YII-БОБ. ТЕХНИКА ВА АХБОРОТЛАШУВ ЖАРАЁНЛАРИНИНГ АСОСИЙ МУАММОЛАРИ
Маъруза режаси:
7.1. Ишлаб чиқаришни ахборотлаштириш ва автоматлаштириш.
7.2. Ҳозирги замон фанининг ривожланиши.
7.3. Замонавий информатика усуллари.
Семинар машғулоти:
7.1. Компьютерлаштириш–ижтимоий тараққиёт омили.
7.2. Технософия-техника фалсафаси.
7.3. Замонавий информатика усуллари.
ХХ юз йилликда инсоният ривожланишининг муҳим хусусиятлари қаторида аввало компьютерларнинг пайдо бўлиши ва ахборот жамиятларининг шакллана бошлашини қайд этиш лозим. Компьютерлаштириш ва ахборотлаштириш жараёни турли мамлакатлар ва минтақаларда нотекис кечмоқда, бироқ у ўз ривожланишининг шундай бир босқичига етдики, баъзи бир натижаларни кўриб чиқиш ва келажакка назар ташлаш мумкин. Инсон фаолиятининг барча жабҳаларини компьютерлаштириш бугунги кунда жамиятнинг муҳим вазифаси ва ижтимоий тараққиёт омилидир. Бу вазифани ечмасдан ижтимоий ўзгаришларни амалга ошириш, ўзининг барча фуқароларига муносиб турмуш даражасини таъминлашга қодир жамиятнинг иқтисодий ривожланиши мумкин эмас. Сўнгги йилларда эълон қилинган илмий асарларда информатиканинг фалсафий муаммоларига айни шу нуқтаи назардан ёндашилади.
Информатика (французча information–ахборот ва automatique–автоматика)–ахборот олиш, унга ишлов бериш, уни сақлаш ва тақдим этиш жараёнларини тадқиқ қилиш, жамият ҳаётининг барча соҳаларида ахборот техникаси ва технологиясини яратиш, амалиётга жорий этиш ва улардан фойдаланиш масалаларини ҳал қилиш билан шуғулланувчи фан-техника фаолиятидир.
Информатика техник воситалари ахборот технологиясининг негизини ташкил этади. Информатика воситалари ривожланишининг тарихий босқичларини қуйидагича таснифлаш мумкин: информатика табиий воситалари (инсоний–имо-ишора, рақс, нутқ; табиий–олов, белги); информатика механик воситалари (ўрта асрлар телеграфи, матбаачилик, ҳисоблаш мосламалари, арифмометр); информатика электр воситалари (телеграф, телефон, кино); информатика электрон воситалари (телевизор, компьютер, принтер).
Компьютер техникаси ривожланиши натижасида объектив дунёни тадқиқ этиш учун янги билиш усули‑ компьютер эксперименти шаклланди. Компьютнр экспериментининг объекти–бу математик моделлаштиришдир. Улар электрон ҳисоблаш машиналарида тадқиқ этилади. Компьютер экспериментлари мураккаб тизимларни ўрганишда эффектив усуллардан биридир. Ушбу усул анъанавий усуллардан фарқли ўлароқ кўзга кўринмайдиган ходисаларни чизмалар асосида кўриш имконини беради. Бу ҳолда инсон тафаккурида ҳосил бўлган идеал тушунчалар моделлашувчанликни англатади.ва уларни реалликда кузата олиш мумкин бўлади. Шуниси диққатга сазоворки, “Капалак Эффекти” ни А.Пуанкаре математика усуллари асосида кашф этган. Физикларни айтишича ҳисоблаш машиналаридаги воқеликни тасвирловчи чизмалар реал тажрибалардагига ўҳшаш, аммо улар миллион баробар тезроқ ва аниқроқдир.56
Математик моделларнинг яратилиши тадқиқотчи интуицияси билан боғлиқ бўлади. Ижоднинг кенг қамровлигини формалл тиллар ва бошқа омиллар ташкил этади. Масалан: дисплей, интегратив графиклардан фойдаланиш ва бошқалар.
Ҳозирги кунда 3D параметрик моделлаштириш идеологиясига асосланган автоматлаштирилган лойихалаш тизимлари саноат маҳсулотларини ишлаб чиқаришда технологик хужжатларни яратиш учун “de facto’’стандарти бўлиб келмоқда. Бу эса биринчи навбатда лойихалаш жараёни интеграцион характерга эга эканлиги ва лойиҳаловчи лойиҳаланаётган объектнинг техник тавсифномаларини яхшилаш мақсадида унга ўзгартишлар киритишмумкинлиги билан белгиланади. Вариантланувчи лойиҳа параметрлари миқдорининг кўплиги назорат топшириғини амалий жиҳатдан анъанавий (қўлда чизиш) усуллари ёрдамида бажариш орқали ҳал қилиб бўлмаслигини кўрсатади. Лойиҳалашнинг бошланғич босқичида ҳатога йўл қўйиш кейинги ишни “йўк”қа чиқариши мумкин. Шунинг учун лойиҳалаш ҳужжатларини яратишни автоматлаштириш долзарб масала ҳисобланади. У ОТМ да мутахассисларни тайёрлашда ҳам эътибордан четда қолмаслиги аҳамиятлидир. Бу эса ўз навбатида турли фанларни ўқитиш методикасини таҳлил этишни назарда тутади.
Замонавий, шу жумладан ижодий лойиҳалаштириш ишларини автоматлаштириш тизими мураккаб геометрик шаклдаги техник объектларнинг кўргазмали 3D тасвирларини яратиш ва улар асосида проекция чизмалари–фазовий объектнинг “текис эквивалентлари” ни чизишга имкон яратади. Бунда ўрганувчининг асосий вазифаларидан бири 3D ва 2D тасвирлари ўртасидаги ўзаро боғлиқликни аниқлаш кўникмасини шакллантиришдан иборатдир. Айниқса техник ижодкорлик жараёнида чизма чизиш назарияси ҳисобланган чизма геометрия фани муҳим аҳамиятга эга. Чизма геометрияни ўрганиш жараёнида проекцион чизмаларни фазовий идрок этиш ҳисобланади. Нормал идрок этиш ривожланган образли тасаввурни талаб этади. Инсоннинг бошқа қобилиятлари каби образли тасаввурни ривожлантириш муҳим аҳамиятга эга. Ушбу жараёнда компьютер технологиялари, шу жумладан 3D лойиҳалаш ёрдам беради. Шунингдек, фазо симплекслари, параметрлаш назариясини ўрганиш, метрик ва позицион топшириқларни ечиш керак бўлади.
Таълимда замонавий технологиялар, масалан мультимедия маърузалари, электрон дарсликлар, компьютер тестлари тизимини қўллаш муҳим ҳисобланади. Бу нафақат исталган балки зарурий ҳодисадир. Бироқ бир он ҳам шуни унутмаслик керакки, геометрия “фазонинг текис эквивалентлари”да тасвирланаётган бўлса ҳам, реал дунё геометрияси ҳақидаги умумий тасаввурларни шакллантириш муҳим шарт ҳисобланади.
Техника йўналиши бўйича мутахассисларни тайёрлашда “мухандислик графикаси” аниқроғи “техник чизмачилик” курси муҳим таркибий қисм ҳисобланади. Чизма тили бу‑мухандис тили. Ушбу “тил” техник ижодни шакллантириш имкониятини оширади.
Ахборот техникаси оғир ва баъзан мазмунсиз жисмоний меҳнатдан инсонни озод қилади. Ақлий меҳнатнинг аҳамияти ва салмоғи ошиб боради. Меҳнат, инсон эҳтиёжларини қондириш учун табиий ва ижтимоий кучларни ўзгартириш жараёни сифатида, инсоннинг меҳнат предмети билан билвосита алоқаси кучайиши билан тавсифланади. Агар илгари меҳнат қуроллари инсон табиий жисмоний аъзоларининг давоми ҳисобланган ва уларни кучайтиришга хизмат қилган бўлса, энди ахборот қурилмалари инсон ақлининг ишини давом эттиради ва кучайтиради. Малакасиз меҳнатнинг жуда кўп шакллари ўрнини малакали меҳнат эгаллайди. Ахборот технологиясининг ривожланиши меҳнаткашлар маълумот ва малака даражасининг ўсишига, ишлаб чиқаришда юқори малакали мутахассислар миқдорининг кўпайишига ва паст малакали касблар сонининг камайишига олиб келади. Меҳнат унумдорлигига меҳнатнинг оғирлашиши натижасида эмас, балки бу ишнинг оқилона бажарилиши натижасида эришилади. Меҳнат жараёни ижодий фаолият турига, инсоннинг ўз қобилиятини намоён этиш воситасига айланади. Моддий неъматлар ишлаб чиқариш ўрнини инсонни интелектуал ўстириш эгаллайди, инсон қобилиятини ривожлантириш ҳаётий фаолиятнинг асосий шаклига айланади, меҳнатнинг инсонпарварлашуви содир бўлади.
Ишлаб чиқаришни ахборотлаштириш ва автоматлаштириш ишчилар ва хизматчиларга турли талаблар қўйиб, уларни бевосита ишлаб чиқариш жараёнидан олиб чиқади ва мазкур жараён билан бир қаторда турувчи субъектларга айлантиради. Инсон шахсининг ўзига хосликларини намоён этиш учун шарт-шароит ва ижтимоий эркинликни ривожлантириш учун имконият яратилади. Бир касбий фаолиятдан бошқа касбий фаолиятга ўтиш учун қўшимча имкониятлар пайдо бўлади. Меҳнат ижтимоий ёки шахсий заруриятга қараб ўзгарувчи жўшқин хусусият касб этадики, бу стандартлаштирилган оммавий ишлаб чиқаришдан мослашувчан, яъни кўп ўзгарувчи, истеъмолчиларнинг оммавий эҳтиёжларига йўналтирилган ишлаб чиқаришга ўтишда муҳим аҳамиятга эгадир.
Do'stlaringiz bilan baham: |