Таянч тушунчалар
Гомер мифологияси, Гесиод, беш авлод концепцияси, орфизм, “етти донишманд”, Ферекид, Прометей, Пандора.
Қадимги Юнонистонда фалсафанинг шаклланиши.
Милет мактаби фалсафий таълимоти.
Элладада (қадимги греклар ўзларини эллинлар деб аташган) фалсафа қулдорлик муносабатларининг шаклланиши билан боғлиқ ҳолда вужудга келди. Унда ер эгалари аристократиясига қарши ҳокимият учун курашаётган шаҳар саноат-савдо синфи дунёқараши ўз ифодасини топган. Элладада полислар (шаҳар-давлатлар) нинг вужудга келиши ва ривожланиши шаҳар маданиятининг тараққий этишига, шунингдек товар-пул муносабатларининг тараққиётига туртки берди. Сиёсий соҳада эса авторитар аристократик тузумдан бошланган демократик шаклларига ўтишга, шахс фаолиятининг кучайишига олиб келди. Фан ва маданиятнинг юксалиши фалсафанинг ривожи учун муҳим омил бўлди.
Эллада фалсфасининг вужудга келишида қадимги Шарқ маданияти, хусусан қадимги Миср ва Бобилда яратилган илмлар сезиларли рол ўйнади. Масалан, дастлабки грек файласуфлари Яқин Шарқдаги илм куртакларини ўзлаштирган ҳолда ижод қилганлар. Улар Афро-Осиё ҳисоблаш математикасини дедуктив фанга айлантиришган. Мана шу асосда греклар рационалистик дунёқараш ҳосил қилганлар. Энди вужудга келаётган антик фалсафа қуйидаги ижтимоий ҳодисаларни ўзида акс эттиради: қулчиликни асослаш, маънавий аристократизм, дедуктив фанларнинг унчалик юқори бўлмаган даражаси, экспериментал тадқиқотларнинг йўқлиги, аксарият фалсафий доктриналарнинг кузатувчанлик мушоҳадага асосланганлиги, уларнинг амалий ҳаёт билан боғлиқлигининг заиф бўлиши ва бошқалар. Булар антик фалсафа имкониятларини чегаралаган.
Шунинг билан бир қаторда антик фалсафа муайян ижобий ҳусусиятларга эга. Унинг муҳим ютуғи–оламнинг яхлит манзарасини, онтологик-космологик моделини яратишга интилишидир. Қадимги грек файласуфлари оламдаги турли-туман предмет ва ҳодисаларни ягона асосга келтириш, яъни уларнинг субстанциясини топиш йўли билан дунёнинг яхлит назарий манзарасини ҳосил қилганлар.
Бу ҳолат илк грек фалсафасининг асосий ҳусусиятларини аниқлашга имкон беради. Улар қуйидагилар:
Онтологизмнинг, яъни борлиқ тўғрисидаги таълимотнинг устуворлиги;
Натурфалсафий шаклда бўлиши.
Бу фан ва фалсафанинг етарли даражада ривожланмаганлиги сабабли уларнинг бир-биридан аниқ чегараланмаганлиги натижасидир. Мана шу сабабларга кўра илк грек фалсафасининг асосий тушунчаларидан бири табиат (космос), ҳарактерли хусусияти–космоцентризм деб аталади.
Қадимги грек фалсафасини ўрганиш учун манбалар:
Диоген Лаэрций, Платон, Аристотел ва бошқалар асарлари
“Иония–Грециянинг бошланиши ва Осиёнинг охири”. Эр.авв. VIII-VII асрларда Иония Эгей дунёсининг илғор қисми бўлган. У Кичик Осиё ярим оролининг ғарбий қирғоғида жойлашган. 12та мустақил полислардан ташкил топган: Милет, Эфес, Клазомен ва бошқалар. Иония – эпик поэзия ватани. Гомер Иониялик бўлган. Иония лирика ватани ҳамдир. Биринчи логографлар (“сўз ёзувчилар”) ва биринчи тарихчилар ҳам ионияликлар. Улар орасида географ Гекатей Милетский, тарихчи Геродотлар бор.
Форсийлар Иониянинг 200 йиллик маданиятининг гуллаб яшнашига чек қўйдилар. Мил. авв 496-йилда ионияликлар қўзғалони бостирилди, Милет вайрон бўлди. Лекин шунга қарамай Иониядан юксак ақл соҳиблари етишиб чиқди: Галикарнасдан Геродот, Клазоликдан Анаксагор, Милетдан Архелай, Эвбумед, эҳтимол Левкипп ҳам, Сомос оролидан Пифогордан кейин Мелисс, Эпикур, Аристарх.
Иония фалсафаси–олдфалсафа. Унинг учун стихияли материализм, содда диалектика, дастлабки идеализм элементлари, мифологик образларнинг кўплиги, антропоморфизм элементлари, пантеизм, соф фалсафий терминларнинг йўқлиги, физикавий жараёнларни ахлоқий масалалар контекстида ҳал этиш кабилар хосдир. Маълум бир маънода антик фалсафа этика тарзида вужудга келган деб айтиш мумкин. Лекин шунга қарамасдан Иония фалсафасини асл маънодаги фалсафа деб айтиш мумкин, чунки дастлабки мутаффаккирлар оламнинг бошланғич асосини субстанция тарзида тушунишга уринишган, у рационал кўринишда бўлган ва системага солинган. Сув, ер, ҳаво, олов, логос, зарурият–булар мифологиядан тозаланган, тушунчалар даражасига етай деб қолган образлардир.
Do'stlaringiz bilan baham: |