Лойиҳа
«Аёллар маслаҳат кенгаши» тўғрисида
НАМУНАВИЙ НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом (кейинги ўринларда Низом деб аталади) «Аёллар маслаҳат кенгаши»нинг (кейинги ўринларда Кенгаш деб аталади) фаолиятини тартибга солади.
2. Кенгаш тегишли фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилувчи хотин-қизларнинг ихтиёрийлигига асосланиб, ўз фаолиятини жамоатчилик асосида олиб борадиган, доимий фаолият юритувчи маслаҳат кенгаши ҳисобланади.
3. Кенгаш ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси
ва қонунларига, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга, фуқаролар йиғини тўғрисидаги Низомга, фуқаролар йиғини ва унинг кенгаши қарорларига ҳамда ушбу Низомга мувофиқ амалга оширади.
4. Кенгаш фуқаролар йиғини ҳузурида ташкил этилади.
2-боб. Кенгашнинг асосий мақсад ва вазифалари
5. Кенгашнинг асосий мақсади – маҳаллада истиқомат қилувчи ижтимоий ҳимояга муҳтож аёлларнинг дардини эшитиб, таклиф ва қизиқишларини рўёбга чиқаришга, хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этишга кўмаклашиш, аёлларнинг оилаларни мустаҳкамлаш ва фарзанд тарбиясидаги ролини ҳамда ижтимоий фаоллигини оширишга қаратилган маслаҳатлар бериш, “одобли қиз”, “иффатли келин” ва “маърифатли аёл” ғояларини кенг тарғиб этиш.
6. Қуйидагилар Кенгашнинг асосий вазифалари ҳисобланади:
ижтимоий ҳимояга муҳтож аёлларнинг дардини эшитиб, таклиф ва қизиқишларини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш;
хотин-қизларнинг ижтимоий муаммолари (маиший, тиббий, психологик, педагогик, меҳнат, ҳуқуқий) ҳолати, ижтимоий қўллаб-қувватлашга муҳтожлик даражасини манзилли ўрганиш ҳамда аниқланган муамммоларни мутасаддиларга тақдим этиш;
хотин-қизларга ҳуқуқий, маънавий-ахлоқий, педагогик, психологик
ва тиббий маслаҳатлар бериш орқали уларнинг оилаларни мустаҳкамлаш
ва фарзанд тарбиясидаги ролини ошириш;
оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизлар билан манзилли иш олиб бориш;
хотин-қизларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, касб-ҳунарга йўналтириш ва тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш;
оилаларни мустаҳкамлаш, шу жумладан ажрим ёқасига келиб қолган оилалардаги маънавий муҳитни соғломлаштиришга кўмаклашиш;
қизларни умуминсоний ва миллий қадриятлар, одоб-ахлоқ қоидалари асосида тарбиялаш, кийиниш маданиятига риоя қилиш масалаларини кенг тарғиб қилиш.
хотин-қизларни комплекс қўллаб-қувватлаш, муаммоларини бартараф этишга кўмаклашиш;
хотин-қизларни манзилли (ҳуқуқий, маънавий-ахлоқий, педагогик, психологик ва тиббий билимларини ошириш бўйича ) ўқувларга жалб этиш;
хотин-қизларга мотивация бериш, тўғри ва аниқ мақсад қўйишига,
ўз-ўзини англашига кўмаклашиш;
хотин-қизларнинг шахсий ва касбий ўсиши, ижодий ва интеллектуал қобилиятларини намоён қилишига кўмаклашиш;
хотин-қизларда психологик маданиятни, профилактика ва мураккаб ҳаётий вазиятларни енгиб ўтиш кўникмасини шакллантириш;
хотин-қизларнинг билим олиш ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, таълим муассасаларида ўқувчи-қизлар давоматини ўрганиш, аниқланган муаммоларни бартараф этишга қаратилган тадбирларни ташкил этиш;
хотин-қизларнинг касб-ҳунарга ўқиш хоҳишини ҳисобга олган ҳолда меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касблар бўйича билим ва кўникмалар эгаллашига ҳамда ишга жойлашишига, тадбиркорликни йўлга қўйиши
ва ривожлантириши учун кредит олишига кўмаклашиш орқали ижтимоий фаоллигини ошириш;
хотин-қизларнинг ижтимоий муаммолари ва уларга кўрсатилган ижтимоий хизматлар самарадорлиги мониторингини юритиш.
Кенгаш ўз зиммасига юклатилган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни бажаради:
хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ва ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини тарғиб этиш;
хотин-қизларнинг маънавиятини юксалтириш, ножўя хатти-ҳаракатлар
ва урф-одатларимизга зид хатти-ҳаракатлардан қайтаришга қаратилган тадбирларни амалга ошириш;
хотин-қизларга оила қадриятларини мустаҳкамлаш, йигит-қизларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, оилани режалаштириш, эрта никоҳларнинг олдини олиш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш юзасидан маслаҳатлар бериш;
хотин-қизларга миллий урф-одат, анъана ва маросимларни ташкил этиш ҳамда ўтказишда йўл-йўриқ кўрсатиш;
хотин-қизлар ўртасида спорт-соғломлаштириш, муваффақиятли қариш, саломатлик учун шахсий масъулиятни ошириш каби тарғибот тадбирларини ташкил этиш;
хотин-қизлар ўртасида жисмоний тарбия машғулотлари гуруҳларини шакллантириш, хотин-қизларни оммавий спорт мусобақаларига кенг жалб этиш;
хотин-қизлар учун тарихий қадамжолар, зиёратгоҳларга саёҳатлар уюштириш.
Кенгаш қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ижтимоий-маънавий вазифалар ва функцияларни ҳам амалга ошириши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |