмас, лекин
ошпазлардан бири Ясим Мама оиламга газета-журналларни етказиб
бериб, уларнинг меҳрини қозонди. Ясим оилам учун таом тайёрлашни
алоҳида шараф деб билишини айтди. Ота-онам унинг меҳрибонлигидан
таъсирланиб, у билан барча тажрибаларини ўртоқлашди. Ошпаз иложи
борича оиламнинг кўнглини кўтаришга ҳаракат қилиб, ширин-ширин
таомлар тайёрлаб турди.
Отам газеталар орқали ҳаётимга қилинган тажовуз халқаро миқёсда
катта реакцияга сабаб бўлганлигини билиб олди. БМТ бош котиби Пан
Ги Мун суиқасдни «жирканч ва қўрқоқ иш» дея таъкидлаган бўлса,
Президент Барак Обама “фожиали “ деб изоҳ берди. Бироқ,
Покистондаги реакция у қадар ижобий бўлмади. Баъзи газеталар мени
«тинчликпарварларнинг иконаси» деб атади, бошқалари эса бу воқеани
«саҳналаштирилган» деб ҳисоблади. Баъзи блоггерлар ҳаттоки суиқасд
фактини шубҳа остига олишди ва менга ҳеч ким ўқ узмаган дея даъво
қилишгача боришди. Аслида, урду матбуоти ҳар хил уйдирмаларга тўла
эди. Масалан, журналистлардан бири мен эркакларнинг соқол қўйишига
219
қарши эканлигимни айтди. Менинг энг ашаддий рақибим «Жамоа-и-
Исломий» диний партиясидан парламент аъзоси ҳисобланган Раҳила
Қози эди. У мени «Америка қўғирчоғи» дея атади. Қози менинг Америка
элчиси Ричард Холбрукнинг ёнида ўтирган фотосуратимни «Америка
ҳарбийлари бошимни силаётганига» аниқ далил дея эълон қилди.
Мана шунақа вазиятларда доктор Фиона оиламнинг асосий тасалли
берувчисига айланди. Онам фақат пуштун тилида гаплаша олгани боис
доктор у билан фақат имо-ишора орқали гаплашди. Масалан, хонамдан
чиққанидан сўнг онамга қараб, “Ҳаммаси яхши!“ маъносини берадиган
бош бармоғини юқорига кўтариб қўйиш ишорасини кўрсатарди. У
менинг аҳволимда қандай ўзгаришлар юз берганини отамга сабр-тоқат
билан тушунтирар, шундан кейин отамнинг онамга етказишини кутарди.
Бундай ҳурматли муносабат отамни ҳайратда қолдирди, чунки бизнинг
мамлакатда шифокорлар одатда беморнинг ниманидир тушунтиришни
зарур деб ҳисобламайди. Мени даволанишга қабул қилиш учун
хориждан таклифлар тинмай кела бошлади. Американинг энг яхши
шифохоналаридан бири бўлган Жон Хопкинс касалхонаси мени бепул
даволашга тайёрлигини билдирди. Кўплаб америкаликлар эса шахсий
ёрдамларини таклиф қилишди. Улар орасида Покистонга кўп марта
ташриф буюрган сенатор Жон Керри ва Конгресс аъзоси Габриелл
Гиффордс ҳам бор эди. Шунингдек, Германия, Сингапур, БАА ва Буюк
Британия касалхоналари ва фуқаролари ҳам тақдиримга бефарқ қараб
туришмади.
Энг қизиғи, мен ҳақимдаги қарорлар бўйича бирор ким ота-
онамдан маслаҳат сўрамас эди. Барча қарорлар армия раҳбарияти
томонидан қабул қилинди. Мени даволаниш учун чет элга юбориш ёки
юбормаслик тўғрисида қарор қабул қилиш учун генерал Каяни доктор
Жавидга мурожаат қилди. Армия қўмондони менга бунчалик катта
эътибор қаратгани ажабланарли ҳол эди. Кейинчалик, доктор
Жавиднинг эслашича, улар бу масалани олти соат давомида муҳокама
қилишган экан. Генерал менинг ўлимим ёмон сиёсий оқибатларга олиб
келишини билар эди. У толиблар мағлуб бўлганидан сўнг, сиёсий
келишувга рози бўлишига умид қилган. Аммо бу фақатгина сиёсий
жиҳатларга боғлиқ эмасди. Генерални яқиндан биладиган ҳар бир киши
унинг одамларга жуда диққатли ва ғамхўр эканлигини эътироф этади.
Унинг отаси оддий аскар бўлган ва бўлажак генерал атиги саккиз
ёшдалигида вафот этган. Тўнғич ўғил сифатида оилани боқиш унинг
зиммасига қолиб кетган. Шу сабабли ҳам генерал Каяни бош қўмондон
бўлганидан сўнг биринчи навбатда аскарларнинг уй-жойи ва таълими
билан шуғулланган.
Доктор Фиона менинг нутқимда нуқсонлар пайдо бўлиши ҳамда ўнг
қўлим ва оёғим қисман фалажланиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.
Шунингдек, ушбу асоратларга йўл қўймаслик учун Покистонда зарур
220
жиҳозлар етишмаслиги сабабли амалга ошириб бўлмайдиган узоқ
муддатли реабилитация зарурлигини эслатиб ўтди:
- Агар ҳаммаси яхши бўлишини хоҳласангиз, Малалани чет элга
олиб бориш керак, — деб маслаҳат берди доктор Фиона.
Генерал Каяни мени Америкага боришимга йўл қўймаслигини айтди,
чунки Раймонд Девис билан содир бўлган воқеа ва Бин Ладенни йўқ
қилиш операциясидан кейин Покистон ва Америка ўртасидаги
муносабатлар бирмунча кескинлашганди. Бундан ташқари, яқинда
чегара ҳудудида бир неча покистонлик аскарлар АҚШ ҳаво кучлари
вертолёти томонидан ўлдириб кетилганди.
Доктор Жавид Лондон, Эдинбург ва Глазгодаги бир нечта инглиз
шифохоналарига боришни маслаҳат берди.
- Нега Бирмингемдаги сиз ишлайдиган касалхонани тавсия
қилмаяпсиз? -сўради генерал Каяни.
Бирмингемдаги Қиролича Елизавета касалхонасида Афғонистон ва
Ироқдаги ҳарбий можаролар пайтида яраланган инглиз аскарлари
даволанарди. Доктор Жавид хўжайини Кевин Болгерга қўнғироқ
қилганида, бош шифокор дастлаб рози бўлганди. Аммо вояга этмаган
чет эл фуқаросини Британия шифохонасига жойлаштириш осон
эмаслиги ҳамда Покистон ва Буюк Британия бюрократиясининг бир
нечта ноқулайликлари сабабли доктор Фиона бошқа шифохонани тавсия
бергани аён бўлди. Бундан ташқари, вақт ўтиб бораётган эди. Вазият
барқарорлашган бўлса-да, шифокорлар мени кўпи билан уч кун ичида
бошқа касалхонага ўтказиш керак деган хулосага келишди.
Ниҳоят, барча керакли ҳужжатлар тахт бўлди. Энди шифокорлар
олдида мени бошқа давлатга етказиш муаммоси пайдо бўлди. Транспорт
учун ким маблағ ажратиши ҳам ноаниқ эди. Доктор Жавид
Афғонистондан ярадор аскарларни олиб кетадиган қироллик ҳарбий-
ҳаво кучларининг ёрдамидан фойдаланишни таклиф қилди, аммо
генерал Каяни бу ҳақда эшитишни ҳам хоҳламади. Кечга яқин генерал
доктор Жавидни уйига чақирди ва бу масалани ҳал қилиш учун хорижий
ҳаво кучларини олиб келмаслик кераклигини тушунтирди. Менинг
ҳаётимга қилинган суиқасд аллақачон жуда кўп тахмин ва миш-
мишларни келтириб чиқарганди. Баъзи одамлар мени Марказий разведка
бошқармаси агенти деб ҳисоблашарди. Генерал оловга мой сепишни
истамади. Доктор Жавид нима қилишни билмай қолди. Британия
ҳукумати ёрдам таклиф қилган бўлса-да, уни қабул қилиш учун
Покистон ҳукуматининг расмий жавоби талаб қилинарди. Покистон
ҳукумати буни ўзи учун камситиш дея баҳолаб, таклифни рад этди.
Яхшиямки, вазиятга Бирлашган Араб Амирликларининг қироллик
оиласи аралашди — оғир касалларни ташиш учун зарур жиҳозларга эга
221
бўлган шахсий самолётидан фойдаланишни таклиф қилишди. 15-октабр,
душанба куни эрта тонгда самолёт ҳавога кўтарилди. Бу ҳаётимдаги илк
бора Покистонни тарк этишим эди.
Ота-онамнинг мамлакатни тарк этишим борасида қандай қизғин
тортишувлар бўлганидан хабарлари йўқ эди. Улар фақатгина мени
даволаниш учун чет элга жўнатишга қарор қилинганлигини билишарди.
Табиийки, улар ҳам менга ҳамроҳ бўлишга тайёрланишди. Аммо онам ва
укаларимда на паспорт ва на бошқа ҳужжатлар мавжуд эди. Якшанба
куни полковник отамга эртаси куни мени Англияга юборишларини ва
менга ёлғиз отамнинг ўзи ҳамроҳлик қилишини, онам ва укаларим бора
олмасликларини айтди. Бундай қисқа вақт ичида уларга паспорт
беришнинг иложи йўқ эди. Шунингдек, унга хавфсизлик нуқтаи
назаридан яқинлашаётган парвоз ҳақида ҳеч кимга, ҳатто онамга ҳам
айтмаслиги кераклиги уқтирилди. Бутун ҳаёти давомида онамдан сир
яширмаган отам бундай муҳим янгиликларни яшира олармиди? Шу
сабабли уйга келиши билан онамга мен билан Англияга учаётганини,
онам ва укаларим Покистонда қолишини маълум қилди. Ушбу суҳбатни
тинглаб турган амаким Файз Муҳаммад жуда ғазабланди ва хавотирга
тушди. Тўғрида, бу ерда қолишса, уларнинг ҳоли не кечади?
-Агар янгам Мингорада икки ўғли билан ёлғиз қолса, улар билан ҳамма
нарса содир бўлиши мумкин, - деди амаким.
Отам полковникка қўнғироқ қилди ва хотини ҳамда ўғилларини ташлаб
кета олмаслигини, уларни Покистонда қолдириб, ҳаётларини хавф
остида қолдирмаслигини айтди. Отамнинг мен билан учишдан бош
тортиши янги муаммо туғдирди: мен вояга етмаганим сабабли ёши катта
қариндошларим ҳамроҳлигисиз мамлакатни тарк эта олмасдим.
Полковник Жунайд, доктор Жавид ва доктор Фиона отамни кўндиришга
уринди. Аммо уни кўндиришдан кўра, хўроздан туҳум кутган яхшироқ.
Отам бу қандай қийинчиликларга олиб келишини тушуниб турган
бўлса-да, қарорида қатъий турди.
- Қизим ҳозир ишончли қўлларда, — дея тушунтирди доктор
Жавидга. — У бораётган мамлакатда унга ҳеч нарса таҳдид солмайди.
Мен хотиним ва ўғилларимни ҳимоясиз қолдириб кета олмайман. Бу
ердаги хавф жуда катта. Мен қизимни Аллоҳнинг паноҳига топшираман.
Фақат унинг айтгани бўлади. Мен барча болаларимни бирдек кўраман,
ўғилларим ҳам мен учун қизим сингари азиздир.
Доктор Жавид отам билан ёлғиз гаплашиш учун уни ўз кабинетига
таклиф қилди.
- Малалага ҳамроҳлик қилишдан бош тортишингизнинг ягона сабаби
оилавий хавфсизлик эканлигига аминмисиз?“ — деб сўради у.
222
Доктор Жавид хавфсизлик кучлари отамга яширинча босим ўтказмоқда
деб гумон қилганди.
-Хотиним мендан ёлғиз қолдирмаслигимни сўради, — деб жавоб берди
отам.
Шифокор қўлини отамнинг елкасига қўйиб, менга ғамхўрлик қилишга
ва соғайишим учун барча имкониятларни ишга солишига ваъда берди.
- Малала яраланганида бизнинг мамлакатингизда бўлганимиз мўъжиза
эмасми? Ишонаманки, худо одамларга муаммо жўнатиб, у билан
биргаликда албатта ечимини ҳам юборади.
Отам доктор Фиона Рейнолдс Буюк Британияда эканлигимда менга
васийлик қилишига розилик билдириб, хужжат имзолади. У кўзларида
ёш билан паспортимни узатди ва докторга юзланди
-Фиона, мен сизга тўлиқ ишонаман. Илтимос, қизимга ғамхўрлик
қилинг.
Шундан сўнг, ота-онам мен билан хайрлашиш учун палатага боришди.
Бу воқеа якшанба куни соат 23:00 да содир бўлди. Менинг кўзларим
юмуқ бўлиб, фақат кўкрак тарафимнинг кўтарилиб-тушишигина
тириклигимдан далолат берарди. Онам палатага кириши билан йиғлай
бошлади. Отам хавф ўтиб кетганини, энди тузалиш босқичига
ўтганимни айтиб, уни юпата бошлади. Бу пайтга келиб, мия шиши
пасайиб, қон тестлари сезиларли даражада яхшиланганди. Доктор Фиона
ва доктор Жавид мени ҳаётга қайтаришга қодир эканлигига отамда
заррача шубҳа бўлмаган.
Ота-онам меҳмонхонага қайтиб келишди, аммо кўзларига уйқу келмади.
Ярим тунда эшик тақиллади. Бу отамни оиласини ташлаб Буюк
Британияга учиб кетишга кўндирмоқчи бўлган офицерлардан бири эди.
У отам мен билан бирга учиши кераклигини айтди. Акс ҳолда, мени
Покистондан чиқаришмас экан.
- Мен бу масалани ёпдим, — жавоб қилди отам. — Мен оиламни ёлғиз
қолдириб кета олмайман. Сиз бизни ортиқ безовта қилманг.
Зобит индамай кетган бўлсада, тез орада телефон жиринглади.
- Сиз Малала билан бирга кетишингиз керак, — деди салом-аликсиз
ҳарбий амалдор. — Сиз унинг отасисиз ва агар сиз унга ҳамроҳ
бўлмасангиз, Британия шифохонаси уни қабул қила олмайди.
— Қарор қабул қилинди, — такрорлади отам. — Мен бу қароримни
ўзгартирмоқчи эмасман. Бир неча кундан сўнг, паспортлар тайёр бўлгач,
биз бутун оиламиз билан унинг олдига учамиз.
223
— Дарҳол касалхонага боринг, баъзи ҳужжатларни имзолашингиз
керак, — буйруқ берди офицер.
Бу эса отамга шубҳали бўлиб туюлди. Ярим кечаси у ҳарбийларга нега
керак бўлиши мумкинлигини тушунмади. У ёлғиз боришдан
ҳадиксираб, онамни ўзи билан ҳамроҳ қилишга қарор қилди. Отам
хавотирга тушганидан, касалхонага кетаётганида Қуръон оятларини
такрорлаб борди
Ота-онам касалхонага етиб келганларида, офицер уларга агар мен Буюк
Британияга ёлғиз учсам, баъзи ҳужжатлар имзоланиши кераклигини
айтди. Ушбу бюрократик ҳийла-найранглар унчалик қўрқинчли
бўлмаса-да, отам асабийлаша бошлади. Апил-тапил шартнома имзолаган
ота-онам тушкун кайфиятда меҳмонхонага қайтиб келишди. Чет элда
ҳеч бир яқинимсиз қолишим, бир неча кун у ерда яшашим ҳақида
ўйлаган отамнинг юрак-бағри эзилиб кетди. Мактаб автобусида отиб
кетилганим ва хушимни йўқотганимдан сўнг юртимдан ва
жигарларимдан узоқда кўзимни очганимда, қандай аҳволга тушишимни
ўйлаб, отамнинг тушкунлиги янада ортди....
15 октябрь куни тонгги соат 5 да армия эскорти ҳамроҳлигида
мени аэропортга олиб боришди. Касалхонадан аэропортга борадиган йўл
тўсиб қўйилган, мерганлар энг яқин уйларнинг томларидан жой
олишганди. БАА қироллик оиласи томонидан тақдим этилган самолёт
аллақачон учиш-қўниш йўлагида кутиб турган эди. Салонда ўн олтита
ўриндиқдан ташқари ҳашаматли тўшак ҳам жойлашган бўлиб, орқа
қисмида ҳақиқий мини-касалхона ўрин олганди. Шунингдек,
менга Германиядан келган ҳамшира ва шифокор ҳамроҳ бўлишди. Бу
пайтда мен беҳуш ҳолатда бўлганман ва буларнинг ҳеч бирини
кўрмаганман. Эссиз… Самолёт аввал Абу-Дабига учиб, у ерда ёқилғи
қуйди, сўнг Бирмингемга йўл олди.
Ота-онам эса меҳмонхонада қолиб, фақат дуо қилишди. Уларга
паспортлари бир неча кун ичида тайёр бўлишини, пасспорт олишлари
биланоқ менинг ёнимга боришлари мумкинлиги ҳақида ваъда беришди.
Кутиш нақадар азоб. Эҳ.
224
Do'stlaringiz bilan baham: |