Объект ва субъект муносабатлари. Ҳозирги замон фанида объект билан субъект ўртасидаги қирралар баъзан, умуман кўз илғамасдир. Баъзида субъект ва объект билишда бир бўлиб, қўшилиб кетади. Бунга мисол, микрообъектларни билишда приборнинг ўзига хос роли билан боғлиқ ҳолда юзага келган квант механикасидаги ҳолат бўлиши мумкин. Олимлар приборлар орқали объектнинг ўзига «бостириб киришди». Атомлар даражасидаги экспериментларнинг натижалари тўғрисида квант объектлари билан алоқада бўлган бошқа квант объектларини ҳам, ўлчов воситаларини ҳам қайд этувчи сифатида гапириш лозим. Шунга қарамасдан, физика объектларнинг ўзини таърифлаб беришга уринмоқда. Мутахассислар бу жиҳатни назарий билим даражасида, биз эса бу квант объектларнинг хоссаларини тасаввур қилган чоғимизда, улар орасида чегара ўрнатиш мумкинлигини таъкидламоқ лозим.
Келтирилган мисол бошқалар каби билиш шартларининг муҳим ролини ҳам кўрсатади. Улар табиий фанларда ҳам, ижтимоий гуманитар фанларда ҳам ўз ўрнига эга. Билиш шартлари объект ва субъект муносабатларини ифодалайди. Бундай шартлар билишнинг катта сотсиал аҳамияти билан ёки, аксинча, ўрганилаётган объект моҳиятини сохталаштиришга томон йўналтириши мумкинлиги билан тавсифланади.
Объект ва субъект тушунчаларининг бу талқини тафаккурни инсондан ташқари мавжудлигини эътироф этади, ҳатто дунёвий руҳ сифатида инсондан ташқари бўлган субъектнинг мавжудлиги тўғрисидаги хулосага келган ва бутун ижодий, фаол ибтидо унинг моҳияти билан боғлаб ифодаланган қарашлардан фарқ қилади. Бу масалада гносеология тарихида хилма-хил қарашлар мавжуд. Масалан, Кант фалсафасида субъект моддий ёки идеал нарса сифатида тушунилгани йўқ, балки соф фаолият, ўз-ўзича фаолият тарзида талқин этилган. Бу ғоя Фихте фалсафасида янада ривожлантирилди. Бу консепсияда субъект инсон онгидан иборат қилиб қўйилади, унинг ўзи ташқи дунёни ёки объектни яратувчи субстансиядир. Фихтеда соф «мен» умумий инсон онги сифатида ҳаракат жараёнида ўзини ҳам, ўзининг қарама-қаршиси «менмас»ни ҳам назарда тутади. Табиийки, соф «мен»нинг табиати тўғрисида савол туғилади. Жавоб доирасида у аҳамиятга эга бўлиб қолади.
Масалан, шунга ўхшаш субъектив тушунтириш экзистенсиализм учун ҳам хосдир. Экзистенсиалистлар инсон ҳаракатлари ва фикрларининг манбаи (демак, субъектнинг фаоллигини ҳам) ратсионал билиш мумкин бўлмаган бошланғич реаллик экзистенсияси деб эълон қилишади. Замонавий фалсафа субъектни фаол, билиш жараёнининг ибтидоси деб тушунишни немис мумтоз фалсафасидан мерос қилиб олди. Бу фаолликнинг табиати илмий-назарий асослаб берилди.
Ҳақиқатан ҳам, кўп ҳолларда алоҳида индивид томонидан қўлга киритилган, тил, нутқ ҳамда моддий ва маънавий фаолиятнинг бошқа шаклларида қайд қилинган билим, гўёки, шу индивидга тегишли бўлмай қолади. Лекин бу билимнинг инсондан ажралаётганини, гўёки объектив руҳга айланаётганлигини, яъни билишнинг умуман субъектга боғлиқ бўлмай қолаётганлигини англатмайди. Билим бу жараёнда индивидуал субъект мулкидан гносеологик субъектнинг ижтимоий мулкига айланади, холос. У гносеологик субъектнинг онгида, ижтимоий онгда мавжуд бўла бошлайди. Билимнинг индивиддан бегоналашуви унинг экзосомалик воситаларда қайд этилишидаёқ бошланади. Алоҳида индивид мантиқий фактлардан фойдаланиш тили ва усулларни билиши мумкин, бироқ тил ҳам, мантиқ ҳам унинг ички мулки, бойлиги бўла олмайди, улар унинг ички руҳий ҳаёти соҳасига алоқадор эмас.
Тил ва мантиқ жамиятга, гносеологик субъектга тегишли ва ўзлари ҳам билишнинг объектив тамойилларининг инъикоси бўлган муайян қонуниятларга бўйсунадилар. Худди шунинг учун индивид томонидан маълум тил ва мантиқий шаклларда ифодаланган билим билиш фаолиятининг объекти сифатида бўла оладиган кишининг онгига зид бўлиши ҳам мумкин. Билимнинг автономлиги феномени индивиднинг онгига нисбатан илмий фалсафада индивидуал онглар йиғиндисидан иборат бўлмаган гносеологик субъект мавжудлигининг далили ҳисобланади. Билиш фаолиятининг сотсиал аспектларини инкор этиш орқали гносеологик субъект тушунчасини тушуниш қийин, чунки бу субъектни билиш назариясидан чиқариб ташлашга олиб келади.
Айни вақтда билиш жараёнининг алоҳида структураси ҳам намоён бўлади. Бу эрда «субъект – объект» икки томонлама муносабати камида уч томонлама тус олади: субъект объектга нисбатан қадриятлар тизими ёки коммуникатив муносабатлар тизими орқали ёндашади ўзи ҳам «Мен ва Биров», «муаллиф ва қаҳрамон» бир бутунлиги тарзида намоён бўлади ва объектга фақат шу нуқтаи назардан қарши туради. Натижада ижтимоий билимнинг нафақат илмий, балки фалсафий табиати ва ҳатто унинг бадиий онгга яқинлиги аён бўлади. Бахтин «Қилмиш фалсафаси» асарида бу хусусда сўз юритиб, Нитсше, Шопенгауер яратган дунёнинг ярим фалсафий, ярим бадиий консепсиялари замирида «муаллифнинг дунёга муносабатининг жонли воқеаси, санъаткорнинг ўз қаҳрамонига шундай муносабати ётади ва бундай консепсияларни тушуниш учун маълум даражада антропоморф дунё – уларнинг тафаккур объекти керак», деб қайд этган эди3.
Билиш жараёнида объект тушунчаси субъект тушунчасига боғлиқдир, унга қарама-қарши қўйилмайди. Объектнинг субъектга боғлиқлиги, унинг субъект томонидан яратилиши ёки тақозо этилиши маъносида тушунилмаслиги лозим. Ташқи дунёдаги нарса ва ҳодисалар уларга субъект фаолияти йўналтирилгандагина объектларга айланади. Субъектнинг билиш фаолияти асосида амалда инсоннинг ўзгартирувчилик фаолияти ётади. У инсонни фаолият субъектига айлантириб, бу фаолиятнинг объектлари сферасини аниқлайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |