Космогонияси. Апейрон субстанциал асосгина бўлиб қолмасдан, балки Космоснинг генетик асоси ҳамдир. У нарсаларнинг асосини ташкил қилибгина қолмай, уларни яратади ҳам. Анаксимандр космогонияси мифологиядаги теологиядан фарқ қилади. Апейрон барча нарсани ўзидан (худодан эмас) келтириб чиқаради. Айланма ҳаракатда бўлиб, у хўл ва қуруқ, совуқ ва иссиқни ажратиб туради. Уларнинг жуфт комбинациялари ерни (қуруқ ва совуқ), сувни (хўл ва совуқ), ҳавони (ҳўл ва иссиқ), оловни (қуруқ ва иссиқ) ҳосил қилади. Ундан кейин марказда энг оғир нарса сифатида ер, унинг атрофида сув, ҳаво ва олов таъсирида мавжуддирлар. Осмондаги ҳаво таъсирида сувнинг бир қисми буғланади ва ер қисман океандан юқорига чиқиб қолади. Шу тариқа қуруқлик пайдо бўлади. Осмон сфераси учта ҳалқага ажралиб кетади, улар ҳаво билан ўралади. Бу ҳалқаларни ғилдиракнинг чамбарагига, жиягига ўхшатиш мумкин (ёки олов билан тўлдирилган шинага ўхшатса бўлади). Қуйи жиякда, хошияда кўплаб тешиклар бор бўлиб, улар орқали ичидаги оловни кўриш мумкин – булар юлдузлардир. Ўрта жиякда битта тешик бор – бу Ойдир. Юқори тешикда ҳам битта тешик бор–у Қуёшдир. Тешиклар тўла ёки қисман ёпилиши мумкин, унинг натижасида қуёш ёки ой тутилиши содир бўлади. Мазкур жияклар Ер атрофида айланади. Улар билан бирга тешиклар ҳам айланади. Юлдузлар, Ой ва Қуёш ҳаракатини ана шундай тушунтиради. Анаксимандр космогониясининг ижобий томонлари нимада дуган саволга қуйидагича жавоб бериш мумкин:
космос элементлари, табиат ҳосил бўлишида худолар иштирок этмайди;
унда оламнинг ҳиссий манзарасидан воз кечилади. Оламнинг ички моҳияти ва унинг бизга намоён бўлиши фарқланади. Биз юлдуз, Ой ва Қуёшни кўрамиз, лекин уларнинг хошияси, жиягини кўра олмаймиз.
Ҳаётнинг келиб чиқишини Анаксимандр қуйидагича тушунтиради: тирик мавжудот денгиз ва қуруқлик орасида осмон олови таъсири остида пайдо бўлган. Дастлабки тирик организмлар денгизда яшаган. Кейин уларнинг бир қисми қуруқликка чиқишган. Денгиз ҳайвонидан инсон келиб чиққан. Хусусан инсон бирорта улкан балиқ ичида пайдо бўлиб, у ерда улғайганича яшаган ва кейин қуруқликка чиққан (чақалоқ ҳолида чиққанида яшаб кета олмас эди).
Диалектик ва материалистик қарашлари. Анаксимандрнинг материалистик монизми қадимги грекларнинг ўзини лол қолдирган. Плутарх (аниқроғи Псевдоплутарх) таъкидлайди: “Анаксимандр айтадики, апейрон – туғилиш ва ўлишнинг ягона сабаби”. Христиан теологи Августин фикрича, Анаксимандр “илоҳий ақлга ҳеч қандай ўрин қолдирмади”. Диалектик таълимоти апейроннинг абадий ҳаракати, ундан қарама-қарши кучларнинг ажралиб чиқиши (иссиқ-совуқ, ҳўл-қуруқ), тўртта стихиянинг улардан ҳосил бўлиши, тирик табиатнинг нотирик табиатдан келиб чиқиши тўғрисидаги эволюцион қарашларида ўз ифодасини топган.
Эсхатология(эсхатос–чеккадагиси.охири)–дунёнинг охири тўғрисидаги таълимот. Анаксимандрнинг сақланиб қолган фрагментида ёзилади: барча нарсаларнинг туғилиши нимадан бўлса, йўқолиши ҳам зарурий равишда шунга бориб тақалади. Адолатсизлик учун нарсалар бир-биридан вақт белгилаган тартиб бўйича қасос оладилар.
Олим сифатида Анаксимандр “гномон”–Шарқда аввал элементар қуёш соатлари деб аталган нарсани киритди. Бу горизонтал майдонда қўйилган белгилар устида вертикал тарзда турган стержен бўлиб, вақт соянинг йўналишига қараб белгиланган. Энг қисқа соя–ёздаги кун ўртасида Қуёшнинг туриш вақтини билдиради. Энг узун соя қишдаги кун ўртасида қуёшнинг туришига мос келади. Анаксимандр осмон сферасининг моделини – глобусни яратган, географик харитани чизган. Математика билан шуғулланган, “Геометриянинг умумий очерки”ни яратган.
Анаксимен–Анаксимандрнинг шогирди ва ишининг давомчиси. Устози сингари у ҳам олим бўлган. Уни биология ва математика масалалари қизиқтирмаган, кўпроқ астрономия ва метеорология соҳасига эътибор қаратган. У ҳам “Табиат ҳақида” номли асар ёзиб қолдирган. Устозидан фарқли ўлароқ, бутун мавжудотнинг бирламчи асосини тўртта стихиянинг энг сифатсизи бўлган ҳавода деб билади. Ҳаво чексиз, яъни апейрос. Апейрон–ҳаво хоссаси.
Космогонияси. Барча нарсалар ҳавонинг зичлашиши ва сийраклашиши асосида пайдо бўлади. Хусусан сийраклаша бориб, ҳаво аввал оловга, кейин эфирга айланади. Зичлаша, қуюқлқша бориб, шамолни, булутни, сувни, ерни ва тошларни пайдо қилади. Ҳавонинг сийраклашишини қизиши, қуюқлашишини совуши билан боғлаган. Бу албатта хато. Анаксимен фикрича, Қуёш – бу ўзининг тез ҳаракати туфайли ердан бўлинган парча. Ер ва осмон ёритгичлари ҳавода буғланади. Ер ҳаракатсиз, ёритгичлар ҳавонинг уйирма ҳаракати билан ҳаракатда бўладилар.
Психология ва атеизми. Ундан олдинги файласуфлар деярли жон тўғрисида гапиришмаган. Фалес жонни ўз-ўзидан ҳаракатдаги нарса деб тушунтирган. Магнит жонга эга, шунинг учун ҳам у темирни ўзига тортади деган. Анаксимен ҳавода ҳам моддий жисмларнинг, ҳам жоннинг ибтидосини кўрган. Худоларни ҳам у ҳаводан келтириб чиқарган. Демак, Худо–моддий субстанциянинг модификацияси.
Илмий фаразларининг баъзилари хақиқатга яқин. Масалан, дўлни булутдан тушиб келаётган сувнинг музлаши натижасида ҳосил бўлади деган. Агар унга ҳаво аралашса, қор ҳосил бўлади. Унинг фикрича, юлдузлар Ой ва Қуёшдан узоқроқда жойлашган (бу билан у Анаксимандр хатосини тузатган). Об-ҳавонинг ҳолатини Қуёш фаоллиги билан боғлаган.
Do'stlaringiz bilan baham: |