Магистрлик диссертациясининг қисқача


Тижорат банкларида кредитлаш амалиётини ташкил қилиш механизми



Download 156,47 Kb.
bet7/16
Sana20.07.2022
Hajmi156,47 Kb.
#825261
TuriДиссертация
1   2   3   4   5   6   7   8   9   10   ...   16
Bog'liq
Тезис 2022

1.2. Тижорат банкларида кредитлаш амалиётини ташкил қилиш механизми


Тижорат банкларида кредит амалиёти Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари, Марказий банк меъёрий ҳужжатлари ва банкнинг амалдаги ички меъёрий ҳужжатлари талабларига риоя қилган ҳолда, қарз олувчиларнинг молиявий ҳолатини синчков таҳлил қилиш орқали берилади. Кредит аризасини кўриб чиқишда мавжуд меъёрий ҳужжатлар ва Бош банк кўрсатмаларига риоя қилиш мажбурийдир.
Кредит олиш учун қарз олувчи банкка қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:
а) кредит миқдори, фойдаланиш муддати, мақсади, фоизи, таъминоти кўрсатилган кредит аризаси (кредит аризага қарздор ҳақидаги маълумотларни Кредит бюросига берилишига қарздорнинг ёзма розилиги ва гаров реестрига берилишига қарздорнинг ёзма розилиги илова қилиниши шарт), кредит олиш бўйича аризаларни электрон тизим орқали тақдим этилиши мумкин;
б) қарз олувчининг таъсис ҳужжатлари (нусхаси, тикилган ва тасдиқланган бўлиши лозим) ва кредит олиш ваколатини тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар;
в) кредит ҳисобидан моддий бойликлар сотиб олиш (ишлар бажариш, хизматлар кўрсатиш, товарлар сотиб олиш ва ҳ.к.) учун қарз олувчи томонидан тузилган шартнома (контракт)лар ёки келишув баённомалари нусхалари;
г) келгусида корхонанинг пул тушумлари манбалари бўйича шартномалари ёки келишув баённомаси нусхалари;
д) охирги ҳисобот даври учун Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан тасдиқланган шакллардаги молиявий ҳисоботлари. Бу ҳужжатлар белгиланган тартибда Давлат солиқ идораларига топширилган ва унга қуйидагилар илова қилинган бўлиши лозим:

  • бухгалтерия баланси (1-сон шакл);

  • молиявий натижалар тўғрисида ҳисобот (2-сон шакл);

  • пул оқимлари ҳаракати тўғрисида ҳисобот (кичик корхона ва микрофирмалар бундан мустасно) (4-сон шакл);

  • дебиторлик ва кредиторлик қарзлари рўйхати (муддати ўтган қарздорликларга солиштирма далолатномалар нусхаси). Унда бу қарзлар юзага келиши муддатлари ва сабаблари ҳам кўрсатилади;

  • зарур бўлганда бошқа молиявий ҳисоботлар.

е) бошқа кредит институтларидан мажбуриятлар ҳамда бошқа банклардаги ҳисобварақларининг охирги 6 ойлик айланмаси тўғрисида маълумотнома;
ё) бизнес режа. Бизнес режада қарз олувчи буюртмалар портфелини акс эттириши, банк кредитидан фойдаланиб, ишлаб чиқариш ёки режалаштирилаётган товарлар (ишлар ёки хизматлар) сотиладиган бозор мавжудлигини асослаб бериши, корхонадаги мавжуд ходимлар сифат таркиби ва менежменти ҳолатини, маркетинг таҳлилини, молиявий режалари ва кредитлаш даврида мавжуд бўладиган пул оқимлари ва кредитни қайтариш графиги тўғрисидаги маълумотларни акс эттириши керак. Қарз олувчи юқорида айтилган талабларга жавоб бермайдиган бизнес режани тақдим этса, банк сўралаётган кредитни ажратишни рад этишга ҳақли;
ж) кредит таъминотига доир ҳужжатлар.
Зарурат бўлганда, банк мажбурий аудиторлик текшируви ўтказилиши лозим бўлган корхоналар бўйича баланс ва бошқа ҳисоботлар учун аудиторлик хулосасини5 талаб қилиб олиши мумкин. Аудиторлик хулосасида қарз олувчи ҳисоботларининг ҳаққонийлиги, бухгалтерия ҳисоби ёки бошқа молиявий ҳисоботларни юритиш талабларга мувофиқлиги юзасидан хулоса бўлиши лозим.
Юқорида қайд этилган ҳужжатлардан ташқари, кредит мақсадига мувофиқ, кредит йиғма жилди қуйидаги ҳужжатлар нусхаларини ўз ичига олиши лозим (зарур ҳолларда мижоз томонидан тақдим этилган ҳужжатларнинг асл нусхаларидан кредит мутахассиси ушбу ҳужжатлардан нусха олиб йиғма жилдга тикиб қўяди):
Асбоб-ускуна сотиб олишда:

  • асбоб-ускуна сотиб олишга шартнома (агар импорт шартномасига асосан асбоб-ускуна сотиб олинаётган бўлса ўрнатилган тартибда рўйхатдан ўтган бўлиши лозим);

  • сотиб олинаётган асбоб-ускуналарга рақобатбардошлик варақаси ва асбоб-ускунанинг аввал фойдаланилганлиги ёки янгилигини тасдиқланган ҳолда ишлаб чиқариш қуввати, ишлаб чиқарилган санаси, ишлаб чиқарувчи ташкилотнинг номи ва қайси давлатда ишлаб чиқарилганлиги ҳақидаги маълумотлар (лозим ҳолларда(сотиб олинаётган ускуналар нархига шубҳа туғилганда)ускуна бахоси бўйича маҳаллий консалтинг компания хулосаси талаб қилиниши мумкин);

  • ишлаб чиқариладиган маҳсулотни сотишга шарномалар ёки дастлабки аҳдлашув баёни;

  • ускуна ўрнатиладиган кўчмас мулк ва ер участкасига эгалик ҳуқуқини тасдиқловчи кадастр ҳужжатлари ёки сотиб олинаётган ускунани ўрнатиш учун бино-иншоот ёки ер участкасининг кредит муддатидан кам бўлмаган муддатга ижара шартномаси нусхаси;

  • шунингдек, ускунада ишлаб чиқариладиган маҳсулот учун хом-ашё базаси мавжудлигига эътибор қаратилади;

Кўчмас мулк ҳарид қилинаётганда:

  • кўчмас мулкнинг сотувчига тегишли эканлигини тасдиқловчи ҳужжатлар (бинога эгалик қилиш ва ердан фойдаланиш ҳуқуқини тасдиқловчи гувоҳномалар)

  • сотиб олинаётган кўчмас мулкнинг кадастр ҳужжатлари;

  • кўчмас мулк биржа орқали сотиб олинаётганда, биржа ёки риэлторлик корхонаси савдо баённомаси.

Қурилиш, капитал таъмирлаш ва реконструкция қилишни молиялаштириш ва кредитлаш учун талаб этиладиган ҳужжатлар:

  • ер майдони ажратилганлиги ва ушбу ер майдонига бўлган ҳуқуқни ёки реконструкция қилинадиган объектга бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатлар;

  • белгиланган тартибда тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатлари;

  • лойиҳа смета ҳужжатларининг экспертиза хулосаси;

  • давлат архитектура қурилиш назорати инспекциясининг қурилиш-монтаж ишларини бошлаш учун рухсати;

  • экологик ва бошқа тегишли ташкилотларнинг экспертиза хулосаси;

  • белгиланган тартибда тасдиқланган қурилишнинг аниқ манзилли рўйхати, титул рўйхати ва қурилиш-монтаж ишларини бажариш жадвали;

  • пудрат қурилиш ташкилотининг қурилиш рискларини суғурталаш юзасидан тузган шартномаси, суғурта полиси ва суғурта мукофоти тўланганлиги тасдиқловчи хужжат нусхаси.

Зарур ҳолларда, банк қарз олувчидан сўралаётган кредит хусусиятидан ва меъёрий ҳужжатлар талабларидан келиб чиққан ҳолда бошқа маълумотларни талаб қилиш ҳуқуқига эга.
Банкнинг тегишли кредит бўлими талаб қилинган ҳужжатлар тўпламини олиб, уларни синчковлик билан ўрганиб чиққач, қарз олувчининг кредит қобилиятини ва тўлов лаёқатини аниқлайди ҳамда кредит хизмати кўрсатиш мумкин ёки мумкин эмаслиги тўғрисида хулоса тайёрлайди. Унда қуйидагилар акс этиши лозим:

  • кредит мақсади, муддати ва миқдори (фоизлар ва комиссиялар);

  • қарз олувчининг устав фаолияти кредит мақсадларига мослиги;

  • қарз олувчининг кредит қобилияти;

  • қарз олувчининг кредит тарихи;

  • кредит ахбороти йиғиш ва уни тақдим этувчи ваколатли институт (Кредит ахбороти миллий институти, Банклараро кредит бюроси) ларига юборилган сўровлар натижасида олинган маълумотлар;

  • асосий қарз ва унинг фоизлари ўз вақтида тўланишини таъминлаш бўйича қарз олувчининг молиявий имкониятлари;

  • бизнес режа таҳлили;

  • кредит таъминоти етарлилиги ва назорат қилиниши;

  • қарз олувчилар, гаровга қўювчилар, кафиллар ҳамда уларнинг бошқарув органларида тегишлича банк кредитларини жалб этиш, мулкни гаровга қўйиш ва кафолат (кафиллик хати) лар бериш бўйича тегишли ҳужжатлар мавжудлиги;

  • кредит бериш билан боғлиқ хатар даражаси;

  • кредит шартномаси кучга кириши шартлари;

  • таъминотга олинаётган мол–мулкнинг “Гаров реестри” ДУК нинг “garov.uz”сайтига киритилган ёки киритилмаганлиги юзасидан оддий (сертификатланмаган) кўчирма олинганлиги тўғрисидаги маълумотлар.

Юридик шахсларга айланма маблағларни тўлдириш учун ажратилаётган кредитлар ва жисмоний шахсларга ажратилаётган ипотека, истеъмол ва таълим кредитлари Скоринг дастурига киритилиши лозим.
Банк филиалининг юридик хизмати томонидан барча кредит йиғма жилдлари Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқлиги юзасидан ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиши шарт. Мазкур юридик хулосада қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ, йиғмажилдда тикилиши керак бўлган барча ҳужжатларнинг мавжудлиги, уларнинг тегишли равишда расмийлаштирилганлиги, ундаги ҳужжатларнинг қонун ҳужжатлари талабларига мослиги ва юридик аҳамиятга эга бўлган бошқа маълумотлар ўз аксини топиши лозим. Банк юристи мавжуд бўлмаган филиалларда унга бириктирилган бошқа филиал (вилоят ёки шаҳар филиали юридик хизмат ходими) юристи ёки ёлланма юрист (ёки адвокат) томонидан ҳуқуқий экспертиза амалга оширилиши мумкин.
Кредит бўлими бошлиғи ва масъул мутахассис имзолаган хулоса ҳамда юридик хулоса кредитлашга доир ҳужжатлар тўпламини илова қилган ҳолда кўриб чиқиш учун белгиланган тартибда кредит комиссияси аъзоларига таништирилади. Кредит комиссияси ўз ваколатлари доирасида кредит бериш тўғрисидаги қарорни ёки қарз олувчига кредит беришни рад этиш тўғрисидаги қарор қабул қилади ва бу тўғрисида мижозга ёзма жавоб юборади.
Кредит комиссияси кредит хизматлари кўрсатиш ҳақидаги қарорини ёзма равишда рақами ва санаси кўрсатилган баён билан расмийлаштиради. Баёнларда кредит хизматининг мақсади, қарз олувчи ҳақида маълумот, молия-хўжалик фаолиятининг ўтказилган таҳлил натижалари, пул оқими, бизнес-режа таҳлили, кредит бўйича таъминот батафсил баён этилиши лозим. Кредит комиссиясида муҳокама этилгандан кейин, кредит хизмати бўйича ижобий қарор қабул қилинган ҳолда, баённинг қарор қисмида “кредит комиссияси кредит (ёки кредит хизмати бошқа тури) беришга қарор қилди ...” жумласи аниқ кўрсатилган бўлиши лозим.
Маълумки, бозор иқтисодиёти ривожланган мамлакатларда тижорат банкларининг кредит сиёсатига, уларнинг кредит портфели ва унинг сифатига, ундан фойдаланиш даражасига катта эътибор берилади. Чунки, кредит портфелининг тўғри ташкил қилиниши банкларнинг самарали фаолият юритаётганлигидан далолат беради.
Банкнинг кредит портфели – бу турли хил рискларга асосланган ва муайян мезонларга қараб туркумланган кредитлар миқёсидаги банк талабларининг йиғиндисидир.
Кредит портфелини бошқаришда эътиборга олинадиган бир қатор хусусиятлар мавжуд. Хусусан, банк кредит портфелини шакллантиришда ваколатлар даражаси ва жавобгарлик мезонларини ўрнатишга алоҳида эътибор қаратади. Банкда кредитлаш масалалари бўйича қарорлар қуйидаги коллегиал органлар томонидан қабул қилинади:

    • Банк Кенгаши;

    • Банк Бошқаруви;

    • Банк Кредит қўмитаси;

    • Банк филиалининг Кредит қўмитаси.

Кредит портфели юзасидан қарорлар қабул қилиш ваколатларининг қуйидаги лимитлари белгиланган:
1. Банк Кенгаши:
а) Банк олдидаги мажбуриятлари ҳажми Банк жами сармоясининг 15 фоизи ва ундан ортиғини ташкил этувчи бир қарз олувчи ёки ўзаро боғлиқ қарз олувчилар гуруҳига кредитлар бериш (факторинг, лизинг, қисмларга бўлиб қайтариладиган аккредитивлар очиш ва пул маблағлари билан қопланмаган кафолатлар бериш) ҳақида ёки кредитлар бўйича катта битимларнинг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисида Бошқарув қабул қилган қарорларни маъқуллайди;
б) даҳлдор шахслар билан тузиладиган ва Банк Кенгашининг ваколатлари доирасига кирадиган битимлар юзасидан қарорлар қабул қилади, лекин бундай қарорларни қабул қилиш ҳуқуқи Банк Кенгаши томонидан Банкнинг бошқа коллегиал органларига берилган ҳолатлар бундан мустасно;
в) “умидсиз” кредитлар шакллантирилган резервлар ҳисобидан қопланганидан кейин уларни шу кредитларнинг ҳисоби юритилаётган “кутилмаган вазиятлар” ҳисобварақларидан чиқариш бўйича қарорлар қабул қилади.
2. Банк Бошқаруви:
а) қиймати ёки Банк олдидаги умумий мажбуриятлари 1-даражали банк сармоясининг 10% дан 15 фоизигача бўлган бир ёки бир неча битимлар бўйича бир қарз олувчи ёки ўзаро боғлиқ қарз олувчилар гуруҳига кредитлар бериш ёхуд кредитлар бўйича йирик битимлар (факторинг, лизинг, тўлови қисмларга бўлинган аккредитивлар очиш ва пул маблағлари билан қопланмаган кафолатлар бериш операцияларини бажариш билан боғлиқ битимлар) нинг амал қилиш муддатини узайтириш борасида Банк Кредит қўмитаси қабул қилган қарорларни маъқуллайди.
б) Кредит қўмитаси ҳамда Банкнинг Активлар ва пассивларни бошқариш қўмитасининг “умидсиз” кредитларни шакллантирилган резервлар ҳисобидан қоплаш тўғрисидаги қарорларини маъқуллаб, бу ҳақда уч кунлик муддат ичида Банк Кенгашига ахборот беради.
3. Банк Кредит қўмитаси:
а) бир қарз олувчи ёхуд ўзаро боғлиқ қарз олувчилар гуруҳига Бош офиснинг кредитловчи бўлинмалари томонидан хизмат кўрсатиладиган ҳолларда уларга ҳажми (бир ёки бир неча битимлар бўйича) ёки Банк олдидаги умумий мажбуриятлари 1-даражали банк сармоясининг 10% ва ундан камроқни ташкил этадиган кредитларни, шунингдек бошқа барча кредитларни бериш (факторинг, лизинг операцияларини бажариш, тўлов муддати қисмларга бўлинган аккредитивлар очиш ва пул маблағлари билан қопланмаган кафолатлар бериш), таъминотни алмаштириш ёки кредитлар бўйича битимларнинг амал қилиш муддатини узайтириш масалаларини маъқуллайди ёки уларни кредитлаш билан боғлиқ бошқа масалалар юзасидан қарорлар қабул қилади;
4. Банк филиали Кредит қўмитаси:
а) Банк Кредит қўмитасининг қарори билан бўлимга берилган ваколатлар лимити доирасида бўлимнинг бир қарз олувчисига кредитлар берилишини маъқуллаш бўйича ёки кредитлашга доир бошқа масалалар юзасидан қарорлар қабул қилади;
б) берилаётган кредит миқдори филиал Кредит қўмитасининг ваколатларидан ортиқ бўлган ҳолларда филиалнинг бир қарз олувчисига кредитлар бериш тўғрисида филиалларнинг Кредит қўмиталари қабул қилган қарорларни маъқуллаш (рад этиш) билан боғлиқ қарорларни қабул қилади.
Кредит портфелини бошқариш тамойиллари банк томонидан ишлаб чиқилиб, ўз таркибига умумлаштирилган ҳолда қуйидагиларни олади:

  • Банк Кенгаши банк кредит сиёсати ва кредит рискини бошқариш стратегиясини тасдиқлаш ва унга риоя қилинишини назорат қилиш бўйича жавобгардир. Стратегия банкнинг рискка нисбатан эҳтиёткорлиги ҳамда банк томонидан зиммага олинган кредит рискларининг даромадлилик даражасини акс эттириши лозим.

  • Бошқарув Банк Кенгаши томонидан тасдиқланган кредит риски бўйича стратегияни амалиётга жорий этиш бўйича жавобгардир. У шунингдек кредит рискини аниқлаш, баҳолаш, мониторинг ва назорат қилиш мезонларини ишлаб чиқади. Бундай сиёсат ва мезонлар банк фаолиятининг барча жабҳаларда юзага келадиган кредит рискини қамраб олиши шарт.

  • Фаолиятнинг барча йўналишлари ва хизматлар билан боғлиқ кредит рискини аниқлаш ва зиммага олиниши тасдиқланганлигига бошқариш зарур. Банк ўз зиммасига янги фаолият ёки хизмат турларининг жорий этилиши билдан боғлиқ кредит рискини қабул қилишдан олдин тегишли мезонларни ишлаб чиқиши ҳамда банкнинг олий раҳбарияти ёки тегишли қумита томонидан рискни ишонч ҳосил қилиши керак.

  • Банк қатъий аниқланган ва белгиланган мезонлар доирасида кредитларни бериш фаолиятини амалга оширади. Бундай мезонлар жумласига банк иш олиб бораётган бозорнинг аниқ кўрсатилиши, қарздор ёки контрҳамкор тўғрисида тўлиқ маълумот бўлиши, шунингдек кредитнинг йўналиши ва структураси ҳамда уни сўндириш манбалари аниқ кўрсатилишини олади.

  • Банк тегишли китоблар, баланс ва балансдан ташқари ҳисоб рақамларда қарздорлар ва контрҳамкорлар, шунингдек ўзаро боғлиқ контрҳамкорлар даражасида турли турдаги рискларни таққослаш ва аҳамиятини аниқлаш асосида умумий кредит меъёрларини белгилаши зарур.

  • Банк янги кредитларни тасдиқлашнинг ҳамда мавжуд кредитларга тегишли ўзгартиришлар, янгиликлар киритишнинг аниқ ўрнатилган тизимига эга бўлиши керак

  • Банкда турли кредит портфеллларини бошқариш тизими бўлиши керак.

  • Банкда резервларга ажратмалар ва резервлар адекватлигини аниқлашни ўз ичига олувчи алоҳида кредитлар ҳолати юзасидан мониторинг тизими бўлиши лозим.

  • Банк кредит риски бошқариш учун кредитларнинг ички рейтинги тизимини ишлаб чиқиши ва ундан фойдаланиши зарур. Рейтинг тизими банк фаолиятининг тури, кўлами ва мураккаблигига мос келиши керак.

  • Банкда раҳбарият томонидан баланс ва балансдан ташқари фаолиятга оид кредит рискини бошқариш имкониятини берувчи информацион тизимлар ва аналитик технологиялар бўлиши керак.

  • Банкда кредит портфелининг умумий таркиби ва сифати мониторингини ўтказиш тизими бўлиши лозим.

  • Алоҳида кредитлар, шунингдек умуман кредит портфелини баҳолашда банк келажакда иқтисодий шароитнинг ўзгаришини ҳамда ноқулай шароитда юзага келиши мумкин бўлган кредит рискини ҳисобга олиши зарур.

  • Банк кредит рискини бошқариш жараёнларини баҳолашнинг мустақил тизимини ташкил этиши ва таҳлил маълумотларини Банк Кенгаши ёки олий раҳбариятга тўғридан – тўғри тақдим этиши керак.

  • Банк кредитларни бериш жараёнларини бошқаришни таъминлаши ва кредитлар стандартлар ва меъёрлар доирасида берилаётганлигига ишонч ҳосил қилиши керак.

  • Банкда кредит рискини бошқаришдаги муаммоларни тезкорлик билан ҳал қилиш тизимини бўлиши лозим.

Тижорат банкларининг кредитлари бўйича қарздорлар қуйидаги асосий мезонлар бўйича мунтазам равишда баҳоланади6:

  • тармоқ (иқтисодиёт сектори) тенденцияси ва истиқболи;

  • муайян лойиҳанинг техник амалга оширилуви ва иқтисодий рақобатбардошлиги;

  • молиявий ҳолати ва кредит олишга қодирлиги;

  • кредит тарихи, кредит таъминотининг ёмонлашуви ёки ликвидлилигининг пасайиши;

  • муайян лойиҳанинг иқтисодий жиҳатдан асосланиши;

  • раҳбарининг бошқариш қобилияти (агар қарздор юридик шахс бўлса).

Тижорат банкларида кредитлари сифатига кўра «стандарт», «субстандарт», «қониқарсиз», «шубҳали» ва «умидсиз» тоифаларга таснифланади.
а) Қарзларнинг ўз муддатида тўланишига шубҳа туғдирмайдиган активлар сифати «стандарт» деб таснифланади. Бунда қарз олувчи молиявий жиҳатдан барқарор ҳисобланади, у етарли миқдорда капиталга, юқори даромадлилик даражасига ҳамда барча мавжуд мажбуриятларни, жумладан, мазкур қарзни қондириш учун етарли пул маблағлари оқимига, шунингдек амалга оширилиши мумкин бўлган стратегик режага, бозорда рақобатдошлик қобилиятига, яхши маҳсулотни ишлаб чиқаришга ва ўз маҳсулоти бўйича маркетинг режасига эга бўлади. Таъминот «яхши таъминланган» кредит мезонларига мос келади. Сифати «стандарт» деб таснифланган активлар учун уларнинг қайтарилмаган асосий қарз (қолдиқ) суммасининг бир фоизи миқдорида заҳира шакллантирилади. Заҳира банк ихтиёрида қолувчи соф фойда ҳисобидан ташкил қилинади.
б) Қарздорнинг молиявий ҳолати барқарор ҳисобланган, лекин айрим салбий ҳолатлар ёки тенденциялар мавжуд бўлиб, агар улар бартараф этилмаса, молиялаштирилган лойиҳанинг амалга ошишига ёки қарздорнинг активни ўз вақтида тўлаш қобилиятига нисбатан шубҳа пайдо бўлиши мумкин бўлган активлар сифати «субстандарт» деб таснифланади. Сифати «субстандарт» деб таснифланган активлар учун уларнинг қайтарилмаган асосий қарз (қолдиқ) суммасининг ўн фоизи миқдорида махсус заҳира шакллантирилади.
в) Қуйида келтирилган омиллардан ҳеч бўлмаганда биттаси мавжуд бўлса, активларнинг сифати «қониқарсиз» деб таснифланади:

  • асосий тўлов манбалари қарз тўлаш учун етарли бўлмаса, таъминотга қўйилган мулкни ва қарз олувчининг бошқа асосий воситаларини сотиш, тўланиши лозим бўлган қарзларни узайтиришларни ҳисобга олган ҳолда қўшимча тўлов манбаларини топиш талаб этиладиган бўлса;

  • қарз олувчининг жорий молиявий ҳолати ёки унинг пул маблағларининг мўлжалланаётган оқими мажбуриятларни қоплаш учун етарли бўлмаса;

  • қарз олувчининг капитали етарли даражада бўлмаса;

  • ушбу соҳага нисбатан тенденция ва истиқболлар барқарор бўлмаса;

  • таъминот қиймати асосий қарз суммасидан ошмаган, ҳеч бўлмаганда асосий қарзнинг тўланмаган суммасига тенг бўлса;

  • асосий қарз ва фоизлар бўйича муддати ўтган қарздорлик мавжуд бўлиб, унинг муддати 90 кундан ошмаган бўлса.

Сифати «қониқарсиз» деб таснифланган активлар учун уларнинг қайтарилмаган асосий қарз (қолдиқ) суммасининг йигирма беш фоизи миқдорида махсус заҳира шакллантириши лозим.
г) Қуйида келтирилган омиллардан ҳеч бўлмаганда биттаси мавжуд бўлса, активларнинг сифати «шубҳали» деб таснифланади:

  • «қониқарсиз» активларнинг ҳеч бўлмаганда бирорта кўрсаткичи, шунингдек айрим бошқа салбий тавсифлари мавжуд бўлса (бозорда осон сотиладиган таъминотнинг мавжуд эмаслиги ёки таъминланмаган активларнинг мавжудлиги ёхуд қарз олувчининг банкрот деб эълон қилиниши);

  • яқин келажакда активнинг қисман тўланиш эҳтимоли мавжуд бўлса;

  • асосий қарз ва фоизлар бўйича 90 кундан ортиқ лекин, 180 кундан ошмаган муддати ўтган қарздорлик мавжуд бўлса.

Сифати «шубҳали» деб таснифланган активлар учун уларнинг қайтарилмаган асосий қарз (қолдиқ) суммасининг эллик фоизи миқдорида махсус заҳира шакллантирилади.
д) Қуйида келтирилган омиллардан ҳеч бўлмаганда биттаси мавжуд бўлса, активларнинг сифати «умидсиз» деб таснифланади:

  • қарздор ва лизинг олувчидан ундирилган, гаровга қўйилган мол-мулкка бўлган ҳуқуқлардан фойдаланиш йўли билан тижорат банки томонидан балансга қабул қилинган кундан бошлаб уч ой муддатда сотилмаган ва банк фаолиятини кенгайтириш учун сотиб олинган бинодан икки йил мобайнида фойдаланилмаган ҳамда банк фаолияти учун ортиқ фойдаланилмай қўйилган пайтдан бошлаб бир йил мобайнида сотилмаган бўлса;

  • активларнинг тўлаш муддати узайтирилган бўлса;

  • асосий қарз ва фоизлар бўйича 180 кундан ортиқ кунга муддати ўтган қарздорлик мавжуд бўлса.

Сифати «умидсиз» деб таснифланган активлар учун уларнинг қайтарилмаган асосий қарз (қолдиқ) суммасининг юз фоизи миқдорида махсус заҳира шакллантириши лозим.



Download 156,47 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   2   3   4   5   6   7   8   9   10   ...   16




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©hozir.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling

kiriting | ro'yxatdan o'tish
    Bosh sahifa
юртда тантана
Боғда битган
Бугун юртда
Эшитганлар жилманглар
Эшитмадим деманглар
битган бодомлар
Yangiariq tumani
qitish marakazi
Raqamli texnologiyalar
ilishida muhokamadan
tasdiqqa tavsiya
tavsiya etilgan
iqtisodiyot kafedrasi
steiermarkischen landesregierung
asarlaringizni yuboring
o'zingizning asarlaringizni
Iltimos faqat
faqat o'zingizning
steierm rkischen
landesregierung fachabteilung
rkischen landesregierung
hamshira loyihasi
loyihasi mavsum
faolyatining oqibatlari
asosiy adabiyotlar
fakulteti ahborot
ahborot havfsizligi
havfsizligi kafedrasi
fanidan bo’yicha
fakulteti iqtisodiyot
boshqaruv fakulteti
chiqarishda boshqaruv
ishlab chiqarishda
iqtisodiyot fakultet
multiservis tarmoqlari
fanidan asosiy
Uzbek fanidan
mavzulari potok
asosidagi multiservis
'aliyyil a'ziym
billahil 'aliyyil
illaa billahil
quvvata illaa
falah' deganida
Kompyuter savodxonligi
bo’yicha mustaqil
'alal falah'
Hayya 'alal
'alas soloh
Hayya 'alas
mavsum boyicha


yuklab olish