Космотеогонияси 12 та босқични ўз ичига олади:
1) бошланғич сув; 2) Геракл (бу қаҳрамон Геракл Зевс ўғли эмас); 3) эфир, эреб ва хаос; 4) “тухум”; 5) худо Фанес; 6) худо Нюкта; 7) Уран, Гея ва Понт худолари; 8) киклонлар, гекатонхейрлар ва титанлар; 9) Зевс; 10) Кора-Персефона; 11) Дионис Зевс ўғли; 12) инсон. Булар орфикларда теогониянинг космогония билан тартибсиз аралашиб кетганлигидан далолат беради.
Антропология масалалари. Инсонда икки хил бошланғич асос бор: қуйи-моддий, титаник ва юқори-маънавий, дионисийлик. Орфизмда дионисизм апполонлаштирилган. Гомерда ерли ҳаёт нариги дунёдаги ҳаётга нисбатан устунроқ деб ҳисобланса, орфикларда, аксинча, ҳаёт азоб-уқубатлардан иборат деб тушунтирилади. Жон танада тўла қадр-қимматга эга эмас. Ҳаётдан мақсад-жонни танадан қутқариш. Бу осон эмас, чунки жон бир танадан иккинчи танага кўчиб юришга маҳкум этилган (матемпсихоз), бунда таналар турли жониворларники ҳам бўлиши мумкин. Озод бўлгач, жон “ҳузур-ҳаловат ороли”га тушади. Орфиклар тирик мавжудотларни ўлдирмаганлар.
Орфизмнинг ижтимоий илдизлари тўғрисида турли хил фикрлар мавжуд. Хусусан, инглиз олими Томсон орфизмда қул онги намоён бўлади, деган фаразни илгари сурган. Қул танаси-қул эгаси мулки. Жони қул эгасини қизиқтирмайди. Шунинг учун ҳам қул беихтиёр ўз “мен”ини жони билан боғлайди.
Орфизмда фалсафа элементлари. Орфизмда оламнинг генетик манзараси тасвирланади. Баъзи фаразларга кўра (орфизмдаги) Гея ва Уран Ер ва осмон сифатида космик тухумдан пайдо бўлган. Орфизмда Зевс бутун дунёни қамраб олади ва ўзида жойлаштиради. Монопантеизм–монозевсизм–орфизмга хос хусусият.
Ферекид. У ё VII аср ўртаси, ё VI аср бошида яшаган (Сирос оролида). Ферекид бошланғич асос сифатида Зевсни қабул қилади. У баъзи худоларни айнанлаштириш йўли билан оламнинг мифологик манзарасини соддалаштиришга уринган. Хусусан, Зевсни ерга (яъни Геяга) олиб бориб тақайди, уларни Кронос (Хронос), яъни вақт билан боғлайди. У учта бошланғия асос: олов (эфир), ер (пассив элемент) ва вақтни (барча нарсалар вақтда пайдо бўлади) алоҳида ажратиб кўрсатади.
Космотеогония масалалари муҳокамасида Зевс Геяга Ерни тўй совғаси сифатида тақдим этади. Зевс ер ва океанни тўй чойшабга тўқиган (у даврларда шундай одат бор эди: келин ва куёв тўй чойшабларини алмашишган) ҳолда яратган. Кейин Хронос ҳаво, олов ва сувни яратган.
Ер, сув, ҳаво ва олов ўз навбатида, беш қисмга ажралиб кетади, улардан табиий нарсалар эмас, балки ғайритабиий мавжудотлар вужудга келади (масалан, ярим худо–қахрамонлар, руҳ-демонлар). Ферекид бошланғич асосни мангу мавжуд деб билади.
Антик фалсафанинг шаклланишида “етти донишманд” муҳим рол ўйнади. Етти сонининг муқаддаслаштирилиши фалсафагача бўлган даврга хос хусусият. Турли хил манбаларда “етти донишманд” рўйхати турли хил. Платоннинг “Протагор” диалогида қуйидагиларни ўқиймиз: “Бундай кишилар қаторига Фалес, Питтак, Биант, Солон, Клеобул, Мисон, Хилонлар киради”116.
“Етти донишманд” фанга ҳам, мифологияга ҳам тегишли эмас. Бу ерда фалсафанинг учинчи манбаи–кундалик онг мавжудлигини тахмин қилиш мумкин. “Етти донишманд” ҳаёт, турмуш долнишмандлигидан иборат.
“Етти донишманд”да кўпроқ ахлоқ-одобга тегишли фикрларни учратамиз, улар афоризмлар (гном) шаклида баён қилинган. Гном–турмуш донишмандлиги. Гномларнинг иккинчи тури–ахлоқий кўрсатмалардан баландроқ турадиган, дунёқараш мазмунга эга фикрлар. Масалан, “Ўз-ўзингни бил” ана шундай гномлардан. Гномнинг учинчи тури–Фалес гномлари. Унга, яъни Фалесга қуйидаги фикрлар тегишли деб айтилади: “Барча нарсалардан каттаси–фазо, чунки у барчасини ўзида қамраб олади”. “Барчадан кучлироқ нарса–зарурият, чунки у барча нарсалар устидан ҳукмронлик қилади”. “Барча нарсадан донороғи–вақт, чунки у барча нарсаларни кашф қилади”.
“Етти донишманд” афоризмларидан яна баъзи намуналар:
Фалес-ўзингни бил.
Солон-Ҳеч бир нарсани меъёридан оширма.
Клеобул-Меъёр–энг яхши нарса.
Биант-Ўз ўрнида гапир.
Хилон-Тилингнинг ақлдан олдинга ўтиб кетишига йўл қўйма.
Питтак-Ўз вақтингни бил.
Do'stlaringiz bilan baham: |