6.6. IP – тармоқлар ўртасидаги ўзаро алоқа протоколи
IP протокол боғланиш ўрнатмайдиган протоколга (дейтаграммали протоколга) киради, у ҳар бир IP-пакетга мустақил алмашинув бирлиги, яъни бошқа IP-пакетлар билан боғланмаган ҳолатида ишлов беради. Одатда IP протоколда якуний маълумотларнинг ишончлилигини таъминлаш учун қўлланиладиган механизм мавжуд эмас. Агар пакетни узатиш давомида бирор хатолик юз берадиган бўлса, IP протокол бу хатоликни тузатиш бўйича ҳеч қандай чора кўрмайди. Масалан, агар оралиқ маршрутизаторда пакет назорат йиғиндиси хатолиги бўйича ташлаб юборилган бўлса, IP модул йўқотилган пакетни қайта узатишга ҳаракат қилмайди. IP протоколнинг асосий вазифаси – маршрутлаш жадвалини ўқиш билан маршрутлашдан иборат.
IP-пакет формати.
Пакет сарлавҳасидаги майдон сони ва ушбу сарлавҳа билан ишловчи протоколнинг функционал мураккаблиги ўртасида тўғридан-тўғри алоқа мавжуд. Сарлавҳа қанчалик содда бўлса – мос протокол ҳам шунча содда бўлади. Протокол ҳаракатининг катта қисми пакет сарлавҳасида жойлаштирилган хизматчи ахборотларга ишлов бериш билан боғлиқ.
IP-пакет сарлавҳадан ва маълумот майдонидан ташкил топади (6.5-расм).
Версиянинг рақами майдони 4 бит жой олади ва IP протокол версиясининг идентификациясини амалга оширади. Ҳозирги вақтда барча жойда 4 версиядан (IPv4) фойдаланилади, шунга қарамай кўп ҳолларда янги (IPv6) версияси ҳам учраб туради.
IP-пакет сарлавҳаси ўлчамининг қиймати ҳам 4 бит жой олади ва 32-битли сўзда ўлчанади. Одатда сарлавҳа 20 байт (бешта 32-битли сўз) ўлчамга эга бўлади, лекин параметрлар майдонига хизматчи зарурий ахборотларни қўшиш ҳисобига ошиши мумкин. Сарлавҳанинг энг катта қиймати 60 байтни ташкил қилади.
Сервис тури майдони дейтаграммалар хизмат усулини аниқлайди. У бир мунча замонавий дефференциалланган хизмат байти ёки DS-байт номига эга. Бу икки ном билан шу майдонни интерпритациялашнинг иккита вариантига мос келади. Иккала ҳолатда ҳам бу майдон бир хил мақсад учун хизмат қилади, яъни пакетга сифатли хизмат кўрсатиш талаблари акс эттирилган хусусиятларни сақлайди. Эски вариантда биринчи уч битда пакетнинг устунлик қиймати бўлади: энг қуйиси – 0 дан энг юқоригиси – 7. Маршрутизаторлар ва компьютерлар устунлик қиймати бўйича муҳим пакетларга эътибор беради ва уларга биринчи навбатда ишлов беради. Майдоннинг кейинги учта битида маршрутни танлаш шарти бўлади. Агар D (Delay – кечикиш) бит 1 да ўрнатилган бўлса, у ҳолда ушбу пакетни етказишдаги кечикишни минималга келтириш учун маршрут танланиши керак, ўрнатилган Т (Throughput – ўтказувчанлик қобилияти) бит – ўтказувчанлик кобилиятини максималга келтириш учун, R (Reliability – ишончлилик) бит эса – етказиш ишончлилигини максималга келтириш учун мўлжалланган. Қолган икки бит нол қийматдан иборат бўлади.
90-йилларда қабул қилинган деференциаллашган хизмат кўрсатишнинг стандартлари бу майдонга янги ном берди ва унинг битлари вазифаси қайтадан аниқланди. DS-байтда ҳам фақат катта 6 бит фойдаланилади, иккита кичик бит эса захира сифатида қолади.
Умумий ўлчам майдони 2 байт жой эгаллайди ва сарлавҳани ҳамда маълумот майдонини қўшган ҳолда пакетнинг умумий ўлчамини билдиради. Пакетнинг максимал ўлчами ушбу ўлчамни аниқловчи ва 65535 байтни ташкил этувчи майдон разрядлилиги билан чекланган, бироқ кўпгина компьютерлар ва тармоқларда бунча катта пакетлардан фойдаланилмайди. Турли хил ўлчамдаги пакетларни тармоқ бўйича узатганда пакетнинг максимал ўлчамини ҳисобга олган ҳолда IP-пакетларни элтувчи қуйи поғона протоколи танланади. Агар бу Ethernet кадрлари бўлса, у ҳолда Ethernet кадрининг маълумот майдони кичиклаштириб максимал ўлчами 1500 байтли пакетлар танланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |