Хостларни динамик конфигурациялаш протоколиDHCP (Dynamic Host Configuration Protocol) тармоқ интерфейсларини конфигурациялаш жараёнини автоматлаштиради. Бу эса тақсимлашнинг марказлаштирилган бошқаруви ҳисобига манзилларнинг такрорланиши олдини олади.
DHCP протоколи «мижоз-сервер» модели билан мос ҳолда ишлайди. DHCP-мижоз компьютер ишга тушиши билан IP-манзил олиш учун тармоққа кенг эшиттиришли сўров юборади. Бу сўровга жавобан DHCP-сервер IP-манзил ва бошқа конфигурацион параметрлардан иборат жавоб-хабарни жўнатади. DHCP-сервер ҳар хил ҳолатларда ишлаши мумкин:
статик манзилларни қўлда тайинлаш;
статик манзилларни автоматик тайинлаш;
динамик манзилларни автоматик тақсимлаш.
DHCP-серверни конфигурациялашда барча ҳолатлар ишида маъмур бир ёки бир нечта IP-манзиллар оралиғини (барча манзиллар ушбу нимтармоққа тегишли бўлади) эълон қилиши зарур.
Манзилларни қўлда тайинлаш ҳолатида маъмур эркин фойдаланиш мумкин бўлган манзиллардан ташқари DHCP-сервер IP-манзилларини физик манзиллар ёки мижоз боғламаларнинг бошқа идентификаторлари билан қатьий мослиги ҳақидаги ахборотларга ҳам эга бўлади. Бу ахборотлардан фойдаланган ҳолда DHCP-сервер ҳар доим маълум DHCP-мижозга айнан маъмур томонидан тайинланган IP-манзилни (бундан ташқари бошқа конфигурацион параметрларни) беради.
Статик манзилларни автоматик тайинлаш ҳолатида DHCP-сервер маъмур аралашувисиз мустақил тарзда мавжуд IP-манзиллар тўпламидан мижозга ихтиёрий IP-манзилни танлайди. Манзил мижозга доимий фойдаланиш учун берилади, яъни мижознинг идентификацион ахбороти ва унинг IP-манзили орасида қўлда ўрнатиладиган ҳолатдагидек доимий мослик мавжуд. У DHCP-сервер мижозга биринчи марта IP-манзил бериш вақтида ўрнатилади. Мижознинг барча сўровларига сервер айнан ўша дастлабки IP-манзилни беради.
Манзилларни динамик тақсимлашда DHCP-сервер мижоз манзилини ижара муҳлати деб аталувчи чекланган вақтга беради. DHCP-мижози бўлган компьютер нимтармоқдан узилса, унга тайинланган IP-манзил автоматик тарзда бўш бўлади. Бошқа тармоққа уланганда эса унга автоматик тарзда янги манзил тайинланади. Фойдаланувчи ва маъмур бу жараёнга аралашмайди. Бу орқали ушбу IP-манзилдан бошқа компьютерга манзил тайинлашда такрорий фойдаланиш мумкин. DHCP хизматининг асосий афзалликлари билан бир қаторда – ҳар бир компьютерда TCP/IP стекини конфигурациялаш бўйича маъмурнинг зерикарли ишини автоматлаштиради, манзилларни динамик ажратиш боғламалар сони маъмур ихтиёридаги IP-манзиллар сонидан ошиб кетувчи IP-тармоқни қуриш имконини беради.