Таянч тушунчалар
Италия фалсафаси, Пифагор иттифоқи, пифагорчилар турмуш тарзи, сон-бошлағич асос, “Адолат ўз-ўзига кўпайтирилган сон”, “жон гармониядан иборат”.
ЭЛЕЙ ФАЛСАФИЙ МАКТАБИ
Элей фалсафа мактаби ҳам Пифагорчилар Иттифоқи сингари “Буюк эллада”да пайдо бўлган. Бу мактаб вакиллари Ксенофан, Парменид, Зенон ва Мелисслардир. Элей мактаби вакиллари фалсафа категорияларини, хусусан борлиқ, субстанция тушунчаларини янада ривожлантирдилар. Айнан Элейчилар фалсафанинг муҳим масалаларидан бири-борлиқ ва тафаккурнинг ўзаро муносабати масаласини қўйишган. Шунинг учун ҳам, айтиш мумкинки, антик фалсафанинг шаклланиши элей мактаби билан тугалланади.
Ксенофан. Иониядаги Колофон полисидан чиққан. У илк бор худоларни инсон ижоди деб айтади. Греклар худодан адолатни сўраши зарур. Худолар инсонлар томонидан ўзларига ўхшатиб ижод қилинади. Эфиопияликларда худо қора ва жингалак сочли, фракийларда эса кўк кўзли ва малла. Демак динлар антропоморф илдизга эга.
Космогония ва космология. Ксенофан файласуф-физик сифатида иония анъаналарига таянади. Денгиз хайвонлари ва ўсимликларининг тошдаги изларини ўрганиб ва умумлаштириб, дунёнинг келиб чиқишини тушунтиради. Унингча, қачонлардир ер денгизлар билан қопланган. Кейинчалик, ернинг бир қисми кўтарилиб, қуруқлик пайдо бўлган. Қачонлардир денгиз туби бўлган жой кейинчалик тоғ бўлиб қолган. Ер илдизлари чексизликка бориб тақалади: “Ер ва сув барча нарсаларни яратади ва ўстиради”133. Ой–қулаб тушган булут, Қуёш–жимирлаб турувчи моддалардан пайдо бўлади, бу жимирлаб турувчи моддалар сувнинг буғланиши натижасида ҳосил бўлади. Қуёш ҳар куни янгидан яралади. Ксенофан оламни яратувчи тўрт стихиядан бирини–сувни субстанция сифатида асослашга уринади.
Онотология. Аристотел фикрича, яхлит оламда Ксенофан ҳеч нарсани ажратмайди. Осмоннинг яхлитлигини кузатиб, у яккалик - айнан ана шу худо, дейди.
Ксенофан худоси–антропоморф мавжудот. Тўғри, у ёзади: худо “ўлувчиларга танаси билан ҳам, фикри билан ҳам ўхшамайди”. Бироқ у барча нарсани кўриб, эшитиб, ўйлаб туради.
Гносеология. Ксенофан фикрича сезгилар тўғри маълумот бермайди. Шунинг учун ҳам у оламнинг физикавий манзарасининг ишончлилигини қатъий тарзда ёқлашга уринмайди. Ақл ҳам, унинг уқтиришича, баъзан алдаб қўяди. Шунинг учун ҳам ҳақиқат тасодифийдир. У системали фикр юритиш натижаси эиас, балки тасодиф оқибатидир. Ксенофан оламни билиш мумкинлигини инкор этади. У ёзади: “Агар кимдир тасодифан ҳақиқатни айтса ҳам, ўзи буни билмаган бўларди”. Ҳақиқат фараз қилинади, холос. Ҳақиқатга эришиш-бу жараён. Инсонлар “худоларни аста-секин кашф қилганлар”134.
Парменид (504-501 йилда туғилган)–Гераклит замондоши. Платондан 30 ёшга кичик. Ксенофан–Парменид устози. Асосий асари–“Табиат ҳақида”, у “Пролог ва яна 2та қисмдан ташкил топган. “Ахиллес” прозаик асари йўқолган.
Пролог–бадиий–мифологик дунёқараш меваси. Асосий дунёни ҳаракатлантирувчи куч-логос. Худо Парменидни руҳини дадил қилишга чақиради. Хақиқатнинг 2 та чораги бор” бири-мукаммал ҳақиқат чораги, иккинчиси-оддий одамларнинг ишончли бўлмаган фикрлари. Шунга мувофиқ ҳолда у Пролог поэмасининг 2 та қисмини “Ҳақиқат йўли”, “Оддий фикр йўли” деб атайди.
“Хақиқат йўли”да 2 та масала: борлиқ ва ноборлиқ, борлиқ ва тафаккур масалалари муҳокама этилади. Ҳар иккала масала, Дине (адолат худоси) нинг таъкидлашича, фақат ақл билан ҳал этилиши мумкин. Ақл хатолашишдан холи эмас. Ҳақиқат йўлида у турли тузоқларга тушиб қолиши мумкин. Агар шундай бўлса, у нотўғри йўлдан кетиб қолади ва ҳақиқатга эриша олмайди. Ана шу йўллардан бири “ноборлиқни тан олишга етаклайди: агар ноборлик бор десак, у зарурий тарзда мавжуд бўлади”. Иккинчи хато–борлиқ ва ноборлиқни айнан бир хил нарса деб билишда, тафаккурнинг бош қонуни-уйда зиддиятнинг тақиқланиши. Парменид ўз асарида ноборлиқнинг йўқлигини исботлашга уринади. Унингча ноборлиқ мавжуд эмас, чунки “ноборлиқни билиш ҳам, уни тилда сўзлар орқали ифодалаш ҳам мумкин эмас”. Парменид фикрлаш ва сўзда ифодалаш мумкин бўлган нарсани тан олади. У ёзади: “тафаккур ва борлиқ бир нарсадир”. Фикр фақат ўз предметига эга бўлсагина фикр, предмет фақат фикрлансагина предмет бўла олади. Ноборлиқ, юқорида айтилганидек, шунинг учун ҳам мавжуд эмасми, уни фикрлаб бўлмайди. Парменид, фикрича ноборлиқ мавжуд бўлмаса, борлиқ ягона ва ҳаракатсиз, деган метафизик хулосага келади.
Фикрга эга бўлиш йўли оддий одамлар фикр – мулоҳазаларидан иборат бўлиб, кўринмайдиган дунёларни фарқлайди, улар борлиқ ва ноборлиқ эмас. Бу ҳар иккала олам алдаб қўядиган сўзлар предмети, “объекти”. Оламнинг бундай физикавий манзараси диалектик табиатга эга, лекин у ҳақиқат эмас.
Зенон (эр.авв. 5 асрнинг олтмишинчи йилларида туғилган) – Параменид шогирди. Зенон тирания билан курашда “буюк одамнинг қўрқоқ бўлиши уят” деган фикрни асослашга уриниб, ҳалок бўлган (Плутарх фикри). Унинг кўпсонли асарларидан (“Баҳслар”, “Файласуфларга қарши”, “Табиат ҳақида”) бир қанча фрагментлар сақланган, халос.
Аристотель 3енонни диалектика ихтирочиси деб атайди. Бу субъектив диалектика–диалектик тарзда баҳс юритиши ва мулоҳазалар билдириш санъати, рақибнинг фикрини рад этиш ва эътироз билдириш орқали уни қийин аҳволга солиб қўйиш санъатидир. (Плутарх сўзлари). Антик демократия шароитида баҳс юритиш ва ишонтириш санъати муҳим ҳаётий эҳтиёж бўлган. Шунинг учун ҳам зенон баҳс юритиш, эристика санъатига ўргатиб, катта пул ишлаш имконига эга бўлган ва бу билан софистларга намуна бўлган. Бу дилектика унинг апорияларида ўз аксини топган. Зенон апориялари бизгача Аристотель “Физика”си орқали етиб келган. Кейинчалик улар “Дихотомия”, “Ахиллес ва тошбоқа”, “Ёй” ва “Стадион” деган ном олган.
“Дихотомия” апорияси: ҳаракат бошланиши мумкин эмас, чунки ҳаракатланувчи предмет йўлнинг охирига етиб боришидан аввал, унинг ярмини босиб ўтиши керак; ярмини босиб ўтиши учун, ўз навбатида, унинг ҳам ярмини босиб ўтиши зарур ва шу тариқа чексиз ҳаракатланиш керак; яъни бир нуқтадан иккинчи нуқтага ўтиши учун чексиз нуқталарни босиб ўтиши зарур, бу эса мумкин эмас. Бошқача айтганда, чекланган вақт давомида чексиз масофани босиб ўтиб бўлмайди. Бу фазо атомар кўринишига эга дегани эмасми?
Ахиллес: бу апорияга кўра вақт чексиз давомийликка эга бўлса, унда жисм чекланган масофани босиб ўта олмайди ва ҳаракат ҳеч қачон тугамайди. Вақт тугамас экан, Ахиллес тошбақанинг орқасидан югураверади. Вақт тугаши билан Ахиллес ҳам, тошбақа ҳам ҳаракатдан тўхтайди.
Ёй апорияси: макон ва вақт бирликда олинганда ҳам ҳаракат мавжуд бўлмайди. Ҳаракатланувчи ёй сукунатда ёки ҳаракатда бўлса-ю, жисм ўз кўламига тенг маконни эгалламаса, унда ҳаракатланувчи ёй сокинликда бўлади. Ҳаракатдаги ёй ҳар дақиқадаги ҳаракат чоғида ўз ҳажмига тенг кўламда эга бўлган ҳолда ҳам ҳаракат қилмайди, чунки ёйнинг ҳаракати сокинликдаги дақиқалардан иборат.
Стадион: ички жисм бир бирига қарама қарши нуқтадан ҳаракат қила туриб, ҳаракатсиз жисм ёнидан ўтиб учрашиши керак. Бу бир бирига қарама қарши жисмлар бир хил тезликда-бири мусобақа бошланадиган жойнинг бошидан бошланса, иккинчиси ўртасидан, учинчисининг ҳаракати стадионнинг охиридан бошланади. Учта жисм бир бири билан учрашганда маълум бўладики, бу ҳаракатдаги икки жисмнин тезлиги икки ҳил бўлади ва улар иккинчи масофанинг ярмисини босиб ўтади135.
Do'stlaringiz bilan baham: |