Процессор (марказий процессор) компьютернинг асосий ҳисоблаш қурилмаси ҳисобланиб, у қўйидагилардан ташкил топади:
арифметик ва мантиқий амалларни бажариш учун арифметик–мантиқий қурилма (АМҚ);
процессорнинг ишлашини ва ташқи қурилмалар билан алмашиш иш тартибини бошқариш блоки;
ички умумий вазифали регистрлар (УВР) кўринишида оператив хотира ролини бажарадиган процессор ички хотираси (кэш хотира).
Бинобарин, процессор доимо катта интеграл схема (КИС) кўринишида бажарилади, шунинг учун уни кўпинча микропроцессор дейишади. Бу процессор она платада жойлаштирилган мустақил КИС ҳисобланади
Асосий хотира компьютернинг бошқариш дастурларини ва ишлов бериш учун маълумотларни сақлашга мўлжалланган. У процессор ва оператив хотира орасида маълумотларнинг алмашиш тезлигини оширади.
Ташқи қурилма фойдаланувчига компьютер ресурсларидан фойдаланиш, шунингдек, дастлабки маълумотларни киритиш ва ишлов берилган натижаларнинг маълум даражадаги ўзаро алоқасини таъминлайди. Ташқи қурилмалар таркибига ташқи хотира боғламалари, кўпинча, дискли тўпловчилар ва алоқа каналлари бўйича узатиш қурилмалари киради.
Компьютернинг асосий қисмларининг ўзаро алоқаси 2.2-расмда келтирилган. Кўплаб замонавий компьютерлар дастурий бошқариш тамойили бўйича қурилган. Бу тамойил архитектурада учта асосий боғламаларнинг бўлишини назарда тутади, яъни: хотира, бошқариш ва ҳисоблаш боғламаси.
Бу учта боғлама ҳисоблаш ядросини ташкил этади ва дастурли бошқариш иш тартибини таъминлайди:
дастурнинг буйруқлари асосий хотирада жойлашади;
ячейкалар кетма-кет тартиб номерларига (адресларига) эга бўлади;
буйруқлар дастурда жойлашган табиий кетма-кетликда ўқилади ва бажарилади.
АМҚ (Arithmetic and Logic Unit) хотирадан келадиган маълумотлар билан арифметик ва мантиқий операцияларнинг бажарилишини амалга оширади, чиқиш натижасини шакллантиради. У асосий хотирага ёзилади ёки ўта юқори тезкор регистрлардан (УВР) бирида вақтинча сақланади.
Асосий хотира ихтиёрий рухсат этишли ва манзиллар оралиғидаги манзиллаштириладиган (ОХҚ ва ДХҚ) ва кэш-хотирани ташкил этадиган манзиллаштирилмайдиган хоналардан иборат. Кэш-хотира ҳажми бўйича ОХҚ га қараганда кам, лекин тезкорлик бўйича юқори. ОХҚ дан ўқилган ячейкадаги маълумотлар ўзгармайди ва такрорий ўқилиши мумкин. Хонага ёзишда код ўчирилади ва унинг ўрнига янги код (сон ёки буйруқ) ёзилади. Асосий хотиранинг ҳажми сақланадиган сўзларнинг миқдори билан унинг тезкорлиги эса мурожаат этиш вақти билан, яъни керакли сўзни ёзиш ва ўқиш давомийлиги орқали аниқланади.
Алгоритм ва унга мос компьютер дастурининг бажаралиш жараёни бошқариш қурилмасининг ишлашини таъминлайди. Жорий дастурга мос равишда бу боғлама керакли буйруқни ва бу буйруқни бажарилишига тааллуқли бўлган навбатдаги маълумотларни танлашларга, АМҚ да керакли амални бажарилишини ва олинган натижани кўрсатилган манзил бўйича жойлаштиришни назорат қилади. Дастурнинг жорий буйруғининг бажарилиши жараёнида бошқариш боғламаси буйруқнинг ишлатилиш вақтида қатнашадиган қурилмалар учун бошқариш сигналлари кетма-кетлигини шакллантиради. Агар ташқи қурилмалар билан ўзаро алоқа боғлаш буйруғи (ташқи хотирадан маълумотларни юклаш, маълумотларни киритиш ёки чиқариш) бажариладиган бўлса, у ҳолда бошқариш боғлама алмашиш жараёнининг мос сўровлари ва синхронлаш қоидаларини шакллантиради.
Do'stlaringiz bilan baham: |