Даосларнинг ахлоқий идеали. Шенженъ (етук донишманд)-даосларнинг ахлоқий идеали бўлиб, у конфуцийчиларнинг идеали-“яхши эркак” (Цзюнъ- цзи)га қарама-қарши қўйилади. Даослар конфуцийчилар ахлоқий қадриятларини: инсонни севиш, адолат, донишмандлик, фарзанднинг отага ҳурмати, ота меҳри кабиларни рад этадилар. Олий даоли одам, яъни (Шин-жин) хайрли ишларни қилишга интилмайди, шунинг учун у фозилдир. У номсиз “дао”га ўхшайди. Унинг асосий сифати-фаолиятсизлик, ахир олий даоли одам фаолиятсиз-ку; у дао сингари курашмайди, лекин ғолиб кела олади.
Ҳаракат содир этмаслик принципини даослар бошқарув концепциясининг асосига қўядилар. Етук донишманд бошқарувчи барчага ўзининг табиий йўли билан-дао билан юришга имкон беради. У ҳеч нарсага аралашмайди, даога халақит бермайди. Шунинг учун ҳам энг яхши ҳоқон халқ фақат унинг мавжуд эканлигина биладиган ҳоқондир. Ҳукумат тинч бўлса, халқ соддадил бўлади. Ҳукумат фаолият кўрсатса, халқ бахтсиз бўлади.
Ҳақиқий ҳукмдор, “дао”га тақлид қилгани ҳолда, ҳамманинг олдида юради ва ўзини ҳаммадан пастга қўяди.
Даосларнинг ижтимоий идеали. Даослар “дао”нинг моҳиятини маданиятдан йироқда туришда деб биладилар. Қадимда “дао”га эргашган одамлар халққа маърифат нурини сочмаганлар. Халқ билимдон бўлса, уни бошқариш қийин. Ана шунинг учун ҳам халқни билим ёрдамида бошқариш мамлакатни бахтсизликка олиб келади. Ибтидоий даврга қайтиш зарурлиги уқтирилади.
Даослар фикрича, давлат кичик ва камсонли аҳолига эга бўлиши керак; одамлар бир жойдан бошқа жойга кўчиб юрмаслиги керак. Ҳеч ким бошқа давлатга бориши керак эмас. Қўшни давлатлар фақат бир-бирига разм солиб туришсин, ўзаро товуқлар қичқириши ва итлар увлашини эшитиб турсинлар; инсонлар қариб-чириб ўлгунча бир-бирига бориб келмасинлар. Бундай давлатларда халқ ейдиган тоам мазали, кийими чиройли, уй-жойи қулай, ҳаёти мазмунлидир.
“Дао” йўли-тинчлик йўли. “Яхши қўшин-бахтсизликни келтириб чиқарувчи восита”. “Ғалаба нашидасини суриш-бу одамларни ўлдиришдан қувониш демакдир”115.
Юқоридагилардан маълум бўладики, даосизмда қонуният тарзида тушунилган дао оламнинг бирламчи асоси, субстанциядир. Конфуцийлар ва моизм тарафдорлари учун бирламчи бўлган осмон, даослар учун иккиламчидир (даога нисбатан, албатта). Ер осмонга нисбатан иккиламчи. Инсон ерга нисбатан иккиламчи. Шундай қилиб, “инсон ер қонунларига, ер осмон қонунларига, осмон “дао” қонуларига, дао эса ўз-ўзига бўйсунади”. Етук донишманднинг даоси-бу курашсиз, аммо қонунга бўйсинувчи амалдир. Қонунчилар (легистлар) Қадимги Хитой фалсафаси ривожига, айниқса унинг жамият ҳақидаги таълимотига жиддий таъсир кўрсатган мутаффакирлардир. Қонунчилар кофуцийчиларнинг “ли” маросимига “фа” қонунини қарама-қарши қўйдилар ва ишонтириш методидан бутунлай воз кечдилар, яъни улар ахлоқий мажбурлашдан воз кечиб, қонун асосида зўрлаш ва жазолашга ундадилар. Улар виждонни қурол билан алмаштирдилар. Давлатни катта бир оила деб билиш давлат қалбсиз механизмдир деган тасаввур билан алмашди. Фозил донишмандлар ўрнини мансабдорлар эгаллашди. Ҳукмдор-халқ йўлбошчиси ўрнини ўзини аждодлардан, халқдан, осмондан юқори қўядиган деспот эгаллади. Бош мақсад ҳокимият учун курашда ғалаба қозониш, осмон таги ҳукмдорлигини ҳамда Хитойни бирлаштириш бўлди. Мана шунинг учун барча ортиқча нарсалар ҳаётдан қувиб чиқарилди, санъат йўқ қилинди, турлича фикрлаш таъқиб қилинди, фалсафа йўқотилди. Қонунчилар давлат қудратининг иқтисодий асосини деҳқончиликда деб билдилар, ҳунармандчилик ва савдо камситилди. Деҳқончилик ва уруш-давлат таянадиган ва шуни деб яшайдиган нарсалардир, деб уқтиришди.
Қонунчиларнинг қарашларидаги ижобий томон шундаки, улар тенг имкониятлар концепциясини илгари сурдилар. Унга мувофиқ, давлат лавозимлари қобилятга қараб эгалланиши зарур, улар наслдан наслга ўтмаслиги керак.
Шан Ян. У қонунчи-амалиётчидир. Эрамизга қадар IV-асрда Цинь ҳоқонлигида хукмдор маслаҳатчиси сифатида фаолият кўрсатди. Унинг амалга оширган ислоҳотлари тарихга “Шан Ян ислоҳотлари” номи билан кирди. Экинзорларга хусусий мулкчилик жорий қилинди. Давлат бошқарувида бир-бирини сотиш(чақимчилик) системаси қарор топди. ”Шан Цзюн Шу” (“Шан вилояти ҳукмдори китоби”) Шан Ян номи билан боғлиқ.
“Анъаналар ва ихтирочилик”китоби Шан Яннинг конфуцийчилар билан мунозарасидан бошланади. Унда конфуцичиларнинг Цинь ҳукмдорини ихтирочилик билан шуғулланмасликка кўндиришга уринишлари, бой анъаналарга содиқликка чақиришларга оид фикрлар билдирилади. Шан Яннинг таъкидлашича, одамлар, жамият ўзгариб туради. Қадимда одамлар содда ва шунинг учун ҳам ҳалол бўлганлар, ҳозир эса, одамлар айёр ва шунинг учун ҳам бахтсиздирлар. Давлатнинг бошқариш методини танлашда асосий вазифадан келиб чиқиш лозим. Бу вазифа-Хитойни куч ишлатиш йўли билан бирлаштириш.
Шан Яннинг таъкидлашича, олийжоноблик ва инсонпарварлик-нотўғри ҳатти-ҳаракат содир этишнинг онаси. Ҳақиқий фозил инсоннинг келиб чиқиши жазодандир. Тартибсизлик келиб чиқмасдан аввал тартиб ўрнатиш учун қуйидагилар бўлиши зарур: 1) давлатда кўп жазо, кам мукофат бўлиши керак; 2) аёвсиз жазолаш зарур; 3) кичик жиноятлар учун ҳам (масалан кўчада турган чироққа зарар етказган киши ўлим жазосига ҳукм қилиниши керак) аёвсиз жазолаш керакки, токи катта жиноятлар содир қилишга ҳеч ким журъат этмасин; 4) бир-биридан шубҳаланиш, бир-бирини таъқиб қилиш, бир-бирини сотиш вазиятини яратиш йўли билан одамларни бир-биридан ажратиш зарур. Фақат мана шу йўл билангина қудратли мамлакатни–халқ давлат қонунларидан қўрқадиган, урушда итоаткор, халқ ўз ҳоқони учун ўлимга борадиган мамлакатни барпо этиш мумкин.
Хань Фей-цзи-Чжань-Го даврининг таниқли файласуфи. У Сюнь- цзининг шогирди. Хань Фей-цзи фикрича, табиатни ўзгартириб бўлмайди, фақат жазолаш олдидан ундан чегараланиш мумкин. У фалсафий қарашларида даосизмга суянган.
Ҳоқон-“даонинг давладдаги гавдаланиши. Унинг қалби, юраги-“дао” макони.
Қадимги Хитойда муйян даражада натурфалсафа анъаналарининг шакллана борганини ҳам кузатиш мумкин. Буни биз қадимги Хитойнинг таниқли файласуфи деб ҳисобланадиган Сюнь-цзи (эр.авв. 298-238 йиллар) ижодида кўришимиз мумкин. Уни мавжуд адабиётларда кўп ҳолларда конфуциячилар мактаби ғоялари тарафдори деб аташади, лекин унинг қарашлари амалда конфуциячилик ва бошқа қадимги Хитой таълимотларидан жиддий фарқ қилади. Ана шунинг учун ҳам унинг дунёқараш позициясини Қадимги Хитой натурфалсафа мактаби вакиллариникига яқин деб айтсак бўлади. Хусусан, унда ижтимоий ахлоқий муаммоларни эмас, табиатни талқин қилиш масалалари устувордир. Сюнь – цзи Конфуцийнинг Осмоннинг олий мақсадга мувофиқ йўналтирувчи ирода эканлиги тўғрисидаги фикрини рад этади. Унингча, дастлаб осмон ва ер ҳозир қандай ҳолатда бўлса, шундай бўлган. Агар осмон ёруғлик сочмаганда, инсонлар чексиз ғам-аламларга дуч келган бўлишар эди. Осмонда доимийлик мавжуд. Унга кўр-кўрона таъзим қилгандан кўра, яхшироғи, эзгу амалларни бажариб, йўқ нарсаларни яратиб, табиатни бойитиб, осмонни ўзимизга “бўйсиндириш” яхшироқдир. Табиат доимий ҳаракатда, ўзгариб, янгиланиб туради. Хусусан, юлдузлар бир-бирининг орқасидан ҳаракатланади, қуёш ва ой ҳам худди шундай ҳаракатда бўлади, тўрт фасл алмашиб туради, инь ва ян ҳолатларида ҳам улкан ўзгаришлар содир бўлиб туради; барча жойда шамол эсади ва ёмғир ёғади. Уларнинг ўзаро мувофиқлиги, розилиги ила бутун мавжудот, борлиқ вужудга келади, улардан ўзининг юксалиши ва мукаммаллашуви учун зарур нарсаларни олади.
Лекин, одамлар бундай жараёнларнинг қандай содир бўлишини билмайдилар, фақат унинг натижасини кўрадилар, холос ва шунинг учун ҳам уларни осмон ифодаси билан эмас, руҳлар фаолияти билан боғлашади. Буюк дао барча нарсаларнинг пайдо бўлишига олиб келадиган ўзгаришлар, бошқа шаклга киришлар сабабидир.
Табиат ҳаракатидаги доимийлик, қонунийликни англаб, бошқарув ишларида ундан келиб чиқилса, инсонлар бахт-саодатга эришадилар. Агар бу қонунларга зид иш қилинса, тартибсизлик пайдо бўлади ва у ҳалокатга олиб келади.
Осмон, фаолият кўрсатмаган ҳолда, мукаммалаша боради; талаб қилмагани ҳолда, барча нарсага эришади. Тўғри, табиий дао чуқур маъно-мазмунга эга, лекин инсон у ҳақида турли, беъмани фаразларни суриши, унга муайян хусусиятларни “ёпиштирмаслиги” керак. Ана шундагина табиат сирлари рад этилмайди, аксича, унинг улуғворлиги эътироф этилади. Табиат моҳиятини англаб, унинг куч қудратини тўғри баҳолаганимиздагина, инсоннинг қандай пайдо бўлиши ва ўсиб-улғайишини тушунамиз. Инсон руҳияти унинг жисми, вужуди пайдо бўлганидан кейин рўёбга чиқади. Муҳаббат ва нафрат, қаноат ҳосил қилиши ва қаҳр-ғазаб, қувонч ва қайғу каби ҳис туйғулар инсон танаси ва қалбида яширинган. Улар табиий ҳис – туйғулар деб аталади. Инсон юраги танасининг ўртасидаги бўшлиқда жойлашган. У қулоқ, кўз, оғиз, бурун ва бошқа аъзоларни бошқариб туради. У табиий ҳоқондир.
Инсоният ўз эҳтиёжларини қондириш учун табиат предметларидан фойдаланади. Улар табиий озуқалар саналади. Сюнь-цзининг таъкидлашича, шу сабабли инсон юрагини, қалбини соф, вазминликда сақлаши зарур. Агар инсон нарсаларга бир томонлама ёндашса, унинг юраги, қалби ниманинг ҳақиқат, ниманинг ёлғон эканлигини аниқлай олмайди ва шу сабабли нарсалар ҳақида тўғри тасаввурга эга бўлмайди. Барча нарсаларни билиш – инсоннинг туғма қобиляти. Билиш эса-нарсаларга хос хусусият. Инсоннинг бир-бири билан боғланган тасаввурлари унинг ташқи предметлар билан туташуви натижаси бўлиб, билим ҳосил қилади. Қобилият, талант, касаллик, тақдир каби биз фойдаланадиган тушунчалар аввалги давр бошқарувчилари томонидан киритилган.
Юқорида биз кўриб чиққан таълимотлар Қадимги Хитой фалсафасида ижтимоий–фалсафий ва ахлоқий масалалар муҳокамасининг устуворлигини кўрсатади ва бу унинг ўзига хослигини ташкил этади.
Do'stlaringiz bilan baham: |