Мантиқий структура (мантиқий алоқалар) тармоқ бўйича ахборот оқимларини ўтиш йўли ҳисобланади. Бу йўллар актив коммуникацион қурилманинг созланиши ҳисобига шаклланади.
Баьзи ҳолларда физик ва мантиқий структуралар мос бўлади (3.18-расм). Келтирилган структура физик ҳалқа ҳисобланади. Детерминантланган рухсат этиш усули ишлатилганда маркер компьютердан компьютерга, улар физик ҳалқани ташкил этган тартибда узатилади. Биринчи компьютер маркерини иккинчи компьютерга узатади. Пунктир чизиқлар ҳалқани (мантиқий ҳалқали) ташкил қилиб, маьлумотларни узатиш йўлини белгилайди.
3.19-расмда тармоқнинг мантиқий структуралари мос бўлмаган ҳолга мисол келтирилган. Физик жиҳатдан компьютерлар умумий шина топологиялари бўйича уланган. Шина рухсат этиши шинали тармоқлардаги қабул қилинган тасодифий рухсат этиш бўйича эмас, маркерни ҳалқали кетма-кетликда узатиш йўли билан амалга ошади. 1-нчи компьютердан 2-нчи компьютерга, кейин 3, 4, 5, 6-нчи компьютерларга узатилади. Бу ерда энди маркерни узатиш тартиби физик алоқаларни такрорламайди, тармоқ адаптерлари драйверларининг мантиқий конфигурацияланиши билан аниқланади. Бунда ҳалқа тескари тартибда ҳам шаклланиши мумкин (6, 5, ...,1).
Тармоқларни физик структуралаштиришнинг асосий воситалари такрорловчилар (repeater) ва концентраторлар (concentrator) ёки хаблар (hub), тармоқни мантиқий структуралаштиришнинг асосий воситалари эса кўприклар (bridge), коммутаторлар (swith) ва маршрутизатор (router), яъни актив коммуникацион қурилмалар элементлари ҳисобланади.
Такрорловчи тармоқнинг умумий узунлигини ошириш учун тармоқ кабелининг турли сегментларининг физик уланишлари учун ишлатилади. Такрорловчилар сўнадиган сигналларни кучайтиради, улар сигналларни электр характеристикаларига мос бўлган шаклини ва қувватини яхшилайди. Такрорловчилар алоқа линиялар узунлигини оширишга, ажратиладиган муҳитнинг маконини кенгайтиришга имкон беради. Тармоқ такрорловчиларининг қўшилиши тармоқнинг физик топологиясини ўзгартиради (кенгайтиради), бунда унинг мантиқий структурасини ўзгаришсиз қолдиради.
Концентраторлар бир неча алоҳида сегментларни ягона тармоққа бирлаштириш учун хизмат қилади ва бир неча портлари такрорловчилар деб ҳисобланади. Бу қурилмада мазкур тармоқнинг барча сегментлари алоқа линиясига уланади. У барча Ethernet, Token Ring, FDDI асосий технологияларда қўлланилади. Тармоқ турига боғлиқ концентраторларнинг қўлланилишидаги фарқ концентраторнинг қайси чиқиш портларида кириш сигналининг такрорлашига асосланади. 3.20-расмда Ethernet тармоғи концентраторига мисол келтирилган, у бу сигнал келадиган портдан ташқари барча ўзининг портларидаги кириш сигналини такрорлайди. Ethernet дан фарқли равишда Token Ring технологиясининг концентратори фақат битта, қўшни портда кириш сигналини такрорлайди (3.21-расм).
Такрорловчилар ва концентраторларнинг ролини кўриб чиқишга якун ясаб шуни айтиш мумкинки, уларнинг қўлланиши тармоқнинг ўлчамларини ошириш ва маълумотларни узатиш йўналишларини ростланишини таъминлаш имкониятини беради, лекин улар фақат тармоқнинг физик қурилмасига таъсир қилади. Мантиқий структура уларнинг ишлатилишида ўзгармайди. Бошқача айтганда алоқа линияларининг ва такрорланишидаги концентраторлар кўринишидаги коммуникацион қурилмаларнинг бутун тўплами ягона ажратиладиган муҳит бўлади. Бундай муҳитда икки компьютернинг алоқа сеанси вақтида унга рухсат этиш усулига боғлиқ бўлмасдан, муҳит бошқа фойдаланувчилар учун рухсат этилмайдиган бўлиб қолади.
Ягона узатиш муҳитини мантиқий сегментларга бўлишни кўприкларнинг қўлланилиши таъминлайди. Кўприк ахборотларни бир сегментдан бошқа сегментга фақат жўнатиш компьютер манзили бошқа сегментга тегишли бўлсагина узатади. Кўприк бир сегмент трафигини бошқа сегмент трафикидан ажратади ва сегмент доирасида трафикни локаллайди. 3.22-расмда кўприк ёрдамида алоҳида сегментлар ўзаро таъсирлашадиган (масалан, корхонанинг ишлаб чиқариш бўлимлари) тармоқ кўрсатилган. Ҳар бир мантиқий сегмент концентратор асосида қурилади ва оддий физик структурага эга бўлади. Агар 1-нчи компьютер фойдаланувчиси бир сегментга жойлашилганда 2-нчи компьютер фойдаланувчисига маълумотларни юборса, у ҳолда бу маълумотлар концентратор томонидан фақат шу сегмент компьютерларининг тармоқ интерфейсларига трансляция қилади.
Маълумотлар йўналтирилиши керак бўлган сегментни аниқлашни кўприкдаги ўқиш алгоритми бажаради (3.23-расм). Кўприк ўзининг 1-нчи ва 2-нчи киришларига уланган иккита тармоқ сегментини боғлайди. Дастлабки ҳолатда кўприк ўзининг 1-чи ва 2-чи портларига қандай манзилли компьютерлар уланганлиги ҳақида ахборотга эга бўлмайди, кўприк қайси портдан келганидан ташқари, ўзининг барча портларига узатади. Тасвирланган схемада оддийлик учун иккита порт кўрсатилган, шунинг учун узатиш фақат улар орасида бўлиши мумкин. Олинган пакет кўприкнинг буферига ёзилади, пакет манба манзили таҳлил қилинади (бу ҳолда МАС-манзил), тармоқнинг қайси сегментидан пакет келганлиги ҳақида мос манзилли жадвалда ёзув жойлашади (жўнатувчининг сегмент тартиб рақами-порт тартиб рақами). Бу жадвал фильтрлаш жадвали (чунки, 1-чи портга келган ва ундан 2-чи компьютерга йўналтирилган пакетларни кўприк бошқа сегментга ўтказмайди). Шунинг учун жадвалда биринчи МАС-манзил - 1-порт ёзуви пайдо бўлади. Барча компьютерлар ишлаганда жадвал босқичма-босқич тўлдирилади ва ҳар бир компьютерга биттадан ёзувли 5 та ёзувга эга бўлади. Кейин навбатдаги пакетнинг келиши билан кўприк манба манзилини компьютерлар ва бир сегментда жўнатиш жойлашганлигини текширади. Агар улар турли сегментларда бўлса, кўприк олувчи сегментга олиб борадиган портга пакетни юборади. Олувчи сегментига рухсат этиш сегмент муҳитига ўрнатилган рухсат этиш қоидалари бўйича (тасодифий ёки детерминланган) бажаради.
Агар жадвални текшириш манба ва жўнатиш манзиллари битта сегментда жойлашганлигини кўрсатса (масалан, 1-чи ва 2-чи компьютерлар), у ҳолда олинган пакет кўприк буферидан чиқариб юборилади. Агар олинган пакетнинг манзиллари жадвалда бўлмаса (жўнатиш манзили маршрутизаторга маълум бўлмаса) кўприк пакетни манба портидан ташқари, барча портларга узатади. Кўприклар турли алмаштириш стандартларидаги тармоқларни бирлаштириш учун хизмат қиладиган қурилмалардир. Кўприкларнинг муҳим хусусияти турли кабеллардан фойдаланиладиган локал тармоқларни ёки тармоқ сегментларини масалан, коаксиал кабелдаги тармоқни оптик толали кабелларда қурилган тармоқ билан бирлаштира олиш хусусияти ҳисобланади.
Кўприкларнинг вазифалари ва уларнинг схемалари локал ва глобал тармоқларга бағишланган бобларда ёритилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |