SONET/SDH тармоқлари.
Технологиянинг олдинги варианти SONET номи билан аталган, кейинги ишланган варианти эса синхрон рақамли иерархия (Synchronous Digital Hierarchy – SDH) номини олди. SDH стандартида тезликларнинг ҳамма поғоналари бир хил номга келтирилиб, N поғонанинг синхронли транспорт модули номи билан аталган, яъни STM-N.
STM-1 155 Мбит/с тезликк эга, бунда кўпайтириш коэффициенти 4 га тенг. STM-4 4 марта катта (622 Мбит/с) тезликка эга, STM-16 2,5 Гбит/с тезликка эга. SDH тармоғининг жихозлари PDN тармоғига ўхшаб, мультиплексорлар ва коммутаторлардан (кросс–коннекторлар) ташкил топган.
PDN тармоқлари одатда SDH тармоқларига мурожаат қилиш тармоғи сифатида ишлатилади.
6.15-расмда тармоқ архитектурасида ва унинг коммуникация элементларида тезлик иерархиясини ҳисобга олган ҳолда, бундай тармоқни қуриш варианти берилган. SDH тармоғи STM-4 ва STM-16 тезлигида ишловчи магистрал кросс-коннекторлардан (квадрат фигуралар), STM-1 тезлигида ишловчи мультиплексорлардан (учбурчак фигуралар) ташкил топган. Мурожаат қилиш тармоғи Т – канал тизимларининг тезлигида ишловчи PDN технологиясидаги мультиплексорлардан (ромблар) ташкил топган.
SDH мультиплексирлаш схемаси иерархиянинг юқори поғонасидаги маълумотлар оқимидан чиқариб олиш имконини беради. SDH мультиплексирлаш схемаси юқори даражали маълумотлар оқимидан демультиплексирлаш амалисиз паст тезликдаги оқимларни ажратиб бериши мумкин (масалан, STM-16 оқимидан бевосита STM-1 оқимини ажратиб олиш мумкин). STM кадрлари умумий магистрал оқимга турли тезликдаги SDH ва PDN оқимларини бирлаштиришга имкон берадиган етарли даражада мураккаб тузилишга эга. Синхронлаштиришнинг юқори поғонаси SDH тармоғи мультиплексорларини синхроимпульслар билан таъминлайдиган эталон ташқи атом соатлари билан таъминланади. SDH тармоғининг бузилишга барқарорлиги мультиплексорнинг асосий йўли ишдан чиқса, заҳира йўлга улаш билан таъминланади.
DWDM тармоқлари.
Бу тармоқлар зичланган тўлқинли мультиплексирлаш технологиясини (Dense Wave Division Multiplexing – DWDM) қўллайди, мультигигабит ва терагигабит тезликда ишлайдиган оптик магистралларни яратиш учун мўлжалланган. Улар каналли коммутация тамойили бўйича ишлайди, бунда ҳар бир ёруғлик тўлқини алоҳида спектрал канал кўринишида бўлади ва алоҳида маълумотлар оқимини олиб ўтади. DWDM жиҳозлари битта оптик канал орқали турли узунликдаги 32 ва ундан ортиқ тўлқинларни узатиш имконини беради, бунда ҳар бир тўлқин 10 Гбит/с бўлган тезликда ахборотни олиб ўтади.
OTN тармоқлари.
Бу оптик транспорт тармоқларининг (Optical Transport Networks-OTN) магистрал тармоқларга мўлжалланган янги технологиясидир, чунки у SDH технологиясининг қуйи тезликдаги оқимларнинг мультиплексирлашини қолдириб, тезликларнинг фақат юқори диапазонларини қўллайди.
OTN тармоқларида қуйидаги тезликлар иерархиясига мос келадиган кадрнинг учта формати қўлланилади: OTU1 (2,7 Гбит/с), OTU2 (10,7 Гбит/с) ва OTU3 (43 Гбит/с), яъни OTN 4 коэффициентли мультиплексирлашни таъминлайди. OTN кадрларининг формати ўзининг маълумотлар майдонида ҳар қандай замонавий маълумотларни узатиш технологиясининг кадрини жойлаштириш имконини беради: SDH, Ethernet, Fibre Channel. Бу OTN технологиясининг телефон тармоқларининг трафикини олиб ўтиш учун мўлжалланган ва 64 Кбит/с тезлик чизғичининг кўпайтиришига эга бўлган SDHдан фарқидир. OTNда ҳам SDHга ўхшаб, хатоларни тузатиш муолажаси бажарилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |